Мард йигитлар хизматга йўл олди
Самарқанд шаҳридаги кичик мутахассислар тайёрлаш марказида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган бир гуруҳ ёшлар Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги масъуллари, фахрий хизматчилар, нуронийлар иштирокида тантанали кузатилди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Очилов ва бошқалар муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларни табриклаб, йигитлик бурчини адо этишга отланган чақирилувчиларга зиммаларига олаётган масъулиятли ва шарафли вазифани муносиб бажариб, она-Ватанга садоқат билан хизмат қилишлари ва ота-оналари ишончини оқлаб, ёруғ юз билан қайтишларини тилашди.
- Мен туғилганимдаёқ ота-онам ҳарбий бўлишимни ният қилиб, юртимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлашда қаҳрамонлик кўрсатган самарқандлик Сайёр Садиновдек ҳарбий хизматчи бўлсин дея исмимни Сайёр қўйишган, - дейди пайариқлик Сайёр Ҳасанов. – Сайёр Садинов ҳарбий хизматчи бўлган амакимнинг сафдоши бўлган. Ёшлигимдан ота-онам, амакимдан у кишининг жасорати, мардлиги ҳақидаги кўп эшитганман ва қалбимдаги ҳарбийликка ҳавас ортиб борди. Мана бугун яқинларим ва ўзим орзу қилган кунлар етиб келди. Мен ҳам ҳарбий либос кийиб она Ватаним ҳимоясига отландим. Шу кунгача фақатгина ҳарбийликни шарафини ҳис қилган эканман. Ҳарбий либосни кийгач унинг масъулиятини ҳис этаркан киши.
Йигитлик бурчини бажаришга чоғланган ёшларнинг барчаси она Ватанга муносиб хизмат қилиш, унинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидек асраб-авалашни мақсад қилиб, ҳарбийлик масъулиятини зиммасига олишган.
Маросимда муддатли ҳарбий хизматчиларга Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва округ қўмондонлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.
[gallery-5999]
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА