Мақсад – ижтимоий фаровонликка эришиш
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида сайловчилар билан учрашди.
“Адолат” социал-демократик партияси жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида ўзининг юрт тақдирига дахлдор ва чуқур таҳлилларга асосланган ғоя ва ташаббуслари билан иштирок этмоқда. Сайловчилар ишончини қозониш, буни келгуси беш йилликда амалий ечимлар билан оқлаш осонмас. Ана шу мақсадда Робахон Маҳмудова раҳбарлигида партия тизимидаги тузилмалар вакиллари, фаоллар, депутатликка номзодлар жойларда аҳоли билан мунтазам мулоқотлар ўтказаётир.

Ҳар бир учрашувда партиянинг олий таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, оила ва хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мақомини мустаҳкамлаш бўйича халқчил таклифлари муҳокама қилинаётгани ва бу жараён халқнинг эҳтиёжларига тўғридан-тўғри жавоб бериши кўп бора таъкидланаётгани эътирофга сазовор.
Робахон Махмудованинг Пахтакор туманилик сайловчилар билан учрашувида иштирокчиларга партиянинг янги сайловолди дастури мазмун-моҳияти тушунтирилди, электорат вакиллари билан яқиндан мулоқот қилинди.
Ўзаро самимий руҳда кечган мулоқотларда сўнгги йилларда юртимизда маҳалла институтини ривожлантириш, ҳудудлар ижтимоий инфратузилмасини янги замон талаблари асосида мустаҳкамлаш, маҳалла идораси одамлар муаммоларини ҳал этиши, уларнинг фикрларини эшитиши ва давлат ҳаётидаги иштирокини белгилашда бирламчи бўғин сифатида шаклланаётгани қайд этилди.

– Нуроний отахон ва онахонларимизга мўлжалланган турли тадбирларни ўз ичига олувчи алоҳида комплекс соғломлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ниятидамиз, – деди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова. – Ушбу дастур доирасида шифохона ва поликлиникаларда қариялар билан ишлайдиган шифокор-геронтолог штатини жорий этиш кўзда тутилган.
Сайловчилар билан ўтган жонли мулоқотдан сўнг партия етакчиси Пахтакор маҳалласи гузарида ташкил этилган тикув цехи фаолияти билан танишди.

Цех маҳаллий тадбиркор Гулчирой Қаршиева томонидан 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, 20 нафар ишсиз хотин-қизнинг доимий бандлигини таъминлаган. Шунингдек, яна 6 нафар хотин-қиз касаначилик асосида ушбу цех буюртмасини бажариб келмоқда. Бу ерда аёллар ва болалар либослари, ишчи-ходимлар учун иш кийимлари ҳамда мавсумий кийимлар тикилади.
Танишув жараёнида Гулчирой Қаршиева тадбиркорлик фаолиятини бошлаш жараёнида унга “Адолат” СДП фаоли, туман ҳокими ўринбосари Дилбар Шоназарова маҳалла идорасининг бўш турган ерини ҳамда банкдан 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит олишда яқиндан ёрдам берганини айтиб, миннатдорчилик билдирди.
Робахон Маҳмудова тадбиркорга фаолият турини кенгайтириш, маҳсулотларни нафақат ички бозор, балки экспортга ҳам йўналтириш борасидаги режасини қўллаб-қувватлаши ва уни амалга оширишда кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.

Партия етакчиси туман “Адолат” СДП тарғибот-ташвиқот пункти ишини ўрганди.
Робахон Маҳмудова партиянинг янги сайловолди дастури фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари, соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодий ривожланиш, экологик муҳофаза ва ижтимоий адолат каби муҳим масалаларни қамраб олганига урғу бериб, аҳолини “Адолат” СДПга овоз беришга чақириш учун жараёнларни юқори савияда ўтказиш, партия мақсадларини халқчил тилда тушунтириб бериш зарурлигини таъкидлади.
Шундан сўнг, партия етакчиси туман молия бўлими фаоллар залида “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши масъуллари, депутатликка кўрсатилган номзодлар, партия фаоллари, маҳалла ва ОАВ вакиллари билан учрашди.
Учрашувда вилоят кенгаши томонидан сайлов кампанияси даврида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, пунктлар фаолияти, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Сиёсий кенгаш раиси Робахон Маҳмудова “Адолат” СДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги сайловолди дастури мазмун-моҳияти, хусусан, аҳоли фаровонлиги, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича акс этган ғоя ва таклифлари юзасидан сўз юритди.
– Партиямиз келгуси беш йилликда бошқа йўналишлар қатори, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароитларни янада кенгайтиришга ҳам устувор аҳамият қаратади, - деди Робахон Маҳмудова. – Албатта, бунда биз уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш ҳамда оналик ва болаликни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатни олиб боришимизни алоҳида таъкидлашни истардим.
“Адолат” СДПнинг юқорида таъкидланган мақсад ва режалари асосидаги янги сайловолди дастурида муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлган, узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган самарали ва халқчил таклифлар ўрин олган. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, айниқса, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтириш, зўравонликнинг турли кўринишларига учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёлларга ҳамда болаларга давлат томонидан бепул бериладиган витаминлар, йод ва фолий кислотасининг ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини таъминлаш устидан парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш шулар жумласидандир.
Учрашув давомида вилоят кенгаши томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий вакиллик органларига кўрсатилган номзодлар ҳам сўзга чиқиб, сайловчиларни ўз сайловолди дастурлари билан батафсил таништирди.
Учрашув иштирокчилари партия сайловолди дастурида эътиборни тортган айрим жиҳатлар, таклифлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари