Давлат раҳбарининг ташаббуси билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар туфайли Бухоро вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма юрак нуқсони билан туғилган болаларда мураккаб кардиохирургик операциялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу нафақат вилоят, балки бутун минтақа тиббиётидаги муҳим янгилик саналади.
Бундай операциялар Республика болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Илгари бундай беморлар бошқа вилоятларга ёки чет давлатларга боришга мажбур бўлса, эндиликда мазкур марказда даволаниш имкони яратилган.

– Марказда кардиохирургия бўлими ташкил этилган бўлиб, у ерда кардиожарроҳлар, анестезиологлар, перфузиологлар фаолият юритмоқда, –дейди марказ раҳбари Қ.Каримов. – Бу ерда халқаро стандартларга мос юқори технологик операциялар ўтказилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 5 000 дан ортиқ бола туғма юрак нуқсони билан туғилади, шундан, 700 нафарга яқини Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келади. Ҳозиргача марказда 120 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.