Мақомни ҳарбийлар ҳам севади
Миллий мусиқа санъатимизнинг моҳиятини, гўзаллиги ва жозибадорлигини тингловчига етказишда устоз ижодкор, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблининг бадиий раҳбари Абдуҳошим Исмоилов саъй-ҳаракатлари беқиёсдир.
Устоз санъаткор манаман деган қайсар тингловчида ҳам мумтоз куйларимиз, мақом санъатига айрича меҳр, ҳурмат ва эҳтиром уйғота олади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан юртимиз бўйлаб шоир ижодиёти асосида яратилган санъат асарларидан иборат “Назм ва наво” кечаларини ташкил этиш юзасидан кўплаб ижодий лойиҳалар ҳаётга фаол жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қоровул қўшинлари ҳарбий қисмида “Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси” ташаббуси билан Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли жамоаси иштирокида “Мақом кечаси” ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбек миллий мақом санъати маркази ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Акрамжон Деҳқонов иштирокчиларга буюк мутаффаккир шахсияти, беқиёс ижоди ҳақида батафсил сўзлади.

Тадбир сўнгида кўрсатган амалий ёрдам ва ташаббускорликлари учун Ўзбек миллий мақом санъати маркази директори С.Бегматов, марказ директор ўринбосари К.Алимаҳсумов, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари А.Исмоилов, филология фанлари доценти А.Деҳқонов Ички ишлар вазирлигининг махсус ташаккурномалари билан тақдирландилар.
“Назм ва наво” кечаси чинакам санъат, нафосат, шеърият, мумтоз мусиқа байрами сифатида юксак савияда ташкил этилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири