Мард ва жасур ўғлонлар юрт таянчи
Ҳозирги глобаллашув даврида, дунёнинг турли бурчакларида юз бераётган қуролли можаролар ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар барчани янада ҳушёрликка чорламоқда. Айнан шундай шароитда мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш, “Халқ ва армия – бир тану, бир жондир!” деган эзгу ғояни ёшлар тарбиясига сингдириш муҳим аҳамиятга эгадир.
Бу борада Тошкент вилоятида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, жойларда “Миллий армиямиз – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қалқонидир!”, “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида ўтказилган ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари, фестиваллар, акциялар ва учрашувлар, мусобақалар, давра суҳбатлари маънавий-маърифий ҳамда профилактик тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Айниқса, ҳарбий қисмлар ва муассасаларга ташкил этилаётган саёҳатлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шу кунгача бундай тадбирларга маҳаллалардаги 112 минг 985 нафарга яқин ёшлар қамраб олинди. Бундан ташқари, Қуролли Кучлар, “Шон-шараф” ва “Амир Темур” давлат музейларига ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва ўқувчи ёшларнинг келиши ўз самарасини бермоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши, ДХХ Чегара қўшинларига қарашли Тошкент вилоятида жойлашган ҳарбий қисм, Махсус муҳандислик қурилиш бошқармаси ҳамда Қибрай туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда Қибрай тумани Дархон маҳалласи ёшлари билан давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва сўз олганлар бугун миллий армиямизнинг жанговар салоҳияти ва қудратини оширишга қаратилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг самараси хусусида атрофлича маълумот берди. Ҳарбий хизматчилар эса давлатимиз чегарасида фойдаланилаётган қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар, ёнғин ўчириш ҳамда қутқарув қидирув моддий техник воситалари кўргазмасини намойиш қилди.

Бундан ташқари, Махсус муҳандислик қурилиш бошқармасининг ҳарбий оркестр жамоасининг Ватанни мадҳ этувчи куй қўшиқлари байрамона кайфият улашди. Айниқса, жанговар қўшиқлар ёшларининг руҳиятига ўзгача таъсир қилади. Уларнинг ҳарбийларга жўр бўлиб қўшиқ куйлаётгани кишига ғурур бағишлайди.
Шу кунларда ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги доирасида “Аскар оналарини шарафлаймиз”, “Мард аскар ёшларга намуна”, “Буюк саркардаларимиз ҳаётидан”, “Жалолиддин Мангуберди – юрт халоскори” “Амир Темур – миллатнинг ҳақиқий қаҳрамони”, “Улуғ аждодлардан мерос шижоат” каби турли мавзуларда хотира кечалари, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида ҳарбий хизмат нуфузи ҳамда миллий Қуролли Кучларимиз билан фахрланиш ва уларнинг салоҳиятига ишонч ҳисси янада ортади. Ёшларнинг ҳарбий касбни танлашга бўлган қизиқиши шаклланади. Улар ватанпарвар, мард ва жасур бўлиб вояга етса юрт тинчлиги ишончли қўллар эканлигидан кўнгиллар таскин топади.
Эркин Шаропов,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши бўлим бошлиғи, подполковник.
ЎзА