Марказга йўл “Инсон” бекатидан бошланади (+видео)
Яқинда Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасида янги – “Инсон” бекати пайдо бўлди. Бу мазкур кўча ёқасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси ва Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бинолари очилиши билан боғлиқ, албатта.
Бекат яқинида йўловчилар томонидан бошқариладиган, овозли светофор ўрнатилиб, ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратилди. Қулайлик фақатгина серқатнов кўчадан ўтиб-қайтишга имконият яратиш билан чекланмаган, яъни кўзи ожиз ёки ногиронлар аравачасида ҳаракатланадиган кишининг йўлдан ўтгач, махсус йўлаклар орқали марказ биносига кириши, ўзи учун керакли шуъбага ёки ходимга мурожаат қилишигача бўлган жараёнда мустақил ҳаракатланиши ҳисобга олинган. Эшик олдидаги пандус айрим бинолардаги каби номигагина ташкил этилмаган, аравачада бехавотир ҳаракатланиш мумкин. Махсус тактиль плиталар ва бошқа воситалар кўзи ожиз инсонлар ҳам бинога ҳамроҳсиз кириб-чиқа олишига имконият беради. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси янги марказга мос, халқаро стандартлар даражасида.
– Бу марказлар ташкил этилишининг ўзи имконияти чекланган, ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларнинг мушкулини осон қилиш, уларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган, – дейди Самарқанд шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази бош ижтимоий ходими Бахтиёр Исмоилов. – Буни одамлар марказга кириб келишданоқ ҳис қилиши учун халқаро талаблар даражасида шароит яратишга эътибор берилган.
Шу жиҳатдан бизнинг марказимиз намунали бинолардан бири ҳисобланади. Бинога кирган кишини ходим кутиб олиб, унинг нима масалада келгани билан қизиқади ва шу асосида электрон навбатдан ўтказиб, операторларга ёки зарур шуъбага мурожаат қилишга йўналтиради.
[gallery-17239]
Ногиронлиги бўлган шахсларга эса ходимларимиз ҳамроҳлик қилади. Оғир тоифадаги кишилар билан ишлаймиз, уларга алоҳида эътибор зарур. Шу жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда барча ходимларимиз махсус ўқув курсларида ўқитилган. Марказда катталар ва болалар психологи фаолияти йўлга қўйилган. Она ва бола хонаси бор, ота-оналар ўз юмушларини бажариб олгунларича болалар шу ерда ўйнаб туриши ёки дам олиши мумкин. Бундан ташқари, аноним хона ҳам ташкил этилганки, бу орқали фуқаролар марказ томонидан кўрсатилган хизмат сифати ёки ходимлар ишига баҳо бериши, керак бўлса, эътирозларини ёзиб қолдириши мумкин.
Айни пайтда марказда 25 нафар ходим фаолият кўрсатади. Ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш, катта ёшдаги ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва бошқа шуъбалар мавжуд. Бу бўлимлар орқали аҳолига 25 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Ҳозир кунига 150 нафаргача фуқаро марказ хизматларидан фойдаланмоқда.
Шаҳардаги 215 маҳаллага эса 64 нафар ижтимоий ходим бириктирилган ва улар маҳалладаги 12 тоифа аҳоли қатламига зарур ижтимоий ёрдам кўрсатади. Зарурат туғилса ёки мурожаатларга қараб, марказ ходимлари ҳам уларга ўз яшаш манзилларида хизмат кўрсатиши мумкин. Шунингдек, шаҳарда ўзгалар кўмагига муҳтож 300 нафардан ортиқ ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс рўйхатга олинган. Бу фуқароларга 33 нафар ижтимоий ассистент озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон харид қилиш ва етказиб бериш, уй-рўзғор юмушларига кўмаклашиш ва бошқа ишларда ёрдам кўрсатади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/whuipWPTVXY" title="Markazga yoʻl “Inson” bekatidan boshlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Марказ ташкил этилишидан аввал ногиронлиги бўлган шахслар ҳудудлардаги тиббий-меҳнат эксперт комиссияси кўригидан ўтишдан ташқари яна бир нечта идораларга кириб-чиқишига тўғри келарди, – дейди Самарқанд шаҳар 71-сон тиббий-меҳнат эксперт комиссияси раиси Ихтиёр Каримов. – Эндиликда ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш шуъбасига мурожаат қилиб, комиссия кўригидан ўтгач, ногиронлик хулосаси асосида марказнинг ўзида ижтимоий тўловлар бўлимида нафақа расмийлаштириб олишади. Бу жараёндаги барча саволлар, тушунмовчиликларга шу ерда ечим топилади. Бундан ташқари, протез-ортопедия воситалари бўйича мурожаатлар ҳам шу ерда қайд этилиб, онлайн рўйхатга киритиб қўйилади.
Вақти келганда эса бу воситалар шу ернинг ўзидан берилади ёки ижтимоий ходимлар томонидан етказилади. Маҳаллаларда ижтимоий ходимларнинг фаолият кўрсатиши ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг белгиланган муддатларда кўрикдан ўтиши ва бошқа муаммоларини тезкор ҳал этишга ёрдам бермоқда. Айни пайтда комиссиямиз таркибида уч нафар эксперт-шифокор ва 2 нафар ҳамшира фаолият олиб боради ва кунига 30-35 нафар мурожаатчи кўрикдан ўтказилиб, хулоса беряпмиз.
Умуман олганда, жорий йилдан республикамизнинг барча ҳудудларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг иш бошлаши ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишда янги даврни бошлади. Муҳими, бу борадаги ишлар қисқа вақт ичида такомиллашиб, қулайлик ва имкониятлар кенгайиб бормоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари