Ўзбек ва поляк халқлари ўртасидаги алоқалар кўп йиллик тарихга эга. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда илк поляклар XIX аср иккинчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Фарғона ва Қўқон шаҳарларида пайдо бўлган. Тошкентда 1895 йил биринчи поляк мактаби ва кутубхонаси, 1897 йил поляк жамияти маданият маркази ташкил этилган. 1912 йил эса рим-католик черкови қурилиши бошланган.
Миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, дўстлик ва бағрикенглик ришталари мустаҳкам қадрланадиган диёримизда поляк халқининг ноёб маънавий мероси, маданияти, анаъналари, урф-одати, тили ва тарихини сақлаб қолиш, ривожлантириш ҳамда ўсиб келаётган келажак авлодга етказиш мақсадида 1992 йил июнь ойида “Светлица Польска” поляк маданият маркази ташкил этилган. Ҳозир юртимизда беш мингга яқин ушбу миллат вакиллари истиқомат қилмоқда.
Польша билан савдо-иқтисодий алоқа мустақилликка эришилган дастлабки йилларданоқ йўлга қўйилган. 1992 йил Варшавада икки мамлакат ўртасида “Иқтисодий ҳамкорлик ва савдо-сотиқ тўғрисида”ги шартнома тузилган.
Қувонарлиси, бугунги кунда Ўзбекистон ва Польша муносабатлари турли даражадаги мунтазам ва ўзаро ишончга асосланган мулоқот самараси ўлароқ, кўплаб йўналишларда жадал ривожланмоқда. Ҳар икки томон сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илм-фан ва таълим соҳалардаги фаол алоқаларни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор.
Англаганингиздек, “Дипломатик ракурс” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони – Польша Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Марчин Вакар.
– Хабарингиз бор, 2025 йил Польша Европа Иттифоқи Кенгашига раислик қилмоқда. Бу даврда биз Марказий Осиё билан ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, айниқса минтақадаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Ҳозирги кунда Польша ва Ўзбекистон муносабатлари савдо алмашинуви, маданий алоқалар ва сиёсий мулоқот жадал ривожланиши билан тавсифланади. Польша Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги асосий ҳамкор сифатида қарайди. Мунтазам тус олган маслаҳатлашув формати давлатларимиз ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминламоқда. Халқларимизни боғлаб турувчи теран алоқалар рамзига айланган машҳур хонанда Анна Герман меросининг ўзиёқ маданий алоқаларимиз кўлами ҳақида тасаввур бериши мумкин.
Умуман олганда, алоқаларимиз бой тарихга эга. Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари ҳамда ўтган аср 30-йилларида Польшанинг айрим ҳудудлари собиқ совет тузуми таъсирида бўлгани туфайли, кўпчилик поляклар яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб ўтган. Уларнинг авлодлари ҳануз шу меҳмондўст заминда умргузаронлик қилмоқда.
Тарихдан аён – 1942 йил республика ҳудудида генерал Владислав Андерс армияси шакллантирилган. Ўшанда минглаб сургун қилинганлар Сибирдан келиб, Гитлер Германиясига қарши курашиш учун бирлашган. Кейинчалик бу қўшин Эрон орқали Италияга бориб, Монте-Кассино яқинида жанг қилган. Хуллас, жуда кўп собиқ аскарларимиз кейин Ўзбекистонга қайтиб, абадий шу заминда қолган. Ҳозир мамлакатнинг 17 жойидаги қабристонларда 3 мингга яқин польшалик ҳарбий дафн этилган.
Ўзбекистонда туғилиб, вояга етиб, кейинчалик санъаткорлик фаолиятини Польшада давом эттирган Анна Германнинг руҳи мудом икки мамлакатни, халқларимизни бирлаштириб туради. Ўтган йил Тошкент шаҳридаги “Истиқлол” санъат саройида унинг қўшиқларидан тузилган навбатдаги концерт бўлиб ўтди. Дастурда Польша, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Украина санъаткорлари томонидан Аннанинг умри боқий асарлари куйланди. Элчихона ташаббуси билан таклиф этилган польшалик ижодкорлар Тошкентда жазз фестивалида ҳам иштирок этди. 2024 йил Польшада суратга олинган фильм кинофестиваль доирасида намойиш қилинди. Ижодкорларимиз тасвирга олган машҳур “Chłopi” лентаси пойтахт кинотеатрларида ҳам қўйилди.
Ҳамкорлигимизнинг яна бир устувор йўналиши – таълим. “Study in Poland” дастури Ўзбекистон таълим бозоридаги иштирокини мустаҳкамламоқда. Бизнинг юртимизда таҳсил олаётган ўзбек талабалари сони йил сайин ортиб, айни пайт 2100 дан ошган.
Бугунги кунда Тошкент давлат аграр университети талабалари Польшадаги олий таълим муассасаси билан қўш диплом дастури асосида ўқимоқда. Пойтахтдаги TEAMS университетида ўзбекистонлик ёшларнинг бизнес соҳасидаги билимини чуқурлаштириш имконини берувчи икки томонлама MBA дипломи дастури йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа Марказий ва Шарқий Европадаги энг яхши олий ўқув юртларидан бири ҳисобланган Варшавадаги Леон Козминский академияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Польша – Ўзбекистон тарих комиссияси икки давлат олимларининг умумий тарихни ўрганиш, тарихий манбаларни излаш, ўзаро материал алмашиш, қўшма тадқиқот ўтказишга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Шу ўринда миграция мавзусига алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эдим. Айтиш жоиз, айни йўналишда биз ўтиш даврини бошдан кечиряпмиз. Аниқроғи, ҳозир Польшада миграция бўйича янги сиёсат жорий этилмоқда. Энг муҳими, тадбиркорларимиз ўзбекистонлик мигрантлар ҳақида жуда яхши фикр билдирмоқда. Масъулларимиз ҳужжатларни кўриб чиқиш босқичини тезлаштириб, жараённи тартибга келтиришяпти. Тез орада алоқаларимиз кескин ижобий томонга ўзгариши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда савдо алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди. Маълумки, Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари мамлакат экспортида етакчи тармоқлардан бири саналади. Польша эса бу борада Европадаги энг йирик импортчи сифатида эътироф этилади.
Ўзбекистонга Польшадан кириб келаётган парранда гўшти ва қўшимчалар, шоколад ва таркибида какао бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек сабзавот – асосан картошка ва ем миқдори ортмоқда. Умуман, тадбиркорларимизнинг мамлакатингизга қизиқиши кучаймоқда. Элчихонага ишбилармонлар томонидан ҳамкорлик ўрнатиш имконияти ҳақида жуда кўп мурожаат тушяпти. Қолаверса, ўтган йил март ойида Варшава ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилгани ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш сари ташланган дадил қадам бўлди.
Польшанинг LOT авиакомпанияси COVID-19 пандемиясидан кейин минтақа билан алоқа ўрнатган Европа қитъасидаги илк оператор ҳисобланади. Дастлаб ҳафтасига 3 марта амалга оширилган рейслар кейинчалик 4 тага етказилди. Бу ҳам алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатларимиз орасидаги нисбатан йироқ масофага қарамай, қалбан бир-бирига яқин халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик риштаси мустаҳкам. Икки давлат раҳбарлари олиб бораётган оқилона сиёсат эса дўстлигимизни янада мустаҳкамлашга замин яратмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FAnv5ljmUhg" title="Marchin Vakar: Oʻzbekiston – Polsha uchunMarkaziy Osiyodagi asosiy hamkor" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гўзал Сатторова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА