Мақсад – ноёб ҳайвонларни сақлаб қолиш
Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида ўтказилаётган биотехник тадбирлардан кўзланган мақсад ёввойи ҳайвонларни қиш совуғидан беталафот олиб чиқишдир. Мазкур жараёнлар ҳақида Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи мутахассиси Акбар Рустамов қуйидагиларни маълум қилди.
– Қиш фаслида ёввойи ҳайвонлар ва қушлар озуқа топишга қийналади. Бундай пайтларда уларнинг яшаб қолиши ва кўпайиши учун хавф янада ортади. Тоғ олди жойлардаги ўсимликлар қор остида қолгани сабабли ҳайвонларнинг озиқланиши учун шароит камаяди. Шуларни ҳисобга олиб ҳайвонлар озуқланадиган нуқталар аниқланади ва зарур ем-ҳашаклар тарқатиб чиқилади.


Шундай тадбирлардан бири Миллий табиат боғи ҳудудидаги Белдирсой ов хўжалигининг “Суранота”, “Оқсоқ ота сой”, Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигининг Саргардон бўлими “Қайинсой” ва “Арпапоя” ҳудудларида ўтказилди. Унда катта харсанг тошлар ораси ва таг қисмидаги қуруқ жойларга, дарахтларнинг атрофларига жами 800 килограмм арпа ва 950 килограмм пичан маҳсулотлари тарқатилди.


Аслида бу ерда муҳофаза қилинадиган ҳайвонлардан 24 тури Ўзбекистон Республикаси “Қизил Китоби”га, 10 тури Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро иттифоқи Қизил руйхатига киритилган. Улар орасида оқ тирноқли Тянь-Шань айиғи, кўк (Мензбир) суғур, силовсин, қор қоплони (илвирс) кабилар бор. Шу билан бирга, қушларнинг 27 тури ўтроқ, 68 тури ин қурадиган, 15 тури қишлайдиган. Шунингдек, 18 тури эса, вақтинчалик учиб ўтадиган қушлардир.
Мазкур саъй-ҳаракатлар келгусида ҳайвонот оламини сон жиҳатдан ортиши ва яшаб қолишига хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА.