Марғилон ва Қўқон шаҳарларида 158 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда
Шундай бўлса-да бу ҳудудларда бир қатор йўналишларда ўз ечимини кутаётган муаммолар бор эди.
Марғилон ва Қўқон шаҳарлари қулай географик жойлашуви, тарихи, моддий ва маданий мероси, музейлари, ҳунармандчилиги, меҳнат салоҳияти, туризм объектлари билан ўзига хос хусусиятга эга бўлган ҳудуд ҳисобланади.
Мазкур шаҳарларда ҳунармандчилик анъаналари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йилдан йилга ривожланиб, замонавий услубларга хос тарзда шаклланиб бормоқда. Айниқса, йиллар давомида шаклланган ҳунармандчилик мактаби бутун дунёда тан олингани мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўтган йилларда Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, меҳнат салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Шундай бўлса-да бу ҳудудларда бир қатор йўналишларда ўз ечимини кутаётган муаммолар бор эди.
Кўп қаватли уйлар аҳоли эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 14 сентябрь куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида бўлиб уй-жойлар қурилишига оид лойиҳалар билан танишган эди. Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш бўйича беш йиллик режа қилиш хусусида топшириқлар берган эди. Қисқа вақт ичида бу борада амалий ишлар бошлаб юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 декабрда “2020-2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Аҳоли зич жойлашган бу шаҳарларда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи юқори. Ана шулар инобатга олиниб, мазкур қарорда кўп квартирали уй-жойларни қуришга муҳим эътибор қаратилган.
2020-2024 йилларда Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги 4 та массивда 158 та (12162 хонадон) 545,5 миллион долларлик кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.
Жумладан, 9 қаватли 39 та (2106 хонадон), 12 қаватли 57 та (4104 хонадон), 16 қаватли 62 та (5952 хонадон) уйлар қурилиши режалаштирилган.
Шу тариқа мазкур ҳудудларда ўзига хос янги шаҳарчалар қад ростлайди. Уларнинг инфратузилмасига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, турли ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари ҳам қурилади.
Уйлар хусусий сектор томонидан қурилмоқда
Ўтган йиллар давомида қурилган уйларнинг сифатидан кўпчилик норози бўлганлиги ҳам айни ҳақиқат. Шунингдек, баъзи уйлар сотилмай қолган, баъзиларининг кредити муаммоли. 2020 йилдан бошлаб бу каби салбий ҳолатларга бутунлай барҳам берилмоқда. Уйлар давлат томонидан эмас, тўлиқ хусусий сектор томонидан қурилмоқда. Уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш мақсадида инновацион қурилиш материлларидан фойдаланилмоқда.
Марғилон шаҳрида бугунги кунда 9 та (12 қаватли 648 хонадон) кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган бўлиб, айни пайтда ишлар бошлаб юборилди. “Роҳат” маҳалла фуқаролар йиғини Б.Марғилоний ва Ал-Фарғоний кўчалари кесишмасида пудрат ташкилотлари томонидан 6 та кўп қаватли уйларда ер ишлари тўлиқ бажарилган. Қурилиш ишларини “Марғилон қурилиш монтаж инвест”, “Мустафо Буссинес Фарғона” масъулияти чекланган жамияти, “Жамила”, “Юксак ҳунар бизнес” ва “Қуббо сервис” хусусий фирмаси томонидан олиб борилмоқда.
Олтиариқ туманида жойлашган “Қапчуғай қурилиш материаллари” масъулияти чекланган жамияти томонидан 6 та кўп қаватли уй-жойларга 552 дона қоқма қозиқлар (свай) тайёрланди. Унинг 127 донасининг қоқиш ишлари давом этяпти.
Қўқонда ишлар қандай?
Қўқон – аҳолиси гавжум шаҳар. Хатлов жараёнларида бир хонадонда 3-4, баъзи ҳолларда 6 тагача оила яшаш ҳолатлари аниқланган. Мазкур шаҳарда дастур доирасида аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 85 та кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилади. Муқимий мавзесида 5 та кўп қаватли уй-жойларнинг қурилиши бошланди.
–Қўқон шаҳри аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини инобатга олиб, дастур асосида Муқимий шаҳарчасида 9 та 12 қаватли уйлар қурилишини бошлаб юбордик. Лойиҳаларда белгиланганидек, ҳар бир уйда 48 тадан хонадон бўлиши кўзда тутилган, – дейди пудратчи ташкилот “Санжам инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рашиджон Алиев. – Ушбу уйларни Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширишни режалаштиряпмиз. Бу ерда қисқа фурсатда замонавий аҳоли мавзеси қад ростлайди. Янги уйларда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча қулайликлар яратишни эътиборга оламиз. Улар аҳолига банк орқали уч томонлама шартнома асосида кредитга берилади ва тўғридан-тўғри сотилиши ҳам мумкин.
Айни пайтда қурилиш майдонида коммуникация тармоқлари тортиш ва ер ишлари якунланиб, пойдевор қуйилмоқда. Қурилиш ишларида “Санжам инвест”, “Қўқон Улуғбек қурилиш” масъулияти чекланган жамиятининг 120 нафардан зиёд уста-қурувчилари меҳнат қилмоқда.
Муқимий шаҳарчасида янгидан барпо этилаётган кўп қаватли уйлардаги аҳолига хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари, 3 та мактаб, боғча, спорт майдончалари, маҳалла маркази, автомобиллар турар жойи ва боғ барпо этилиши ҳам режалаштирилмоқда.
Мазкур уйларнинг олиш тартиби қандай?
Маълумки, кўп квартирали уйларни қуриш қурувчи томонидан ўз маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди. Чунки аҳолининг ипотека кредити олиш имконияти кенгайтирилса, нархи ҳозиргилардан баланд бўлмаган, лекин қурилиш сифати яхши бўлган уйлар қурилади.

Эндиликда ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаш учун Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 15 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштиради. Тижорат банклари аҳолига ўз маблағлари ва Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитларини тақдим этади.
Янги тартиб бўйича давлат буюртмачи ҳисобланади. Демакки, лойиҳани ўзи тайёрлаб, уйни ўзи қурмайди. Бу иш тўлиқ хусусий пудратчилар томонидан амалга оширилади. Давлат аҳолига ипотека кредитларини уларга мақбул шароитларда бериш орқали уй-жойга талабни шакллантириб, ипотека бозорини ривожлантиради.
Янги тартиб доирасида фуқароларга ипотека кредитлари ажратиш бир нечта босқичдан иборат. Биринчидан, фуқаро тўлов қобилиятидан келиб чиқиб, бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартирани танлайди ва пудрат ташкилоти билан шартнома имзолайди. Иккинчидан, фуқаро банкларга танланган квартирани сотиб олиш учун ипотека кредити ажратишни сўраб, ариза беради. Унга қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) паспорти нусхаси, пудрат ташкилоти билан тузилган шартнома, қарз олувчи томонидан (биргаликда қарз олувчи) охирги 12 ой мобайнида олган даромадлари тўғрисидаги маълумот, субсидия хабарномаси (субсидия ажратиш тўғрисида ижобий хулосага эга бўлган шахслар) илова қилинади. Ипотека кредити учун бошланғич бадал қишлоқ жойларда квартира қийматининг 10 фоизи, шаҳарларда эса 20 фоизи этиб белгиланган.
Паст даромадли ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахслар жорий йил 1 мартдан Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беришлари мумкин. Туман ёхуд шаҳарда ташкил этилган тегишли комиссия фуқаро аризасини ижтимоий мезонлар асосида кўриб чиқиб, аризачига субсидия тақдим этиш ёки рад қилиш ҳақида қарор чиқаради, унинг нусхасини мурожаатчига юборади.
Албатта вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш борасидаги бу каби саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини беради. Зеро, ҳар бир инсон ўзининг бошпанасига, уй-жойига эга бўлишни истайди.