Мақсадли касб-ҳунарга ўргатиш тизими шаклланмоқда
Мамлакатимизнинг 15 ҳудудида “Ишга марҳамат” мономарказлари ўз фаолиятини бошламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 августдаги қарори асосида тажриба сифатида ташкил этилган Тошкент шаҳри “Ишга марҳамат” мономаркази мамлакатимизнинг барча ҳудудлари аҳолисига ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мономарказларнинг бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилиши учун меъёрий асос бўлди.

Ҳозиргача ҳам мономарказлар фаолияти ҳақида кўпчиликда тўла-тўкис тушунча бор, деб айта олмайман. Сабаби, кимдир касбга ўқиш учун келса, яна бошқа тадбиркорлигини бошлаш мақсадида кўникмага эга бўлиш учун келади. Мономарказларда қисқа муддатли касбларга ўқитиш билан бир қаторда бошқа хизматлар ҳам кўрсатилади. Хусусан, банд бўлмаган аҳолига сервис ва хизмат кўрсатиш, техника, умумқурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари, рақамли технологиялар бўйича ҳамда ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб юқори бўлган бошқа касбларга ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш, хорижий тилларга ўқитиш, тадбиркорлик асосларига ўқитиш ва икка жалб қилиш, ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш, касб фаолиятини амалга ошириш учун талаб қилинадиган билимлар, маҳорат, малака ва кўникмалар, шахсий ва касбий билим, кўникмаларни баҳолаш, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, улар билан олдиндан мослаштириш тадбирларини амалга ошириш.

“Ишга марҳамат” мономарказлари қисқа муддатли касбларга, хорижий тил курсларига, рақамли технологиялар ва тадбиркорлик курсларига ўқитишни йўлга қўйган. Мономарказларда 1 ойдан 4 ойгача муддатда ўқитилади. Жараёнга юзаки қараган инсон учун бу муддат жуда камдек кўриниши мумкин, бироқ ҳар бир курслар учун белгиланган ўқитиш муддатлари ва соатлар ҳажми тегишли соҳа мутахассислари, иш берувчилар, “WorldSkills” ҳамжамияти стандарти, меҳнат бозори талаби, таклиф ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ўқув машғулотлари амалий машғулотларга таянган ҳолда ташкиллаштирилади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, мономарказларда ўқув машғулотлари 30 фоиз назарий ва 70 фоиз амалий тарзда ўтказилади. Курсларни ўқитишдаги ҳафталик ўқув юкламаси 36 соатни ташкил этади. Касб-ҳунарга, тадбиркорликка, хорижий тилларга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш йил давомида узлуксиз, ўқитиш жараёнини бошлаш эса гуруҳлар тингловчилар билан тўлдирилиш ҳолатига кўра амалга оширилади.
Мономарказлар фаолиятини тўғри ташкиллаштириш ва айнан касб-ҳунарга ўргатиш сифати ва самарадорлигини ошириш учун методик масалаларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 апрелдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳуқуқий дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қарорда мономарказларнинг ҳуқуқий мақоми, мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш ҳамда молиялаштириш тартибини назарда тутувчи Низом ҳам кўрсатилиб, қарор билан “Ишга марҳамат” мономарказлари давлат муассасаси мақомида иш юритиши, Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази эса бош муассаса эканлиги белгиланган.

Шунингдек, бошқа ҳудудлардаги мономарказлар фаолиятини мувофиқлаштириш, улар учун касб-ҳунар, хорижий тиллар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш бўйича ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳри “Ишга марҳамат” мономаркази тузилмасида Мономарказлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўқув-методик таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Ҳозир бошқармада жами республика миқёсида ташкил этилаётган “Ишга марҳамат” мономарказлари мутахассислик йўналишлари ҳамда хорижий тил курслари учун намунавий ўқув-меъёрий ҳужжатлар, ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда ўқитишни ташкил этиш бўйича кўрсатма ва тавсиялар яратилди ва таъминлаб берилди. Ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш мақсадида мономарказ тингловчиларининг ёши, ижтимоий аҳволи ва жисмоний ҳолатини инобатга олган ҳолда мономарказларда дарс ўтишнинг турли, инновацион методикалари яратилмоқда.

Қолаверса, мунтазам равишда ички ва ташқи меҳнат бозори талаб ҳамда эҳтиёжлари мониторинг натижасида талаб қилинган касбларга ишчи кадрларни ўқитишни ташкил этади. Мономарказда таҳсил олган тингловчиларга бугунги кунда ўрта махсус маълумот дипломи даражасига тенглаштирилган давлат намунасидаги сертификат берилади. Мономарказларда қисқа муддатли касбларга ўқитиш талабгорнинг хоҳиши, иқтидори ва лаёқатини инобатга олиб ташкиллаштирилади. Мономарказдаги таълимнинг мақсади унинг натижасидадир.
Юртимиз ва дунё мамлакатларининг турли минтақаларида ўзбек ишчиларининг ҳеч қандай даража ва малакасиз ишлаётганлигини яхши биламиз. Бу ўз ўрнида касбий билимнинг тўғри баҳоланмаслиги, касбий даражанинг белгиланмаганлиги, натижада эса меҳнатга лойиқ ҳақ тўланмаслик билан изоҳланади. Шу каби муаммоларни бартараф этиш адолатли тарзда аҳолининг билим, кўникма ва малака даражасини баҳолашни йўлга қўйиш мақсадида юқорида келтирилган қарорларда “Ишга марҳамат” мономарказларида Касбий компетенцияларни баҳолаш маркази ташкил этилиши кўзда тутилган.
Касбий компетенцияларни баҳолаш маркази, талабгорларнинг билим, кўникма, малакасини миллий ва халқаро (WorldSkills ва бошқа) стандартларга мувофиқ мустақил ва холис баҳолаш, кенг ва тор ихтисосликлар бўйича ишчиларга малака разрядларини ва мутахассисларга малака тоифаларини бериш, талабгорнинг мавжуд билим, кўникма ва малакаси белгиланган касб стандартларига мослигини аниқлаш, касб малакалари бўйича норматив ҳужжатлар ва стандартларни ишлаб чиқишда қатнашиш, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга Ўзбекистон Республикасида ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти бериш вазифаларини бажаради.

Касбий компетенцияларни баҳолаш марказида ўз малака даражасини баҳолаб, тегишли ҳужжат (Skills паспорти) билан тасдиқланган ишчи кадр бугунги кундаги ички ва ташқи меҳнат бозорининг талабидир. Ўз меҳнати баҳосини билмасдан ишлаган ишчи эндиликда ўз касбий малакасига эга бўлган мутахассис бўлиш имкониятига эгадир.
Президентимиз раҳбарлигида 2021 йил 26 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўрсатилган вазифалар ҳамда бугунги куннинг долзарб масаласига айланган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳаётда ўз ўринларини топиши учун уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мономарказларда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида “Аёллар дафтари”га киритилган шаҳримизда ҳамда чекка ҳудудларда жойлашган 50 та маҳалладаги 200 дан ортиқ хотин-қиз “Сартарошлик санъати” касбида ўқитилмоқда.
Аҳолини, айниқса, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида республиканинг жами мономарказларида “Тадбиркорлик асослари” ўқув курслари ташкил этилган. Бунда ишсиз аҳоли, хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга, ёши ва жинсидан қатъий назар, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган аҳолига тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, ўз-ўзини банд қилиш учун зарурий билим, хусусан, тадбиркорликда муваффақиятли бўлиш технологияси, маркетинг-тадқиқотда бозорни ўрганиш, бизнесни муваффақиятли бошлаш учун бизнес ғоя танлаш ва уни таҳлил қилиш, тадбиркорликда корхонанинг юридик мақомини танлаш каби кўникмаларни шакллантириш ҳамда тадбиркорликнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланган ҳуқуқий, молиявий билимни ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилади.
Республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган ва фаолият юритаётган “Ишга марҳамат” мономарказларида қонуний ҳужжатлар билан ҳимояланган ҳолда қисқа муддатда касб эгаси, яъни мутахассис бўлиш, ўз касбий қийматига эга малака даражасини олиш, мутахассис сифатида ўз қатъий ишончига, энг асосийси, кафолатланган иш ҳақига эга бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топиш учун барча имконият мавжуд.
Н.Умарова,
Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати