Ўтган беш йил давомида барча жабҳалар қатори суд-ҳуқуқ тизимида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда, айниқса, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш орқали жамиятда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга эришиш устувор аҳамият каб этмоқда. Бунинг учун аосий эътибор судьялик касбига малакали кадрларни тайёрлаш, танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари бежиз мустақил ва профессионал судьялар корпусини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмаяпти. Судья қачонки мустақил бўлса, шунда унинг холислиги ва, алал-оқибат жамиятда қонунийлик ҳамда адолат таъминланади. Шу маънода, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, унга конституциявий орган мақоми берилганлигининг ўзи бу борада улкан қадам бўлганлигини кўрсатади.Зеро, Кенгаш судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашади.
Куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун имзоланди.
Маълумки, 2020 йил 7 декабрь куни муҳтарам Президентимизнинг тизимда инқилобий ўзгаришларга ҳуқуқий асос бўлган “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди.
Мазкур фармонда белгиланган вазифалардан келиб чиқилган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунининг жами 13 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, шундан
7 модда янги таҳрирда берилди, 1 та модда чиқарилди.
Ўзгартиш ва қўшимчалар, аввало, тизим фаолиятидаги очиқлик ва шаффофликни янада таъминлашга хизмат қилишини таъкилаш керак. Чунки, айни шу икки омилсиз етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрлар билан судьялар корпусини самарали шакллантириб бўлмаслиги, тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш мумкин эмас. Шунингек, очиқлик ва шаффофликни таъминламасдан туриб, жамоатчиликнинг судга бўлган ишончини ҳам ошириб бўлмайди.
Қонун билан судьялар тайинловининг холислигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгаши таркибидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари чиқарилди (5-модда). Кенгаш раиси, раис ўринбосари, котиби ва судьялар орасидан тасдиқланган ўн бир нафар аъзоси ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши, (Кенгашнинг) фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассисларидан иборат етти нафар аъзоси ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши қонуний мустаҳкамланди.
Шунингдек, Кенгашнинг асосий вазифалари (6-модда) кенгайтирилиб унга:
судьялар дахлсизлиги бузилиши ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш;
судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш;
кенгашнинг ҳамда суд тизимининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;
раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун муносиб судья кадрларни танлаб олиш, шунингдек уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш масаласи юзасидан ташаббус кўрсатиш каби қатор вазифалари юкланди.
Шу билан бирга, қонунда Кенгаш раисининг суд ҳокимияти мустақиллигини, судьялар дахлсизлигини таъминлашга ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар, шунингдек суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якунлари бўйича ахборот тақдим этиши белгиланди. (9-модда).
Қонунда Кенгаш раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва одил судловга амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратурага тақдимнома киритиш ҳуқуқи акс этган. Шунингдек, прокуратура органларига киритилган тақдимноманинг кўриб чиқилиши муддатлари ва натижаларига оид тартиблар ҳам ўз ифодасини топган.
Ваколат масъулият демакдир. Иккинчидан, ушбу янги нормалар суд ҳокимиятини мустақиллигини таъминлаш масаласи давлат раҳбарининг шахсий эътиборида эканини англатади.
Бундан ташқари судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан Кенгашга бу ҳақда ушлаб туриш асос бўлган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда хабар қилиниши шартлиги (18-модда, 3-қисм) қонунан мустаҳкамланди.
Юқорида қайд этилганфармон ижросини таъминлаш борасида ўтган йилдан бошлабй этилганидан жамоатчиликнинг хабари бор. Бунинг натижасида танлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилди. Хусусан, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи миллий электрон дастури амалиётган татбиқ этилди.
Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолаш дастурини яратиш борасидаги ишлар якунланиш арафасида. Шулардан келиб чиқиб, Кенгаш аъзосига эса электрон рейтинг дастури орқали судьялар фаолиятининг самарадорлигини мониторинг қилиш ҳуқуқи берилди (12-модда).
Мазкур фармон билан Кенгаш тузилмасига қатор ўзгартиришлари киритилган эди. Ўзгаришлар энди қонунда ҳам ўз ифодасини топди. Хусусан, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузилгани (5-модда) эса Кенгашнинг асосий вазифаларини самарали амалга оширишда ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Қонунда Кенгаш аъзолари мажбуриятлари(13-модда) ҳам кенгайганини кўриш мумкин. Кенгаш аъзоларининг суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципини рўёбга чиқаришда иштирок этиши маълум. Энди улар зиммасигасудьялар орасида коррупция ҳолатларнинг оқибатлари ва сабабларини, шунингдекуларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва бартараф этишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этиш ҳамда бу ҳаракатлар тўғрисида Кенгашга хабар бериш мажбурияти ҳам юклатилди.
Муқаддам Кенгаш раисининг ўринбосари жамоатчилик асосида фаолият юритган ва бир вақтнинг ўзида Судьялар олий мактабини бошқарган бўлса, юқоридаги фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий этилганди. Шундан келиб чиқиб, қонуннинг 10-моддасида Кенгаш раиси ўринбосарининг судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарлик қилиш, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид вазифа ва ваколатлари белгиланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
6 январдаги қарори билан Судьялар олий мактаби ташкил этилган ва фақатгина шу ўқув юртини тамомлаган тингловчилар судьялик лавозимига эълон қилинган танловларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланди. Бу ўз-ўзидан судьяликка захирага олиш институтига эҳтиёж қолмаганлигини кўрсатди ва шунга асосан Кенгаш ваколатидан илк маротаба тайинланадиган судьялик лавозимларига номзодларнинг захирасини шакллантириш вазифаси чиқарилди.
Қонуннинг 24-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, бўш судьялик лавозимлари тўғрисидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши ҳамда судьяликка номзод бўш судьялик лавозимларини тўлдириш учун танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Хулоса ўрнида қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар суд мустақиллигини таъминлаш орқали жамиятимизда қонун устуворлиги ва адолат ўрнатилишига хизмат қилади.
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши раиси