Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирлари учрашуви

20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирларининг биринчи учрашуви ўтказилди.

Тадбир аввалида иштирокчилар шаҳардаги хотира майдонида бўлиб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Учрашувда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон мудофаа вазирлари иштирок этди.

Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирларининг биринчи учрашувига Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов раислик қилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг учрашув қатнашчиларига мурожаатини Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов ўқиб эшиттирди.  

Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида кейинги йилларда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида яқин қўшнилик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатлар конструктив мулоқот ва стратегик шериклик даражасига кўтарилганини таъкидлаб, бу алоқалар ҳарбий мудофаа соҳасида ҳам изчил  ривожланиёб бораётганини қайд этган. Айниқса, бугун дунёда рўй бераётган глобал ўзгаришлар, халқаро ва минтақавий муаммолар, хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда мудофаа вазирликларининг ўзаро ҳамкорлиги жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Президентимиз иқлим ўзгариши муаммолари, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, транспорт логистика борасида юзага келаётган мураккаб халқаро масалаларга эътибор қаратиб, бу Марказий Осиё минтақаси учун долзарб эканлигини қайд этган. Мудофаа вазирлари учрашуви шу каби масалалар ечимида ҳам очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва биргаликда иш олиб боришда муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланган.

Учрашувда Марказий Осиёда минтақасида хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда халқаро терроризмга қарши ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янги босқичга кўтариш, манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Шу жиҳатдан мазкур учрашув натижалари кўп томонлама ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш билан бирга, замонавий шарт-шароитларда қўшинларнинг ўзаро тажриба алмашинувида ҳам муҳим аҳамият касб этиши табиий.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон сўнгги саккиз йилда халқаро ҳарбий ҳамкорлик йўналишида катта ютуқларга эришиб, кўплаб давлатлар билан ҳарбий ва ҳарбий-техник йўналишларда қатор келишувлар, замонавий билим ва тажриба алмашиш, ҳарбий соҳа бўйича шерикликни тубдан кенгайтириш, ҳамкорликда ҳарбий ўқувларни ўтказиш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасида қатор келишувларга эришди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов томонидан Марказий Осиё давлатлари мудофаа вазирларининг биринчи учрашуви баёни имзоланди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳамедов Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғиз Республикалари мудофаа вазирлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

[gallery-25809]

Мулоқотлар чоғида ҳарбий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, тажриба ва амалий билим алмашувини йўлга қўйиш, шунингдек, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар мамлакатлараро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро терроризмга қарши курашишда ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда давлатлар ўртасида ишончли ва барқарор ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш масалаларида келишувларга эришдилар.

Учрашув қатнашчилари учун Самарқанд шаҳридаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар бўйлаб саёҳат уюштирилди.  

21 октябрь куни Марказий ҳарбий округ “Каттақўрғон” полигонида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Озарбайжон мудофаа вазирликлари бўлинмалари иштирокида “Бирлик – 2025” минтақавий ўқув машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари