Андижон вилояти туризм ва сайёҳлик соҳасида улкан салоҳият ва имкониятга эга ҳудудлардан бири ҳисобланади.
Шу боис ҳудудда туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар сайёҳлар оқимини кўпайтириш имконини бермоқда.
Буни Андижон вилоятининг Марҳамат туманида туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар мисолида кўриш мумкин. Агар йўлингиз тушиб, Марҳаматга келсангиз, Андижон – Марҳамат автомагистраль йўлидан юриб, Шаҳрихонсойдан ўтишингиз билан ўзига хос, гўзал манзаранинг гувоҳи бўласиз.
Йўлнинг ҳар икки томонида адирликнинг қуйи қисмида соя-салқин чойхоналар, туризмни тарғиб этувчи ҳайкал ва ўтовларга кўзингиз тушади, адирликнинг энг юқорисида эса “Марҳамат” сиҳатгоҳи ана шу гўзал манзарага янада кўрк бағишлаб турибди. Айни кунда Марҳамат туманида жами 62 та маданий мерос объекти - археологик, монументал, архитектура ёдгорликлари, зиёратгоҳ, шунингдек, диққатига сазовор жойлар бўлиб, уларнинг аксарияти туристик йўналишларга киритилган.
Туманда ички туризмни ташкил қилиш ва ривожлантириш мақсадида “Мингтепа” жамоат фонди томонидан йўл бўйларига 15 та кичик туристик масканлар барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда улардан 6 таси фойдаланишга топширилган. Туризм инфратузилмани ривожлантириш бўйича намунавий лойиҳалар асосида 9 та янги санитария-гигиена шохобчаси ташкил этилди, мавжуд 8 таси эса таъмирланди. Ўтган йили туманда 14 та туристик йўналишлар мавжуд бўлган бўлса, жорий йилда уларни 18 тага етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Сайёҳларга 1 та туроператор хизмат кўрсатмоқда. Кейинги йилларда ҳашар йўли билан тумандаги Хўжабосмон ота, Бандимозор ота, Миришкор ота, Оқбош ота, Бобохуросон ота зиёратгоҳлари ҳамда Восилий уй-музейида таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Бозорбоши маҳалласида этнотуризм йўналишида “Рўмолчилик кўчаси” ташкил этилди. Бугунги кунда туманда туристик объектларда хизмат кўрсатиш йўналишида 2 минг 100 нафардан зиёд кишининг бандлиги таъминланган. Туманда ўтган йили маҳаллий ва хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш орқали туристик хизмат кўрсатиш ҳажми 1,5 баробарга ортган. Тумандаги Хакка маҳалласида 8,5 гектар майдонда барпо этилган “Буюк маскан” экотуризм маскани эса ҳар қандай сайёҳга манзур бўлиши аниқ. Умумий лойиҳа қиймати 30 миллиард сўм бўлган мазкур дам олиш маскани бир вақтнинг ўзида бир минг нафардан ортиқ одамга хизмат кўрсатади. Бу ерда меҳмонхона, чойхоналар, қорақалпоқ, қирғиз ўтовлари, спорт майдонлари, бар, кафе, шаршара, манзарали йўлаклар барпо этилди, чархпалак, ўндан ортиқ аттракционлар ўрнатилган. Маскан марказида кўл яратилиб, ўртаси оролча қилинган. Оролчада музқаймоқ хиёбони ташкил этилган. Кўлда сайр қилиш учун бир нечта катамаранлар келтирилди. Ўзига хос кўриниш ва бетакрор дизайнга эга мазкур маскан фойдаланишга топширилиши билан туманга яна кўплаб сайёҳларни жалб этиш имкони яратилади.
