Марказда дастлаб мингта иш ўрни яратилади
Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Ободонлаштириш ойлиги” доирасида ҳашарлар ва улкан бунёдкорлик, жумладан қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Энг асосийси, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июндаги “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 июлдаги “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида вилоятда камбағалликка қарши курашиш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, бу ишларга тадбиркорлик субъектларини манфаатли ҳамкорлик асосида жалб қилиш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида вилоятнинг деярли ҳар бир шаҳар ва туманларида янги-янги корхоналар ташкил этилиб, янги иш ўринлари яратиляпти.
Дўстлик туманида “Dustlik mikro center” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) томонидан ташкил этилган “Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази” бунга яққол мисолдир.
Дўстлик туманидаги “Саноатчилар” маҳалла фуқаролар йиғини(МФЙ)даги 4-сектор ҳудудида жойлашган ушбу марказнинг умумий майдони 3 гектарни ташкил этади. Шундан 1,9 гектарини маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари эгаллайди. Технологик-ускуналар деярли 100 фоиз Хитой давлатидан олиб келиб ўрнатилган. Солиқлар ҳажми 10 миллиард сўмни ташкил этади.
– Марказимизда ҳар хил турдаги саноат маҳсулотлари, жумлдан, қурилиш материаллари, металга ишлов бериш, трикотаж маҳулотлари, қадоқланган сув, хуллас михдан тортиб, қурилиш плитасигача ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади, – дейди корхона раҳбари Элёр Холиқов. – Ушбу лойиҳанинг ташаббускор маблағ қиймати 5 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, республика акциядорлик тижорат “Агробанк” хизмат кўрсатувчи ҳисобланади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотларимизга ўзимизда талаб катта бўлганлиги учун маҳсулотларимизни ҳозирча ички бозорга сотишни режалаштирганмиз. Лекин, бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз, асосий мақсад, маҳсулотларимиз сифати, тури ва миқдорини янада ошириб, экспортбоп маҳсулот яратиш ва хориж бозорларига чиқиш.
[gallery-13190]
Микросаноат ва хизмат кўрсатиш марказида бир қатор янги лойиҳалар ишга тушади. Улардан бири 600 иш ўринли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Timlord trade claster” МЧЖ да туманнинг кўплаб хотин-қизлари ишли бўлади.
Яна бир эътиборли жиҳати марказда миллий ҳунармандчиликка ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Қуроқчилик, каштачилик, кулолчилик касб-кори орқали турли уй-рўзғор чинни ва сапол идишлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Биргина қуроқчилик цехида “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” Дастури доирасида 15 га яқин янги иш ўринлари яратилди. Чинни ва сопол буюмлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти тўлиқ йўлга қўйилиши билан 200 та янги иш ўрни яратилади.
Булардан ташқари, марказда мебель, салқин ичимликлар, чарм сумкалар, канцелярия ва хўжалик қоғозлари, кўрпа-ёстиқлар ҳамда мих, эшик-дераза ромлари, девор ва шифт безаклари, газоблок, пеноблок, цементоблок ғиштлари ва бошқа яна ўнлаб турдаги қурилиш маҳсулотлари тайёрланади.
Марказда дастлабки босқичнинг ўзида мингта иш ўрни яратилади. Асосан ижтимоий дафтарлар рўйхатга олинган ёшлар ва аёллар касбга ўқитилиб, ишга қабул қилинмоқда.
Бугунга келиб марказда бунёдкорлик ишлари деярли якунланиб, саноат лойиҳаларининг аксарияти фаолиятини бошлаб юборган.
Дўстлик туманидаги “Микросаноат ва хизмат кўрсатиш маркази”га уюштирган хизмат сафаримиз давомида оддий журналист сифатида – марказ ҳали фаолиятини янада кенгайтириб, маҳсулот тури, сифати миқдорини янада ошириб, иш ўринлари сонини яна 1 мингтагача кўпайтириш қувватига эга экан, деган хулосага келдик.
Ҳалол меҳнат ортидан, ҳолол бойлик топиб, бола-чақа боқиб, 5-10 танга ортиқча топиб, юрт равнақи, халқ фаравонлиги, мамлакат ободлигига ҳисса қўшган, бева-бечора, етим-есирни бошини силаган, 20-30 та бекорчини ишли қилиб, қора қозони қайнашига, бола-чақасини боқишига имконият яратиб берган кишининг икки дунёси обод бўлади. Бундай инсонлар эса Жиззахда талайгина, улар ҳақида ҳам навбатдаги мақолаларимизда, албатта тўхталаб ўтамиз.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА