Ватанимиз тарихидаги 14 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1429 йил (бундан 596 йил олдин) – тарихчи Фасиҳ Аҳмад Хавофийнинг қайд этишича, темурийлар ҳукмдори Шохруҳ Мирзо Бистомда тасаввуф шайхи Шайх Абулҳасан Харақоний мозорини зиёрат қилди. Абулҳасан Харақоний ўнинчи асрнинг иккинчи ярмида туғилиб, 1034 йилда вафот этган. Абусаид Абулхайр, Абу Али ибн Сино, Носир Хусрав, ҳатто Султон Маҳмуд Ғазнавий уни зиёрат қилиб, файзли суҳбатидан баҳраманд бўлишган. Абусаид Абулхайр унинг хонақоҳида олти ой қолиб кетиб: “Мен оддий ғишт эдим, Харақонга боргач, гавҳар бўлиб қайтдим”, деб лутф этади. Харақонийнинг ҳаёти ва фаолиятига оид маълумотлар, ҳикматли сўзлари ва шеърларидан намуналар шайхнинг шогирдлари томонидан тартиб берилган “Нур ул-улум” (“Илмлар нури”) китобида жамланган.
1899 йил (бундан 126 йил олдин) – Тошкент суд палатаси ва округ судининг тантанали очилиш маросими бўлди. Тошкент суд палатаси Россия империясининг 14-палатаси бўлиб, у Туркистон ўлкасининг барча суд органлари фаолиятини бошқарар ва назорат килар эди.
1905 йил (бундан 120 йил олдин) – Уйғун тахаллуси билан ижод қилган Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси Раҳматулла Отақўзиев таваллуд топди (вафоти 1990 йил). У 1939 йилда яратилган биринчи ўзбек балети – “Гуландом” либреттоси муаллифи ҳисобланади.
Уйғун 1942 йилда Иззат Султон билан ҳамкорликда улуғ ўзбек шоирининг 500 йиллигига бағишланган “Алишер Навоий” драмасини яратди. Урушдан кейинги йилларда саҳна юзини кўрган “Алишер Навоий” драмаси кенг томошабинлар оммасининг Навоийни кашф этиши ва улуғ шоирга муҳаббат туйғулари билан йўғрилишида, шунингдек, ўзбек адабиётида тарихий-биографик драма жанрининг тараққиётида муҳим аҳамиятга молик бўлди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон Халқ Комиссарлар Кенгашининг буйруғига асосан республикада умумий мактабни ташкил этишга киришилди. Турли типдаги ўқув юртлари “улар ўқишни хоҳлайдиганлар учун ёши, миллати, қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар гувоҳномаларсиз” очиқ қилиб қўйилди.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Туркистонда совет режимига қарши кураш ҳаракати намояндаларидан бири, Муваққат Фарғона ҳукумати раиси Мадаминбек (1892–1920) Совет қўмондонлиги томонидан музокаралар ўтказиш учун қўрбошилар орасига юборилган пайтда Холхўжа Эшон буйруғи билан қирғизларнинг Қоровул отлоғи атрофида хиёнаткорона ўлдирилди.
1928 йил (бундан 97 йил олдин) – Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси ва Халқ Комиссарлар Кенгашининг қарорига асосан “Давлат ёнғин назорати органи тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Ушбу Низомга асосан Ўзбекистон ҳудудида ёнғиндан сақлаш ишларига умумий раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Халқ Комиссарлар Кенгаши ҳузуридаги Марказий маъмурий бошқармага юкланди.
1930 йил (бундан 95 йил олдин) – академик Наим Каримовнинг қайд этишича, Боту раислигида бўлиб ўтган Маориф халқ комиссарлиги ҳайъат йиғилишида “Қизил Ўзбекистон” ва “Узбекистанская правда” газеталарига илова тарзида ўқитувчилар учун варақалар чиқариш масаласи муҳокамага қўйилди ва бу ташаббус маъқулланди. Шундан кейин ўқитувчилар учун “Маданий инқилоб” (ҳозирги “Маърифат”) номи билан махсус газета нашр этила бошланган.
Шу тариқа ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Боту тахаллуси билан ижод қилган шоир ва журналист Маҳмуд Ҳодиев Маориф халқ комиссари ўринбосари лавозимида ишлаган вақтда “Маърифат” газетасининг тамалтошини қўйди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, у мазкур муассасада узоқ ишламаган бўлса-да, қисқа вақт ичида маориф тизимини биринчи навбатда юқори малакали педагоглар билан таъминлаш, кекса педагоглардан мақсадли фойдаланиш, ҳунар-техника билим юртлари сони ва сифатини оширишга қаратилган қатор тадбирларни ишлаб чиқди.
1942 йил (бундан 83 йил олдин) – археолог-тарихчи олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Эдвард Ртвеладзе таваллуд топди (вафоти 2022 йил). У Ўрта Осиё, Кавказ, Кипр, Япония ва Францияда олиб борилган 80 дан ортиқ илмий археологик экспедициялар иштирокчиси. 2001 йилда “Буюк хизматлари учун”, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати”, 2017 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденлари ва 2001 йилда Грузиянинг “Гирсебис” (“Рицарлик шарафи”), 2006 йилда Грециянинг “Буюк Константин” орденлари билан мукофотланган.
1964 йил (бундан 61 йил олдин) – шоир, драматург, адабиётшунос, таржимон ва педагог Мақсуд Шайхзода Москвадаги марказий кутубхонада турк олими Фуод Кўпрулузода асарининг “Турк классик адабиётида хусусий назм шакллари” бобини кўздан кечираётиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Париж миллий кутубхонасида сақланаётган “Аруз рисоласи” асари тавсифини учратди. Бу рисолани Фуод Кўпрулузода Париж миллий кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари каталоги билан танишаётган вақтида тасодифан аниқлайди.
Саидбек Ҳасановнинг қайд этишича, бу маълумотлардан сўнг Мақсуд Шайхзода ўз мақоласида Ҳожи Муҳаммад Самарқандий томонидан кўчирилган Бобурнинг “Аруз рисоласи” асарининг нусхаси тасодифий бир воқеа билан маълум бўлганини ва тафсилотини кейинчалик хабар қилажагини эълон қилган. Бобурнинг катта аҳамиятга молик бу йирик асари ҳақида мукаммал ва чуқур илмий иш ёзиш орзусида бўлган Мақсуд Шайхзода ўз ниятларини амалга ошира олмай бевақт оламдан кўз юмди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – республика ўқув юртларига абитуриентларни тест усулида танлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини таъминлаш мақсадида ва олий ўқув юртлари абитуриентларини тест синовидан ўтказишнинг ижобий тажрибасини эътиборга олиб Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Давлат тест маркази (ҳозирги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги) ташкил этилди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Босния ва Герцеговина Республикаси билан дипломатия муносабатларини ўрнатди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ташқи савдо операциялари мониторингини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА