Маърифат йўлидаги ҳамкорликнинг янги уфқлари
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази: истиқболдаги режалар” мавзусида халқаро онлайн анжуман ташкил этилди.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларнинг ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг илмий-маънавий меросини кенг жамоатчиликка етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.
Ақида ва калом илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда олинган натижалар асосида қомуслар, каталоглар, китоблар ва халқчил рисолаларни тайёрлаш ва нашр этиш, ислом илмлари, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтиришда ушбу марказнинг ўрни ўзига хос бўлмоқда. Шу билан бирга юртимизда ва хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларнинг калом илмига оид меросини тўплаш ва келажак авлодга етказишга катта эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини илмий асосда ўрганиш, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини ўзбек халқига ва халқаро жамоатчиликка етказишга ҳам эътибор берилмоқда.
Марказ фаолиятини халқаро жамоатчиликка кенг тарғиб қилиш, халқаро илмий-тадқиқот муассасалари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, жаҳоннинг етук олимлари билан тажриба алмашинувни ташкил этиш, Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси ҳамда мотуридийлик таълимоти асосларини жаҳонга танитиш мазкур анжуманнинг асосий мақсадини ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Қосимов, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Тоййиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (IСESCO) бош директори Салим ал-Малик, Ал-Азҳар ислом тадқиқотлари академияси бош котиби доктор Назир Муҳаммад Айяд, Туркиянинг Диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбаш, Ибн Халдун университети президенти Ражаб Шентурк каби нуфузли олим, давлат ва жамоат арбоблари бугунги глобаллашув даврида илм-маърифатга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан кучли эканини таъкидлади.
Тадбирда Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва халқаро жамоатчиликка тарғиб қилиш шарафли ҳамда масъулиятли вазифа экани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Шунингдек, тадбирда Миср, Марокаш, Иордания, Туркия, Покистон, Германия, Босния ва Герцоговина, Россия, Афғонистон, Малайзия, Индонезия, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Мавритания, Тунис, Ҳиндистон, Бруней ва Австрия каби мамлакатлардан 50 дан зиёд соҳа вакиллари, илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари қатнашди.
Иштирокчилар глобаллашув жараёнида намоён бўлаётган мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаб, ушбу йўналишда ахборот ва тажриба алмашинуви, ислом дини ниқоби остида фаолият кўрсатаётган оқимларнинг деструктив ғоялари тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини ташкил этиш борасида келгусида амалга ошириладиган ишлар режасини ҳам муҳокама қилишди.
Анжуман сўнгида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом олами халқаро ташкилоти (IСESCO) билан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун англашув меморондуми имзоланди.
Айни вақтда ислом олами Имом Мотуридийнинг илмий меросини тарғиб қиладиган шундай илмий марказга эҳтиёж сезаётганлиги, Ўзбекистон бу соҳада катта тажрибага эгалиги алоҳида қайд этилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
маркази матбуот хизмати.