Бобохуросон маҳалласида яшовчи ўзбек цирки, дорбозлик санъатининг устаси Юнусали Ғозиевнинг хонадонида ташкил этилган миллий этнотуризм маскани ҳам сайёҳлар билан ҳамиша гавжум масканлардан бири ҳисобланади. Хонадон ичидан оқиб ўтувчи ариқ бўйлари жаннатмонанд боғга, дам олиш масканига айлантирилган. Хонадонда парваришланаётган кўп йиллик улкан дарахтларнинг ҳар бирига ўзгача шакл берилиб, уларнинг устига, дарахт шохлари орасига ўтириб, дам оладиган махсус жойлар барпо этилган. Ушбу масканга келган сайёҳлар учун "Андижон самоси" дорбозлар гуруҳи томонидан дорбозлик санъати намойиш этилади. Шунингдек, масканда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, ўзига хос этно муҳит яратилган. Ушбу масканда бир вақтнинг ўзида 90 нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади. Марҳамат туманида туризмни ривожлантиришда “Мингтепа” археологик ёдгорлиги алоҳида аҳамият касб этади.
– Халқимизнинг кўҳна тарихини акс эттирувчи ноёб “Мингтепа” ёдгорлигига нафақат юртимиз, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, – дейди "Мингтепа-маданий мерос" жамоат фонди раҳбари Ортиқали Ҳусанов. – Мингтепа харобалари халқимизнинг қадим тарихи ҳақида жуда кўп маълумотлар беради. Ана шундан келиб чиқиб, туристларни жалб этиш мақсадида очиқ осмон остидаги “Мингтепа” музейи, кутубхона ташкил этилди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги "Мингтепа" археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида" ги қарори ҳамда мазкур қарор билан тасдиқланган "Йўл харитаси" да кенг кўламли ишларни амалга ошириш белгиланган. Бироқ, мазкур ишларнинг бажарилиши коронавирус пандемияси муносабати билан ўз вақтида бажарилмади. Бугунги кунга келиб ҳам қарор ижросини таъминлаш эътибордан четда қолмоқда.
[gallery-7591]
Қарор бўйича "Мингтепа" археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш маркази биносини қуриш учун 1,14 гектар, муҳофаза ҳудуди учун эса 2,4 гектар ер майдони ажратилди. Қурилиш ишлари эса ҳалигача бошлангани йўқ. Бундан ташқари, ҳужжатда туристлар, ташриф буюрувчилар учун қулай шароитлар яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда объектнинг муҳофаза этиладиган ҳудудидан ташқарида замонавий дам олиш масканлари ташкил этиш, "Жингиртепа", "Тоштепа" археология объектларига олиб чиқувчи йўлни пиёдалар учун мослаштириш сингари қатор вазифалари ҳам белгиланган. Бироқ, мазкур ишларнинг бажарилишини ҳам кўнгилдагидек, деб айта олмаймиз. Тақдим этилган маълумотларга кўра, белгиланган ишларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилган, ҳозирда улар Андижон вилояти Маданий мерос бошқармаси қошидаги Илмий-маслаҳат кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда. Туман ҳокимлиги, бошқа масъул ва мутасадди ташкилотлар Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори ижроси бўйича амалий ишларни бошлайди, деб умид қиламиз.
Марҳамат туманида ўнлаб зиёратгоҳлар борки, уларга нафақат Андижон, балки республикамизнинг бошқа вилоятлари, қўшни Қирғизистон Республикасидан ҳам кўплаб сайёҳ ва зиёратчиларни жалб этиш мумкин. Ўтган йили туманга 115 минг 200 нафар сайёҳ ва зиёратчи ташриф буюрган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини янада ошириш кўзда тутилган. 2022 йилда туманда бир вақтнинг ўзида 160 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга қатор меҳмон уй, оилавий меҳмонхона ва хостеллар ташкил этилиши белгиланган. Масалан, Миришкор маҳалласида умумий қиймати 3 миллиард сўмга тенг 60 ўринли ўзига хос услубда меҳмон уйлар барпо этилди. Йил охирига қадар мавжуд зиёратгоҳларга олиб борувчи йўл кўрсаткичлари тўла ўрнатилади. Шунингдек, Тўрабобо, Мулла тўйчи, Оқтўнли ота ва Маҳдум Восилий зиёратгоҳлари таъмирланади.
Тумандаги зиёратгоҳларда WI-FI зоналари яратилади. Жорий йилда ана шу ишларни амалга ошириш ҳисобига туманда туризм ривожланади, сайёҳлар оқими эса янада ортади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА