Марказда кулолчилик устахонаси ташкил этилди
Фарғона шаҳридаги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказида кулолчилик устахонаси ташкил этилиб, бу ерда яшовчиларга ҳунармандчиликнинг ушбу турини ўргатиш йўлга қўйилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси ташаббуси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасининг вилоят бошқармаси ёрдамида иш бошлаган устахонада таниқли уста кулол Абдусалом Маъмуров лой билан ишлаш бўйича маҳорат дарси ўтказди.

Ҳозир марказда яшовчи 10 нафар киши кулолчилик сир-асрорларини ўрганиш истагини билдирган. Келгусида улар сафи кенгайиши кутилмоқда.

Шу кунга қадар марказда аёллар учун каштачилик устахонаси фаолият кўрсатаётган эди ва яқин орада улар адрас тўқиш ҳунарини ҳам тўлиқ ўзлаштиришига зарур шарт-шароит яратилади.


Таъкидлаш лозим, марказда яшовчилардан бири Нодирахон Усмонова каштачилик санъатини пухта ўрганиб, 2023 йил якунида Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилган халқаро фестивалда қатнашган ва унинг маҳсулотлари дунё миқёсида эътироф этилган эди. Бу юртимиз тарихида ижтимоий муассасаларда яшовчиларнинг халқаро даражадаги биринчи ютуғи экани билан аҳамиятлидир.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири