“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!”
Юртбошимиз ташаббуси билан жамоатчиликка, аввало ёшларга тарбиявий таъсир ўтказа оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил этилганига 2 йил тўлди.
Бухоро вилоятида айни дамда “Оқила аёллар ҳаракати” аъзолари сони 8605 нафарни ташкил этиб, хотин-қизлар ҳаётининг барча жабҳаларида турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. “Оила – маънавият қўрғони”, "Фаровон оила– фаровон жамият негизи”, “Оилавий қадриятлар – мустаҳкам оила пойдевори” номли тарғибот дастурлари ишлаб чиқилган.
Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ташкил этилган тадбирда ана шулар ҳақида сўз борди. Унда оила ва хотин – қизлар бошқармаси масъуллари, маънавий – маърифий соҳа вакиллари ҳамда ҳаракат аъзолари иштирок этди. Вилоят оила ва хотин қизлар бошқармаси ҳузуридаги “Оқила аёллар” ҳаракати фаолияти, олиб борилган мақсадли иш жараёнлари, ўзаро ҳамкорликдаги вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан қўлга киритилган салмоқли натижалар вилоят ҳокимлиги вакиллари, салоҳиятли, фаол, олима, ижодкор аёллар билан бирга ўзаро мулоқотлар асносида таҳлил этилди.
–Ҳаракатнинг асосий йўналишлари бўйича маҳаллада “хонадонбай” манзилли чора - тадбирлар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди, –дейди вилоят “Оқила аёллар ҳаракати” раҳбари Ҳафиза Ортиқова. –Оила ва хотин - қизлар бошқармаси ҳамкорлигида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрланиб, фаол ташаббускор аёллар ҳамжиҳатликда иш олиб борди. Зеро, мамлакатимиз раҳбари эътироф этганларидек, “Бу ҳаракат том маънода маҳалланинг виждонига айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди. Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш, жамиятда янги маънавий макон яратиш ҳақида гапирар эканмиз, бу ишларни оила, оналар маънавияти билан узвий амалга оширишимиз зарур”.
[gallery-18686]
Дарҳақиқат, ҳали олдинда бу тизим бўйича амалга ошириладиган вазифалар салмоғи жуда кенг. Мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадларни сингдириш барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир. Тадбир давомида ана шу эзгу йўлда фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ ҳаракат аъзоларига ташкилотчилар томонидан ташаккурномалар топширилди.
Вилоятнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги тароналар барчага байрамона завқ улашди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари