Мақсадимиз – комил инсонни тарбиялаш
Ривоятларнинг бирида ўғил отадан: “Эй падари бузруквор! Қибла томонидан бир ёруғлик шомдан то саҳар ўз шуъласи билан бизнинг кулбамизни ёритиб турарди. Негадир шуъла нур таратмай қўйди” деб, сўрабди. Ота: “Эй, дилбандим! Ёруғлик таратган шам эмас, у Оллоҳнинг ишқида тонгла ёнган муқарраб бир ошиқ банда эди, у ўз ҳабиби васлига восил бўлди” дея жавоб берибди. Ўтмиш ривоятларда бу каби ҳақиқатлар мавжуд.
Нақшбандия тариқат одобида етук ориф, беназир устоз, манбашунос, тилшунос, лексикограф олим, форс, араб тиллари билимдони, “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”нинг етакчи тузувчилардан бири ва алоҳида меҳнати самараси бўлмиш “Хамса” достонларининг шарҳий луғати муаллифи Қутбиддин Муҳиддиновнинг баракотли ирфоний тарбиятларидан бевосита озиқланган, наинки устоз-шогирд, балки у зотга аржуманд фарзанд ўрнида доимо ардоқда бўлган Нажмиддин Комиловга нисбат бериш лозим деб, ушбу авроққа қалам сурилди.
Нажмиддин Комилов тасаввуф илмининг ахлоқий, маънавий-маърифий қиймати, тарбиявий аҳамиятини оммалашувида ўз илмий тадқиқотлари билан илму ирфонга баракотли ҳисса қўшган сермаҳсул, забардаст адабиётшушос, манбашунос, таржимашунос каби илмларда камол топишида, даража ҳосил қилишида тасаввуф илмининг нуктадон мавлоси, нақшбандия тариқатининг етук пири комили, орифи сирдон Қутбиддин эшоннинг зуҳду тақвоси мужассам сўфиёна арзоний хислатлар ва зарофатли латиф суҳбатларидан солик- пайрав сифатида баҳраманд бўлиб, илм аҳли, шогирду дилбандлар олдида матлуб, маъруф инсон мартабасига шомил бўлган эди.
Эй кўнгул, тан тахтасин бу қаъри йўқ гирдобдин
Истасанг соҳилга чекмак, билки, бу осон эмас.
Пиру истеъдоду тавфиқ ўлмаса бўлмас бу иш,
Кимдурурким бағри бу ҳасратдин онинг қон эмас?
Қитъада сўз ғоят ранг- баранг, зоҳирий, ботиний кўриниш касб этади. Воқеан, Навоий ҳазратлари ритоик сўроқ билан кўнгул- мазҳари, қалб нигорхонаси соҳиби- соликка мурожаат этиб, тан тахтасин, яъни гирдоб домида тахтадек сарсон вужудингни соҳилга чиқаришни истасанг, бу ишда аввало пиру истеъдоду тавфиқ бўлмаса, бу йўлда бағрингни қон қилмасдан туриб, ранж, заҳмат чекмасдан мақсудга эришишинг осон бўлмайди деб, соликни маърифий ғафлатда қолмаслик лозимлигини уқдирадилар. Дарвоқе, Қутбиддинхожа эшоннинг қароргоҳ масканлари ҳазрат Навоий ғазалларида таърифга тортилганидек:
Сирри ваҳдат чун фано дайрида сиғмас лафз аро,
Невчун, оё, хонақаҳ ичра туганмас айтилиб.
Бизнингча, бу байтнинг мазмун – моҳият махражида англашган мазмун Қутбиддинхожа эшон ҳазратнинг табаррук хонадонлари кўп йиллар давомида олму зурафолар, ёру дўстлар, фарзанду авлодларга табарук бир “хонақоҳ” каби мақсуд нигорхонаси бўлгани борасида битилган хотиротлар бундан далолат беради.
Нажмиддин Комилов сиёсий зўравонлик даврида таъқибга учраган, илмий муомаладан чиқарилган, аммо муқаддас инсонпарварлик ғояларни ўзида мужассам этган, минг йиллар давомида ҳақиқат, тариқат йўлини маҳкам тутган, ўзликни англашга, ҳис этишга даъват этган тасаввуф таълимоти бўйича заковатли хирад аҳли орасида комил олимлардан эди. Мустақиллик шарофати билан баркамол, фундаментал асарлар тасниф этиб, ирфоний камолот босқичи саналмиш тариқат, маърифат, ҳақиқат каби тушунчаларнинг тарихий тараққиётини назарий, амалий жиҳатдан илмий асослаб берган эди. Олимнинг “Тасаввуф” асари тасаввуфий таълимотнинг қайта тикланиши, шаклланишида етакчи манбадан бири сифатида илмий-назарий жиҳатдан таҳлилдан ўтган тадқиқотларнинг сараси деб таъкидланади манбаларда. Асар том маънода халқимизнинг маънавияти не чоғлик юксак инсонпарвар ғоялар билан зийнатланганини намоён қилади.
Олим “Саййид Ҳасан Ардашер – комил инсонми?” деб номланган мақоласида муфассир Саййид Ҳасан Ардашернинг комиллик даражасига етиши учун асос бўлган омилларни таҳлил қилади. “Навоий учун Саййид Ҳасан – инсони комил тимсоли, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”да у ана шундай инсон сиймосини яратган. Навоий назарида комил инсон хаёлий бир нарса эмас, балки ҳаётий реал одамдир. Бундай одам тариқат сулукини қабул қилган чинакам дарвеш (дарвеш-пок киши тимсоли-таъкид бизники) бўлиши керак. Бошқача айтганда, идеал инсон—бу гўзал ахлоқли, зоҳирий-ботиний илмларни эгаллаган фоний табиат фақир киши” Олим яна дейди: “Саййид Ҳасаннинг сулуки ва тасаввуфий эътиқодида ўзига хос жиҳатлар бор. У бирор-бир назария ёки таълимотга кўр-кўрона ишонадиган мутаассиб дарвешлардан эмас. Унинг дарвешлиги кўнгил амри, табиати, феъл атворининг тақозоси эди. Дунё ва унинг бойлиги, ноз-неъмати, шукуҳу шуҳратига эътибор қилмаслик, фақр гўшасини ҳамма нарсадан афзал билиш, фақат маънавий суҳбатни писанд этиш, шеъру шуур, илму донишдан лаззатланиш Саййид Ҳасанга кўринган хислат бўлган”.
Келтирилган шарҳ Навоий қалбининг муфассир томонидан ўгирилган таржимаси. Айни чоғда мушоҳада ғалвиридан ўтказиб, дуру жавоҳирлардан тазҳиб тўқиб, соликка тортиқ қилган иншо, мактуб. Айнан покланиш учун тавсия ҳамдир. Олим шарҳда Саййид Ҳасанга хос фазилатларни улуғлаш, тавсифлаш орқали ҳазрат Навоийнинг илму ирфонда етук иқтидорини намоён қилади. Бизнингча, Навоийнинг ёзишмаси бўлмаганда Ардашернинг орифлиги, сўфийлиги мавҳум қоронғи бўлиб қоларди. Тарих саҳифасини безаган бу асар мўътабар икки инсоннинг самимий муҳаббати, гўзал ахлоқи ва юксак маърифатидан гувоҳлик беради. Бу аслида-- ибрат. Навоий комил инсонни тарбиялаш орзуси, ғояси билан яшаган ва бу олий мақсад барча асарларида матлаб даражасида ўз ифодасини топган. Жумладан, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”да ҳам. Демак, матлабнинг асл маъноси шундаки, тасаввуф тафаккур, тадаббур, ақлий-шуурий қуввати бор лаёқатли инсонлар учун-чегара. Синов-кўприги. Дарёни тўлиб оқиши воқелик, аммо соҳилнинг қақраши азалиятдан. Бинобарин, инсон тарбияси ирфоний маърифатга муҳтож, жисм илоҳий файздан қонеъ бўлмас экан (Илоҳий файз она маҳридаёқ берилади), раҳмат ёмғиридан сероб бўлмаган пуч чиғаноққа ўхшаши аниқ. Бутун борлиқ Оллоҳнинг раҳмати билан кўкаради, жонланади. Соликнинг мушоҳада қуввати ҳам, унинг руҳий-ҳиссий оламининг юксалиши ҳам шундан. Тасаввуф оддий фалсафий таълимот эмас, у эҳтиёждан туғилган зарурият. Инкорсиз ҳақиқат. Оллоҳ ўз каломи Қуръони Каримни нозил қилмаганда тасаввуф ҳам бўлмас эди. Ўзи томонидан У “Мужодала” сурасининг 7-оятида тасдиққа ишора кетирилади. Сирдон билан сирдошлик қилиш, руҳан ва жисман у билан боғланиш тасаввуфдан бошқа нарса эмас. Тасаввуф, айнан, ғайб оламига саёҳат-тавҳид асрорига сайр демак. У-маънавий тарбиянинг дастури. Тасаввуф томон юз тутиш соғлом йўлга қўйилган дастлабки қутлуғ қадам. Шунинг учун солик тариқатга кириши учун, аввало, иймонини саломат сақлаши, покиза ҳаёт кечириши, кимлигини англаши, Яратганини чин дилдан севиши, илоҳий муқаддас маърифатдан огоҳ бўлиши, жисмини хилтдан софлаши ва қалбни илоҳий нур билан музайян этиши, зарурий эҳтиёжга айланмоғи лозим. Саййид Ҳасан Ардашер жисми руҳида зуҳурланган сифатлар бундан далолат, деб уқтиради олим.
Ҳар бир услуб ўз хусуиятини англатувчи сўз қатламига эга. Нажмиддин Комилов манбаларни тадқиқ этишда тасаввуфий терминларнинг асл луғавий маъносидан ўзга сатр ости, матн маъноларига катта эътибор берган. Сўзларнинг маъно қобуғининг шаклланиши инсоннинг ички ва ташқи руҳий ҳолати ифодасига боғлиқ ва солик руҳининг тағйир топиши (ўзгариши), важд-ҳол (фикран У билан алоқамандлик) мақомига эришиши бундан далолат. Масалан, суликка кирган солик мақсад сари маълум белгиланган мақом-зинаси(синов)дан ўтиши, кўтарилиши лозим. Ана шу ҳолатларни англатувчи сўзлар тасаввуф истилоҳи ҳисобланади. Таҳлилда олим Абу Наср Саррожнинг маълумотига суяниб, соликнинг руҳий-маънавий камолоти босқичини белгиловчи тариқат мақоми истилоҳлари саналмиш: тавба, вараъ, зуҳд, фақр, сабр, хавф, ражо, таваккул, ризо каби теминларни шарҳлаб, изоҳлаб тушунтиради. Эътибор беринг: хавф атамасининг луғавий маъноси-қўрқув, ваҳима; ташқи таҳдид. Комилов “хавф”га қуйдагича таъриф беради: “Хавф-қалбнинг ишончдан, иймон аминидан чиқиши, иккиланиш, таҳлика. Солик азобдан эмас, балки макрдан, нафс макридан қўрқади. Ваҳоланки, шайтон иймони мустаҳкам одамдан қўрқиши керак”. Юқорида саналган тасаввуфий атамаларни муфассир ўта синчиковлик билан маъно нозиклигини аниқлаб, толибларга тортиқ этган. Нажмиддин Комилов теран заковати билан тасаввуф таълимотини янги босқичга олиб чиққан зарофатли олим эди.
Нажмиддин Комилов адабиётшунос, хусусан, навоийшунос сифатидаги илмий услуби ва таҳлил усули ўзга тадқиқотчилар услубидан тубдан фарқ қилади. Сабаби, олим алломаларимиз томонидан туркий, форсий, арабий тилда битилган қўлёзма ва литографик манбаларни аслиятдан юқори малакага эга бўлган етук матншунос ва манбашунос мутахассис сифатида равон ўқий билиши, уларнинг мазмун-моҳиятини ҳужжат асосда илмий таҳлил этишга қодир эди.Тафаккур соҳибларининг маърифий қарашларини бутун бир андозага келтириб, синтез қилади, мазмунини китобхонга тортиқ этади. Мутолаа асносида ҳосил бўлган назарий-илмий қарашларини ўз рисола, мақолалари қурилишида долзарб манба сифатида муомалага киритади ва соф, тоза, янги маълумотларни қўллаш орқали хулосаларнинг устуворлигини таъминлайди. Ундаги бу жиҳат олимнинг эҳсос қуввати, қабул сезими, билим уфуқининг кенглигидан далолат. Олимнинг ёзишмалари стилистика нуқтаи назаридан бадиятга жуда яқин. Мавзу талаби билан сўз танлаши ва қўллаши уни иншо соҳасида маҳоратли мунши эканини тасдиқлайди.
Нажмиддин Комилов ҳаётлигида нашр бўлмай қолган ва истеъдодли, баркамол адабиётшунос Олимжон Давлатов ташаббуси билан 2012 йилнинг ёзида чоп этилган Алишер Навоийнинг ғазаллари таҳлилига бағишланган “Маънолар оламига сафар” номли асари ғазалшунослик соҳасида янгича тартиб-усулда битилган оригинал тадқиқот ҳисобланади. Рисоланинг кириш қисмида ғазални шарҳлаш бўйича қўлланган усул, тартиб, қоида ҳақида маълумот берилади. Муаллифнинг тавсифига кўра, ғазал матнида учраган қийин сўзлар маъносини изоҳлаб, луғат тузиш, байтларнинг насрий баён этиш, ғазалнинг умумий мазмун - маъноси, бадиий хусусияти устида мулоҳаза юритиш ва бу усулни таълим-тарбияда жорий этиш самарали воситалардан бири, деб баҳоланади. Ғазал аруз вазнида битилгани боис, уни аруз вазни талабига мувофиқ ўқиш шартлиги, аруз вазнида ғазал ўқилмаса, вазннинг бузилиши, ғазалнинг таъсирчан хусусияти пасайиши, унинг оҳангдорлигига путур етиши ва шоир кўзлаган мақсад ечилмай қолиши мумкинлиги таъкидланади рисолада.
Нажмиддин Комилов форс тили таржимони сифатида форс-тожик адабиёти намуналаридан бир қатор асарларни ўзбек тилига ўгирган. “Комил инсон ҳақида тўрт рисола” номи остида “Маънавият” нашриёти томонидан 1997 йилда нашр этилган китобда Фаридиддин Атторнинг “Илоҳийнома”, “Мантиқ ут-тайр”, Султон Валаднинг “Маориф”, Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” каби асарлар шу мажмуа сирасида жой олган. Шу ўринда XIII асрда яшаб, ижод этган ҳамюртимиз Азизиддин ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ” асари таржимаси ҳақида баъзи кўнгилдан ўтган мулоҳазаларни баён қиласак. Машҳур шарқшунос олим Е.Э.Бертельс “Офоқнома”, “Миръот ал-муҳаққиқийн”, “Зубдат ул-ҳақойиқ”, “Умм ул-хитоб”, “Усули одоб” каби фалсафий мазмундаги беш дафтар(тракт)нинг илмий танқидий матнни тайёрлаб, “Офоқ ва Анфус” номлаб, Б. Ғафуров ва А.Мирзоев таҳрири, сўзбошиси асосида Москванинг Шарқ халқлари адабиёти нашриёти томонидан 1970 йилда чоп этади ва бу қимматбаҳо асарни Тожикистон ФА академиги Абдулғани Мирзоев ҳурматли устозимиз Қутбиддин Муҳиддиновга тақдим қилади. Нажмиддин Комилов “Зубдат ул-ҳақойиқ”ни ўзбек тилига ўгиришида ушбу танқидий матнни асос қилиб олган. Таржимон “Зубдат ул-ҳақойиқ” сўзбоши сарлавҳасини “Камолот илми” атаб, тавсиф беради. Олимнинг китоб жавонида сақланган бир мўътабар асарни варақлай туриб, устоз сарлавҳа устидан қалам тортиб, “Мақсадимиз – комил инсонни тарбиялаш” деб битилган иборага кўзимиз тушди. Мураббийнинг қалбида жўш уриб, умр дафтарини эллик йил безаб, уни саодатга сафарбар этган, маърифатга йўлдошлик қилган эзгу шиорни матлабимиз ифодаси учун ушбу қалб изҳорни шу ном билан атадик.
Нажмиддин Комилов ”Зубдат ул-ҳақойиқ” турк, олмон, инглиз, француз тилларига таржима бўлгани ва Азизиддин Насафий меросини ўзбек китобхонларига таништириш мақсадида бу асарни таржима қилганини қайд этади. Асар XIII асрда ёзилишига қарамай, лексик қатламида ўзгариш деярли сезилмайди, услуб равон. Унинг ўқилиши осон, ибора қурилиши мураккаб эмас, матнда ишлатилган фалсафий ва тасаввуфий истилоҳлар асарнинг асосий мағзини ташкил этади. Асар мутолаасига киришган ўқувчи ўрта асрда ривож топган ижтимоий билимлардан маълум даражада кўникмага эга бўлмоғи лозим. Таржимон бу соҳада комил бўлгани боис, матнда қўлланган барча диний, тасаввуфий атамаларни матн вариантда келтириб, тушунилиши мураккаб сўзларни қавсда соддалаштириб кўрсатади, ўзбекча муқобилини келтиради. 2006 йилда Нажмиддин Комилов ва Маҳкам Маҳмудов таржимасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган Фаридуддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” насрий баёнида бу ҳикоя қуйидагича ўгирилган: “Шайх Абу Саъид (ибн Абул-Хайр) Меҳнавий бир куни ҳаммомга киради. У билан куч қувватга тўлган, аммо маърифати кам йигит ҳаммомга кирган эди. Йигит баданини намойиш этиб, шўхлик қилиб, шайхга мақтанади: ”Эй, пок зот, жавонмардлик қанақа бўлишини менга айтиб бер”. Абу Саъид айтадики “Жавонмардлар шўх жойини яширади, халқ кўзига кўрсатмайди”. Бу жавобдан ҳалиги йигит хижолат чекиб, ўзининг нодонлигига иқрор бўлиб, шайхнинг оёғига йиқилди”. Бу ҳикояда қўлланган شوخ сўзини ўқишда ва маъно чиқаришда баъзан хатога йўл қўйилади. Агарда “шух” деб ўқилса, “чирк, баданнинг кири” маъносини англатади, агарда “шўх” деб ўқилса, “Фарҳанги забони тожик”да “шўх” сўзи беқарор, бебош, безори, беҳаё, беадаб, шармсиз, густоҳ, фикри бузуқ, калтафаҳм маъноларини англатган. Асғар Барзийнинг “Шарҳи комили “Мантиқ ут-тайр” Аттори Нишобурй” шарҳида бу сўз “чирк” ва “айб” ( инжо дар маънии чирк ва айб аст) маъносида талқин қилинган. Демак, бу сўз матнда “шух” شوخ тарзида ёзувда омоним бўлиб келганлигига асосланиб, икки маънода ҳам вазият-ҳолатга қараб қўллаш мумкин.
Шайх Муслиҳиддин Саъдий “Ақл ва Ишқ ҳақида рисола” асарида ёзади: “Билгинки, зоҳирий илмдан мурод макорим ул-ахлоқдир ва ботиний софлик эса жисмни тозалаш орқали вужудга келади. Солик жамолининг хираланишига сабаб нафснинг қутқуси ҳисобланади. Ҳижобнинг кўтарилиши гўзал ахлоқ ва руҳоний мушоҳадалардан маҳрум этади. Шундай экан, қалб мусаффолигига эришиш ҳамда ахлоқи ҳамидани ҳосил қилиш, зарурий илмларни эгалламоқлик тариқат муридига вожиб бўлади. Солик бу хислатларга дохил бўлмоғи учун узлат ва хилватни дўст тутмоғи лозим. Шунда солик тариқатда маърифат гулшанидан баҳраманд бўлади. Бу Оллоҳ томонидан соликка ирода қилинган амалдир. Зеро, Оллоҳнинг зикри соликка завқ ва шавқ ато этади. Натижада, солик ўзга олам кишисига айланади. Зикр соликни Оллоҳнинг ғайбига мустағрақ қилади. Бу важд деб номланади, интиҳоси эса илоҳий ишқ ҳисобланади. Булар васл, маърифат ва камолатига йўл очади”.
Нажмиддин Комиловнинг инсоний, ахлоқий, маърифий сифатлари Муслиҳиддин Саъдий таърифлаган фазилатлар билан зийнатланган, десак муболаға бўлмайди. Ғиёсиддин Хондамир “Макорим ул-ахлоқ” асарида: “Кимки тонг каби сирларни очиб ташлашни ўзига касб қилиб олса, қуёш сингари бошига олтин қадалган тож кияди, дейди. Биз ҳам Нажмиддин Комиловни илм тожини бошига баланд қўндирган, шуъласидан тийра қалбларни мунаввар этган фикрат соҳиби дейишни лозим топдик.
Исҳоқхон Носиров доцент,
Филология фанлари номзоди.