Мақсад – ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш
Президент қарори ижрода
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган йиғилишда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, қарор ижросини ташкиллаштиришга Бухоро вилояти бўйича масъул Миллий гвардия қўмондони, генерал-маёр Рустам Джураев, вилоят, туман, шаҳар сектор раҳбарлари ҳамда соҳага оид мутасаддилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий соҳа ташкилотлари, шунингдек, ҳамкор идораларнинг раҳбарлари ҳамда вилоятнинг барча маҳаллаларининг еттиликлари иштирок этди.

Йиғилишда Миллий гвардия қўмондони Республика ишчи гуруҳи томонидан “Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш” устувор вазифа тамойили асосида манзилли ишлар белгилаб олинганини таъкидлади.
Унга кўра, вилоятда 13 та туман ва шаҳар, шунингдек, 544 та маҳалла кесимида йўл хариталари тасдиқланиб, дастлабки босқичда 76 та “қизил” тоифадаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларнинг барчаси туман ва сектор раҳбарларига, прокуратура, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бошлиқларига номма-ном бириктирилганлиги уларнинг иш натижадорлиги ҳар ойнинг якунида Ички ишлар вазири, ҳар чоракда Бош прокуратура ҳамда ярим йиллик фаолияти натижалари Бош вазир ҳузурида муҳокама этилиши белгиланганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, қарор талабларининг ижроси масъуллар ва маҳаллалар еттилиги томонидан тўғри ташкил этилиши ҳамда фаолиятлари давомида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган таъсирчан, манзилли тарғибот ишларини олиб боришга, маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга, бунда асосан ишсиз фуқаролар, хотин-қизлар ва ёшларни бандлигини таъминлашга, шунингдек, пробация ҳисобидаги шахслар билан мунтазам иш олиб бориш каби муҳим вазифаларга қаратилиши таъкидланди.
Жамоат жойлари ва аҳоли яшаш хонадонларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига бўлган турли хил тажовузларнинг олдини олиш борасида Миллий гвардия қўриқлаш хизматининг замонавий рақамли технологиялари ҳамда техник воситаларининг афзалликларидан унумли фойдаланилмай келингани ва унинг салбий оқибатлари туманлар кесимида санаб ўтилди ва мазкур йўналишдаги талаблар юзасидан вазифалар белгиланди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ таркибида бўлган Ички ишлар вазирлиги Академияси раҳбари бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар томонидан ҳафта давомида 17 та криминоген вазияти оғир маҳаллаларда 130 дан ортиқ жиноятлар илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилди. Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг асл омилларини аниқлаш ва барҳам бериш юзасидан жойларда соҳага оид масъуллар билан биргаликда зарур чора-тадбирлар олиб борилди.
Тадбирда масъулларнинг ахборотлари тингланди. Улар томонидан ҳозирда кескин кўпайган кибержиноятга қарши курашиш борасидаги ва бошқа турдаги жиноятларнинг барвақт олдини олиш юзасидан билдирилган фикр мулоҳазалари муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамда Миллий гвардия қўмондони томонидан киритилган таклифлар юзасидан вилоят ҳокими барча раҳбарларга тегишлилиги бўйича аниқ вазифалар юклаб ижро муддатларини белгилаб берди.
Шунингдек, вилоят прокуратураси, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ҳамда ҳамкор ташкилот ходимларидан иборат кичик ишчи гуруҳларнинг фаолияти 24/7 режимда вилоятнинг барча шаҳар-туманларида маҳаллалар бўйлаб қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, ижросини таъминлаш чораларини давом эттириши таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири