Мақом спектаклида Алишер Навоий образи
Марғилон шаҳар мусиқали мақом театри ўзининг илк мавсумида томошабинлар эътиборига янги премьера – Нурулло Аббосхон қаламига мансуб “Навоий” мақом спектаклини туҳфа этди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида фаолиятини бошлаган мазкур театр ўзининг биринчи мавсумига алоҳида тайёргарлик кўрди. Театрнинг мақом ансамбли бадиий раҳбари Дониёр Ҳакимов, саҳналаштирувчи режиссёр Достон Ҳақбердиев, куй-қўшиқларни тайёрловчи бастакор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураҳмон Холтожиев ижодий жамоа билан ўтган ойлар давомида олиб борган ижодий изланишлари ҳосиласи ўлароқ Алишер Навоий образи мақом жанрида гавдалантирилди.
[gallery-133]
Спектаклда Алишер Навоий ролини актёр Азиз Исроилов, Ҳусайн Бойқаро ролини эса Ботир Султонов ижро этган. Шунингдек, саҳнада Абдураҳмон Жомий, Хисрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Камолиддин Беҳзод сингари тарихий сиймолар ҳамда Навоий асарларининг бош қаҳрамонлари, Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин образлари маҳоратли гавдалантирилган.
Мақомнинг сеҳрли олами бир зумда томошабинларни қамраб олади. Алишер Навоийнинг “Сараҳбори ироқ”, “Эй, сабо”, “Соқийномаи байт”, “Топмадим” сингари ғазаллари асосида басталанган куй-қўшиқлар дилларга ҳузур бағишлайди.
Мазкур мақом спектакли Навоий ижоди, унинг асарлар яратишидаги ранг-баранг дунёқарашини ўзида мужассам этган. Томошага келган ҳар бир киши Навоий асарлари билан яна бир бор танишади, маънавий дунёсини бойитади. Навоий ғазаллари асосида таралаётган мақом куй-қўшиқлари орқали унинг ижод оламига саёҳат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА