Мард ва жасур ўзбек ўғлони ҳикояси
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Биз бу ҳикояни кўп бор эшитганмиз. Ота-онам ўтганларни хотирлаганда, кексаларни қадрлаб улар ҳолидан хабар олганда бизга ҳамиша бобомизнинг қаҳрамонликлари, фидойилиги, меҳнаткаш ва бир сўзли инсон эканини айтиб беришган.
Биз, бобомиз ҳақидаги яхши гапларни эшитиб, фахрланганмиз. Бобом ҳақида мен ҳам фарзандларимга шундай айтиб бераман:
“Дунё халқлари бошига мислсиз қирғинбарот ва жудоликлар солган Иккинчи жаҳон урушида жонини аямаган, забардаст юртдошларимиз сафида Пешку туманидаги “Қалаймиришкор” маҳалла фуқаролар йиғинининг Денов қишлоғида туғилган Шариф Эргашев ҳам бор эди.
Отаси Эргаш Сатлиқов ҳамда онаси Рўзигул Жўраева колхозда оддий ишчи-меҳнаткаш эди. Шариф Эргашев қишлоқда ўрта мактабни тугатгач, 1932 йилдан 1941 йилга қадар колхоз ишчиси, звеновой, бригадир бўлиб ишлаган. 1941 йил июнь ойида Иккинчи жаҳон уруши бошлагач, Шариф ҳам эл фарзанди сифатида Ватан мудофаасига отланди.

Бир неча ойлик сержантлар мактабидаги ўқиш ва малака оширишлардан сўнг 1943 йил февралидан бошлаб навқирон йигит Россиянинг Орловский шаҳридаги марказий фронт армиясининг 193-ўқчи дивизияси полкида взвод командири вазифасида ҳарбий хизмат – жангга кирди.
Шариф Эргашев дастлаб Орёль шаҳри бўсағасидаги шиддатли жангларда иштирок этиб урушни ўз кўзи билан кўрди. Шу ердаги жанглардан бирида оғир яраланиб, даволаниш учун госпиталга юборилди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас жасур ўзбек йигити, тўлиқ соғайишни ҳам кутмай урушга, яъни ўз полкига қайтмоқчи эканлигини билдиради. Рад жавобини олгач эса госпиталдан қочади. Фронтга қайтаётган аскарлар орасида яшириниб, ўз ҳарбий қисми томон йўл олади. Аммо бир неча кунлик йўл азоби, очлик-ташналиклардан кейин “Махсус кузатув отряди” қўлига тушади. У фронтдан қочган “дезертир” сифатида ҳибсга олиниб, қийноққа солинади.
Кўп уринишлардан сўнг Шариф ўзи хизмат қилаётган полкка етиб боради. Лекин уни бу ерда шумхабар кутарди. Ҳарбий қисм жангчилари душманнинг қаттиқ зарбасига учраб, батамом қирилиб битганди. Бахтли тасодиф туфайли полк командири омон қолган эди. Унинг кўмаги билан янги кучлар сафига бориб қўшилади. Шариф Эргашев хизмат қилаётган ҳарбий қисм 1943 йил 15 октябрида бош қўмондонлик томонидан Днепр дарёсини кечиб ўтиш ва нариги қирғоқда жойлашган қишлоқдаги аҳолини қутқариш ҳақида буйруқ олади. Шариф Эргашев бошчилигидаги тезкор гуруҳ жангчилари биринчилардан бўлиб, дарёни кечиб ўта бошлайди. Дарёнинг ўртасига борганларида душман уларни пайқаб қолиб ўққа тутади. Ўқ ёмғири резина қайиқларни илма тешик қилади. Бир неча аскар шу ерда жон беради. Ортга чекинган дивизия аскарлари қўлбола қайиқлар ясаб, ярим тунда бир амаллаб дарёдан кечиб ўтади. Аскарлар катта талафотлар эвазига душман қароргоҳини ишғол этишга муваффақ бўлади.
Улар ёнғин остида қолган қишлоққа кириб борганларида ўқ ёмғири аскарларни тутдай тўка бошлайди. Шунда Шариф Эргашев чап қўлидан яраланганига қарамай, душман томон дадил эмаклайди. Пистирмадаги душманни яксон қилиб, фашистлардан бир нечтасини асир олади. Ўзбек йигитининг ана шу ҳаракати туфайли катта бир қишлоқ озод этилади. Аммо муросасиз жангда Шарифнинг ўзи ҳам бомба остида қолиб кетади. Шинелини бир учи тупроқдан ташқарида қолган ўғлонни ундан орқада келаётган қуролдоши қутқариб қолган. Уни Қозон шаҳридаги госпиталга жўнатишган.
Шариф госпиталда етти кун беҳуш ётиб, ниҳоят ўзига келганида уни қутқариб қолган қуролдоши ҳам бир оёғидан оғир яраланиб, госпиталга тушганини кўради. Шу ерда улар Днепр дарёси кечиб ўтилган ва рус қишлоғи тозаланган қонли жангда мардонавор қатнашган барча жангчиларга “Совет Иттифоқи қаҳрамони” унвони берилганлиги тўғрисидага хабарни радиодан эшитади. Бир неча ойлик даволанишдан сўнг Шариф Эргашев она юртига қайтади.
Машъум урушдан кейинги тикланиш йилларида Шариф Эргашев ўз она юртида, туман ижроия қўмитасида қатор масъулиятли ва раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Бор куч-ғайратини юрт тараққиётига сафарбар этди. Ҳарбий бўлим бошлиғи, кейинчалик “Қўнғирот” Қишлоқ совет кенгашига қарашли “Ворошилов” номли колхозда раислик қилди. Самарқанддаги раҳбар кадрлар тайёрлаш мактабида ўқиб келгач, Пешку туманидаги 11-сонли МТСда бош агроном, “Янгибозор” вино пункти, Ромитан тумани ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи, шунингдек, “Янгибозор” қишлоқ совет кенгаши раиси лавозимларида ишлаб, зиммасига юклатилган вазифаларни аъло даражада уддалади.
Жанггоҳларда кечган машаққатли йиллар асорати Шариф Эргашевнинг соғлигига таъсирини ўтказмай қолмаганди. У 1978 йил 5 декабрь куни 63 ёшида ҳаётдан кўз юмган.
Аммо биз, сиз, фарзандларим юрт учун жонини фидо этган аждодимиз, бобомиз, ўзбекнинг мард ва жасур ўғлонини ҳеч қачон унутмаймиз. Бу ҳикоя авлоддан-авлодга ўтиб бораверади.”
Рустам Эргашев,
Пешку тумани ҳокимининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби.
ЎзА