Мақсад аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида ҳам кенг миқёсли ўзгаришлар бўлмоқда. Мавжуд шифохоналар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошаётир. Буни Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мисолида ҳам кўриш мумкин.
Мазкур тиббиёт маркази 439 ўринга мўлжалланган. Шундан бюджет ҳисобида 216 ўрин ва 233 ўрин хўжалик ҳисобида фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга жорий йилда марказда хўжалик ҳисобидаги 18 ўринли реабилитация бўлими ҳам ташкил этилди.
– Биргина жорий йилда марказимизнинг жарроҳлик бўлимларига 900 миллион сўмлик, шундан умумий хирургия, урология, проктология, қон-томир хирургияси, йирингли хирургия, травматология бўлимларига операцион столлар, операцион лампалар ва коагуллятор аппарати харид қилинди, – дейди марказ бош шифокори Тўлқин Расулов. – Бундан ташқари, физиотерапия бўлими учун физиотерапевтик аппаратлар ва урология бўлими учун резектоскоп набори “Трансуретальный резекциялар аденомалари” операцияларини бажариш учун харид қилинди. Марказга қарашли “Golden Dragon” русумли микроавтобусда ҳафтанинг ҳар чоршанба, шанба кунлари тор доирадаги мутахассислар томонидан шаҳар ва туманлардаги энг олис қишлоқларга бориб чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилади, амалий ҳамда методик ёрдам кўрсатилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, марказ хориждаги нуфузли тиббиёт муассасалари билан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликда меморандумлар имзолаган. Хусусан, меморандумга асосан жорий йил 7 июнь кунидан – 2 июль кунигача Россия федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги Ставрополь давлат тиббиёт университети томонидан “Актуальные вопросы по неврологии” мавзусида 16 нафар марказ ва вилоят шифокорлари иштирокида марказда онлайн тарзда сайёр цикл ташкил этилди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудуди 6 гектардан иборат бўлиб, бўлимлардан маслаҳат диагностика биноси бўлимигача радиус масофаси 600 метрга тенг бўлганлиги сабабли, марказда ётиб даволанаётган оғир беморларни текширувлар ва маслаҳатларга олиб бориш ҳамда марказ ҳудудида оғир беморларга хизмат кўрсатиш мақсадида марказ томонидан ишлаб топилган пуллик хизмат ҳисобидан 2021 йил янги “Дамас” тез тиббий ёрдам автомашинаси харид қилинди.
Айтиш жоизки, вилоят аҳолисига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни ҳудудлар бўйича чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш ва ҳудудларнинг ўз хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда касалликларни олдини олиш, касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволашнинг замонавий ва илғор усулларини амалиётга тадбиқ этиш мақсадида марказдаги урология, нейрохирургия, пульмонология, аллергология, нефрология, гастроэнтерология ва гематология бўлимларида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, малакали мутахассислар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналар билан жиҳозланиб, минтақавий филиаллар очилди. Бундан ташқари марказда фаолият юритаётган ходимлар учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, ходимларнинг спорт билан шуғулланиши учун спорт инвентарлари билан таъминланган спорт зали ишга туширилди.
– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Германиянинг KFW банки молиявий маблағлари ҳисобига молиялаштирилаётган “Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизациялаш” лойиҳасига марказимиз ҳам киритилган, – дейди Т.Расулов. – Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа доирасида марказга “PHILIPS” фирмасининг 1 миллион евро қийматилик, Нидерландияда ишлаб чиқарилган замонавий МРТ ускунаси ўрнатилди ва ишга туширилди. Қайд этиш жоизки, шу пайтгача марказнинг нейрохирургия бўлими мазкур лойиҳа асосида кўчма рентген-ташхислаш тизими ва портатив рентген аппарати “APELEM” билан таъминланган эди. МРТ ускунасининг ўрнатилиши мазкур хайрли тадбирларнинг узвий давоми бўлди.
Шунингдек Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт туризм йўналиши бўйича олиб борилаётган фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида марказнинг барча бўлимларида чет эл ва маҳаллий сайёҳлар учун 2-3 кишилик, барча қулайликларга эга VIP палаталар ва махсус парҳез таомлар ҳам ташкил этилган.
Маълумки, 2020-2021 йиллар жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси туфайли барча давлатлар учун мураккаб ва синовли йиллар бўлмоқда. Коронавирус балоси мамлакатимиз тиббиёт тизими учун ҳам жиддий синов, ҳам улкан тажриба мактаби бўлди. Энг муҳими коронавирусга қарши курашда туну кун метин ирода билан фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш доимий эътиборда.
– 2021 йил 10 июль кунидан бошлаб вилоятимизда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар мурожаати кўпайганлиги сабабли, Қарши шаҳар “Олимпия заҳиралари саралаш ва даволаш маркази” ишга туширилган, – дейди Т.Расулов. – Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази тиббиёт ходимлари мазкур марказда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга эртаю кеч тиббий хизмат кўрсатди. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш жараёнида иштирок этди. Уларнинг карантинга олинган фуқароларни тиббий кузатувга олишда фидойилик билан меҳнат қилаётган минглаб тиббиёт ходимлари қатори шундай синовли кунларида қаҳрамонларча олиб бораётган фаолиятлари таҳсинга лойиқ.
[gallery-3765]
Ўлмас Баротов,
ЎзА. Жамшид Норқобилов (сурат)