“Маърифат улашиб” тадбирлари мазмунли ўтди
Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нурбой Жабборов, Ахтамқул Каримов, Наби Жалолиддин ва иштирокчиларнинг олий ўқув юртининг “Янги Ўзбекистон” боғи яқинида қад ростлаётган янги бино ҳудудига кўчат экиши билан бошланди.

Улуғ маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат ҳайкали пойига гуллар қўйилди. Институт ректори, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Ривожиддин Каримов шарқ ва ғарб тиллари билимдони бўлган Ибрат сиймоси ёнида кечган суҳбат давомида жадидчилик ҳаракатлари, юрт озодлиги йўлида амалга оширган ишлари ҳамда Исҳоқхон Тўранинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган хайрли ишлар самаралари ҳақида тўхталди.
Туман маданият марказида ташкил қилинган “Замондош ижодкор билан бир кун…” дастуридан ўрин олган “Ижодкор ва ёшлар” учрашуви юқори савияда ўтди. Адабий кеча меҳмонлари иштирокида кечган давра суҳбатида ижодкорлар адабиётнинг буюк кучи, қалам қудрати, сўз сеҳри борасида тўлқинланиб гапирди. Бу оламга кириб келишдан то ижодий етуклик даврига қадар босиб ўтилган мазмунли ҳаёт йўлига тўхталиб, шеърий ва бадиий парчалардан намуналар ўқилди.


Талаба-ёшлар учун ушбу учрашув маҳорат дарси сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Шу маънода, ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, мазмунли жавобларни ҳам олдилар. Тадбир сўнггида адиблар талабаларга ўз китобларидан улашдилар.
“Исҳоқхон Ибрат – қатағон қурбонлари хотираси” музейида адиблар ва ёшлар ўртасида самимий суҳбат бўлиб ўтди. Хусусан, профессор Нурбой Жабборов Ибрат ижодига тўхталаркан, улар яшаб ижод қилган давр билан бугунги дориломон кунларни қиёслаб, алломанинг ёшларга ибрат бўларли томонларига алоҳида эътибор қаратди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири