Марҳум киноижодкорлар ёд этилди
Кинематография агентлиги Ўзбекистон кино санъати музейида «Ўзбек кинематографиясининг Иккинчи жаҳон урушидаги ўрни» мавзусида ижодий кеча бўлиб ўтди.
Агентлик масъуллари, киноижодкорлар, элимиз суйган санъаткорлар, Тошкент давлат симфоник орекстри қошидаги хор жамоаси, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган кеча доирасида уруш йилларининг машаққати ва ғалаба акс этган мусиқий чиқишлар, фильм ва ҳужжатли кинороликлар намойиши, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабарига кўра, тадбирда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан марҳум киноижодкорлар ёд этилди. Агентлик жамоаси, таниқли киноижодкорлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари учун ифторлик дастурхони ёзилди.
Тадбир давомида ўзбек киносида ўз фильмлари билан ном қолдирган марҳум киноижодкорлар ҳақида махсус ролик тақдим этилди.
Тадбир доирасида агентлик ташаббуси билан хориж кинофондидан олиб келинган кинорежиссёр Комил Ёрматовнинг «Ватан туҳфаси» кинокартинаси намойиш этилди.
Г. Нусратова, ЎзЖОКУ талабаси.