Марказда япон тили бўйича тест синовлар ўтказилмоқда
Андижон машинасозлик институти қошида фаолият олиб бораётган япон тилида тест имтиҳонларини қабул қилувчи NAT-TEST маркази фаолияти халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
– Марказимизда Японияга ишга, ўқишга борувчилар япон тилини қай даражада эгаллаганликлари бўйича тест имтиҳонлари топширади, – дейди марказ координатори Акмалжон Эрматов. – Тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганларга белгиланган мезонлардан келиб чиқиб, турли даражадаги сертификатлар тақдим этилади.
[gallery-13082]
Илғор ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда зарур барча жиҳозлар билан таъминлаган марказда япон тилини ўзлаштириш бўйича тест имтиҳонларини қабул қилиш жараёнлари билан боғлиқ ишлар юқори савияда, халқаро стандартлар талаблари даражасида олиб борилмоқда. Шу боис ҳам ўтган давр ичида марказ намунали фаолияти билан нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда эътиборга тушди.
Ҳозирга қадар марказда япон тилида имтиҳон топширган 1 минг 700 нафарга яқин кишига тегишли сертификатлар тақдим этилган. Сертификат олганларнинг кўпчилиги Япония давлатига ўқиш, ишлаш учун жўнаб кетган.
Марказда нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам тест имтиҳонларини топширишлари мумкин. Ҳозирга қадар марказда ўнлаб Қирғизистон Республикаси фуқаролари ҳам тест синовларига қатнашган.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото),
ЎзА