“Маърифат карвони” тадбирлари Оролбўйида давом эттирилди
“Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида ташкил этилган “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари Оролбўйида давом этди.
Жумладан, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида илмий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди. Дастлаб Ислом цивилизацияси марказининг мега лойиҳалари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этишга йўналтирилган семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари, ушбу марказ лойиҳаларига бириктирилган ҳудудлардаги масъул олимлар, лойиҳанинг илмий раҳбарлари, мутахассислар, “Маърифат” тарғиботчилари жамиятининг аъзолари, профессор-ўқитувчилар, докторант, магистрант ҳамда талабалар иштирок этди.
Тадбир доирасида Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган илмий-маърифий конференция ҳам ташкил этилди.
Унда педагогика фанлари доктори, профессор Раҳимбой Жуманиёзов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Қабил Мамбетов бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан фикр юритишди.
[gallery-23726]
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келишмоқда. Турли миллат ва дин вакиллари ҳар қандай тажовуздан холи бўлиб, уларнинг ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари жамият барқарорлигининг муҳим кўрсаткичларидан саналади.
Ўзбекистонда ислом маърифатини тарқатиш, ўтмишдаги аждодларнинг бой маънавий мероси устида янада чуқурроқ ўрганишлар олиб бориш диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан саналади. Бу борада Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши, Имом Бухорий ва Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилиши тарихий аҳамият касб этади.
Тадбир иштирокчиларига “Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғ” шиори остида “Тирик тарих” лойиҳаси доирасида миллий фильмлар намойиш этилди.
Шунингдек, “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари давомида Қорақалпоғистон тиббиёт институтида “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” илмий-маърифий форуми, Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида иқтидорли ёшлар, магистрант, докторантлар, маҳалла фаоллари, “Эл-юрт умиди” стипендиатлари иштирокида “Ижтимоий ғоялар форуми” мулоқот учрашуви ҳамда бошқа тадбирлар бўлиб ўтди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА