Марғилонда “Атлас байрами” давом этмоқда
Марғилон шаҳри чинакам маънода хон атлас-у адрасларга, беқасам-у шойи матоларга бурканган. Дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидан келган меҳмонлар ял-ял ёнаётган миллий либосларимизни эгнига илган.
Еру кўк ҳам атлас рангида тип-тиниқ, ёруғ орзулар билан халқаро фестивалга мезбонлик қилаётган кўҳна ва навқирон шаҳарни олқишлаётгандек.
“Атлас байрами” V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали миллий қадриятларимизга, ҳунармандчилигимизга юксак эътибор ифодаси бўлмоқда.
Ҳунармандлик барча халқларга хос бўлган маданий мерос ҳисобланади. Ҳар бир устанинг буюм ва маҳсулотлари қалб қўри ва қўл меҳнати билан яралади. Фарғона вилоятида ҳунармандликнинг барча йўналишлари бўйича беш мингга яқин устахона фаолият юритмоқда. Ўттиз мингдан ортиқ киши эса ҳунармандчилик билан шуғулланмоқда. Марғилон ҳунармандлиги ўзига хос тарихи, услуб ва анъаналарига эга бўлиб, бугун ҳам янги анъаналар асосида ривожланмоқда.
– Биз тўйга тўёна қилиб, атласларимизнинг эски нусхаларини тикладик. “Хосиятхон”, “Гулнамозшом” нусхалари бозорларимизга қайтди, – дейди Марғилондаги “Ҳунармандлар маркази” раҳбари Иброҳим Султонов. – Бугун Жаҳон ҳунармандлари шаҳрининг ҳунарманди эканлигимдан фахрланиб кетдим. Бу ном шаҳримизга ўз исмидек жуда ярашди.
Фестиваль ўйин-кулгиларга, ёрқин таассуротларга бой бўлмоқда. Хорижлик моҳир дизайнерлар, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар, элликдан ортиқ республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари Эркин Воҳидов номидаги “Ижодкорлар боғи”да ўтказилган халқ сайиллари, кураш мусобақалари, дорбозлик, қўғирчоқбозлик томошалари, ҳунармандчилик буюмлари намойишларида иштирок этмоқда.
– Фестивал маданиятлар алмашинувида катта аҳамият касб этмоқда, – дейди бразилиялик Фабиана Безерра. – Менга Марғилон жуда ёқди. 2019 йилда Қўқонда ва Бухорода бўлганман. Бу Ўзбекистонга қўйган учинчи қадамим. Марғилонни “атлас кийган гўзал шаҳар” деб эслаб юрсам керак. Менга ҳамма нарса жуда ёқмоқда, бир вақтнинг ўзида ҳам тарихнинг, ҳам бугунги замоннинг ҳавосидан нафас олаётгандекман.
Фестиваль тадбирлари “Ёдгорлик” корхонаси, “Ҳунармандлар маркази”да давом этди. Анъанавий мато тўқимачилиги бўйича маҳорат дарслари, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг либослар намойишлари, тўқувчи усталар томонидан ўтказилган машғулотлар, кўргазма ва илмий-амалий анжуманлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
–Бу ерда дунё аҳлини ҳунармандчилик деган юксак санъат жамлаб турибди, – дейди қирғизистонлик Айгул Жумабоева. – Биз учун маҳорат дарслари айни муддао бўлди. “Ёдгорлик” корхонасида анъанавий мато тўқимачилиги бўйича ўтилган маҳорат дарсларида билим ва тажрибамизни оширдик. Маҳоратли тренерлар ўтилган машғулотларда табиий ранглардан фойдаланиш маҳсулот сифатига таъсир қиладиган омил эканлиги ҳақида таъкидлашди.
“Атлас байрами” V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали 22 октябргача давом этиб, фестивал доирасида “Буюк ипак йўли ворислари» кўргазмасининг очилиш маросими, Европа, Осиё ва Тинч океани минтақасидан ташриф буюрган дизайнерларнинг либослар намойиши, Олтиариқ узуми, Қува анори, қовун сайли ва ош тайёрлаш мусобақалари ва анъанавий тўқимачиликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор илмий-амалий конференциялар ўтказилмоқда.
[gallery-9229]
М.Сулаймонов, М.Қодиров(сурат), ЎзА