Мақсад – аҳоли бандлигини таъминлаш
Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Олот туманида бўлди.
Ишчи гуруҳи маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, миграцияда бўлган ҳамда миграциядан қайтган фуқаролар билан олиб борилаётган ишлар бўйича белгиланган вазифаларнинг ижросини ўрганди.
Дастлаб, “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғини бешлиги билан суҳбатлашилди. Уларнинг маҳалла фуқаролар йиғинидаги тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишилди. Жумладан, мазкур маҳаллада жойлашган тадбиркор Азизжон Ғайбуллаев томонидан ташкил этилган “Дўстлик қоғозлари” оилавий корхонаси фаолияти ўрганилди.


Корхона жорий йил март ойида ҳоким ёрдамчиси тавсияси асосида ажратилган 52 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ташкил этилган. Корхона қуруқ қоғоз (салфетка) ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада иккита доимий ишчи ўрни яратилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички бозорда сотилиши йўлга қўйилган.
Корхона раҳбари билан корхонанинг бизнес режаси, шу жумладан, қилинган харажатлар ва олинаётган даромадлар, фаолиятни кенгайтириш билан боғлиқ масалалар хусусида суҳбатлашилди.


Шунингдек, ишчи гуруҳи “Bukhara gold star moto” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлди.
Мазкур жамият ҳам жорий йилда ташкил этилган. Унга ёшлар саноат зонасидан 1,7 гектар ер майдони ажратиб берилган. Унда умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлган мотороллер ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида бино ва иншоотлар барпо қилинмоқда. Жамият сентябрь ойидан дастлабки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни бошлайди. Корхонада дастлабки босқичда 5 хил турдаги мотороллерлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада 60 янги иш ўрни яратилади.
Корхона таъсисчиси Э. Қувватов билан суҳбатда корхонани тўлиқ ишга туширилиши учун мавжуд муаммолар ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ўрганилди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганишлари “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғини бешлиги билан ўтказилган суҳбат жараёнида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган фуқаролар билан олиб борилаётган ишлар, уларга кўрсатилаётган ёрдамлар, жиноятчилик бўйича маҳалла “қизил” ҳудудга кирганлиги ва унинг сабаблари кенг муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳи Баҳодир Жумаев хонадонида бўлди. Хонадон соҳибининг фарзандлари Зариф ва Орифларнинг хориж давлатида қандай юмуш билан бандлиги, даромади ва оиланинг бошқа муаммолари ўрганилди.

Шу куни “Аёллар дафтари”га киритилган Динара Саидовага субсидия асосида тикув машинаси олиб берилди. Уни иш билан банд қилинганлиги ҳолати ўрганилди. Ўрганишлардан маълум бўлишича, фуқаронинг турмуш ўртоғи мигрант ва унга кўрсатилган ёрдам туфайли бугунги кунда тадбиркор Замира Қулматова томонидан бунёд этилган икки қаватли хизмат кўрсатиш биносининг иккинчи қаватини ижарага олиб, шу ерда фаолиятини олиб бормоқда. Худди шундай кредит асосида тикув машинаси олиб берилган Маҳлиё Рўзимуродова ҳам шу ерда тикувчилик билан шуғулланмоқда.

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижалари юзасидан туман ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ташкилотлари раҳбарлари, туман сектор раҳбарлари, тумандаги иқтисодий комплекс раҳбарлари ҳамда маҳаллалардаги бешлик иштирокида кенгайтирилган тарзда йиғилиш ўтказилди. Унда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчиларининг ахборотлари тингланди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари томонидан олиб борилаётган ишлар қониқарли даражада ташкил этилмаганлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Вазиятни ўнглаш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА