
Пойтахтимиздаги «Маърифат маркази» симпозиумлар саройида Ўзбекистон халқ артисти Aбдуҳошим Исмоилов ва Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблининг ижодий-маърифий кечаси бўлиб ўтди.
Мусиқий оқшомда Aлишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари мутафаккир шоирларимизнинг китоблари ҳамда тасвирий санъат асарлари кўргазмаси ташкил қилинди.
Мақом – инсон қалбига беихтиёр кириб борувчи, руҳиятни покловчи, юксалтирувчи санъат. Кейинги йилларда миллий мақом санъатини ривожлантириш масаласи давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Натижада Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли фаолияти тобора равнақ топди.

Мазкур ансамбль бугунги кунда мамлакатимизнинг турли гўшаларида, меҳнат жамоаларида, хорижда миллий мусиқа санъатимизни жуда юксак савияда намойиш этиб келмоқда. Ансамблнинг муваффақиятли фаолиятида Абдуҳошим Исмоиловдек фидойи санъаткорнинг меҳнатлари, изланишлари беқиёсдир.
-Барча эзгу ташаббуслар учун Президентимизга таъзимдамиз, – деди Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов. – 1974 йилда мақом ансамблига келганман. Бу йил шу ижодий жамоага келганимга 50 йил тўлди. Охирги етти йил давомидаги ибратли ишларни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ўз пайтида 9 нафар, кейинчалик эса 6-7 нафар киши ансамблда ишлаганмиз. Ойликларимиз кесиб ташланган, ойликсиз ҳам ишлаб юрган пайтларимиз бўлган. Мақом ривожи йўлидаги улкан эътибор учун Президентимиздан миннатдормиз.

– Абдуҳошим акадек инсон билан замондош, елкадош бўлганимиздан, саҳналарда бирга чиқаётганимиздан беҳад бахтиёрмиз, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Муножат Йўлчиева. – Ижод аҳли меҳрга, эътиборга муҳтож бўлади. Лекин чинакам ижодкор ҳар қандай шароитда барибир ижод қилаверади. Абдуҳошим Исмоилов қайнаб турган булоққа ўхшайдилар. Уларнинг ижодидан халқимиз баҳраманд бўлаверсин.
– Абдуҳошим ака санъатимизнинг пешонасига битган бахтдир, – деди таниқли шоира Фарида Афрўз. – Санъаткор учун энг олий мукофот мухлислар меҳридир. Абдуҳошим Исмоилов – мухлисларнинг чинакам меҳри ва эътирофига сазовор бўлган санъаткор.
Ўзбекистон халқ артисти Aбдуҳошим Исмоилов бошчилигидаги Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамбли ижросида Aлишер Навоий, Бобур ғазалларидан мусиқий намуналар ижро этилди.

Ижодий-маърифий кечада таниқли адиблар, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари, ижодкорлар, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур ижодий-маърифий кеча мамлакатимизда адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини янада ривожлантириш ҳамда таниқли маданият ва санъат намояндаларининг ижодини кенг оммалаштиришга оид ташаббусларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири