Президентимиз 2023 йилнинг 22 декабрида Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мақом санъати тарғиботи йўлида самарали меҳнат қилаётган фидойи ижодкорларни алоҳида эҳтиром билан эътироф этди.

Дарҳақиқат, миллий мақом намуналарини кенг тарғиб этаётган устоз санъаткорлар, бадиий жамоалар, хонанда ва созандалар, бастакорлар меҳнатини ҳар қанча шарафласак оз. Миллий мусиқа санъатимизнинг ушбу бебаҳо йўналиши атоқли ижодкор Юнус Ражабийнинг заҳматли ижоди, фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Бугун устоз санъаткор таваллуд топганига 127 йил тўлди. Аксарият мусиқашунослар ҳозиргача Юнус Ражабийни мақом санъатининг хазинабони, деб ҳам таърифлайдилар. 

Манбаларга кўра, Юнус Ражабий 1897 йилнинг 5 январида Тошкентда туғилган. Аввал мадрасада, сўнг 1919-1922 йилларда Туркистон халқ консерваториясида, 1934 йилда Тошкент Олий мусиқа мактабининг тайёрлов курcида, 1940—1941 йилларда Москвадаги бастакорлар курсида таълим олган Юнус Ражабий халқ мусиқа меросини Мирзақосим ҳофиз, Ш.Шоумаров, Тўйчи Ҳофиз, Домла Ҳалим Ибодовлардан ўрганган эди. 

Устоз санъаткор меҳнат фаолиятини 1923—1925 йилларда Самарқанд педагогика билим юрти тўгараги ўқитувчиси сифатида бошлаб, 1925—1926 йилларда Самарқанд театрининг мусиқа раҳбари, 1927—1959 йилларда Ўзбекистон радио қўмитаси қошидаги халқ чолғу асбоблари ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари, 1942—1945 йилларда Тошкент вилоят Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрининг мусиқа раҳбари, 1959—1976 йилларда Ўзбекистон Телевидениеси ва радио эшиттириш Давлат қўмитаси ҳузуридаги мақом ансамбли ташкилотчиси ва бадиий раҳбари вазифаларида ишлади. 

Юнус Ражабий ўткир ширали овозга эга бўлган истеъдодли хонанда сифатида танилган эди. У айтган «Гиря», «Нолиш», 
«Кўча боғи», «Эшвой», «Курд», «Қаландари», «Шаҳнози Гулёр», «Баёт», «Қаро кўзим», «Дугоҳи Ҳусайни», «Чоргоҳ», «Мискин», «Насруллойи» каби мақом йўлларидаги ашулалар, устоз тиклаган «Субҳидам», «Ёлғиз», «Сайқал», «Сегоҳ», «Дугоҳ» ва бошқа қадимги ўзбек куй ва ашулалари ҳамон тингловчиларга завқ бағишламоқда. 

Хонандаликни бастакорлик билан уйғунликда олиб борган санъаткор ўзбек мусиқали драма жанрида самарали ижод этиб, куйлар, қўшиқлар, рақс куйлари, хор асарларини ёзди. 

Дастлаб Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин» (1922—1925), «Лайли ва Мажнун» (1926), Ў. Исмоиловнинг «Рустам» (1933), 
А.Ҳидоятовнинг «Аваз» (1935), Ҳамзанинг «Холисхон» (1940) спектаклларига халқ ашулалари асосида куйлар басталаган бўлса, кейинчалик С. Абдулла ва Чустийнинг «Қўчқор Турдиев» (1942), Б. Надеждин билан ҳамкорликда А. Умарий ва Уйғуннинг «Қасос» (1941), К. Яшиннинг «Фарҳод ва Ширин» (1944), Г.Мушель билан ҳамкорликда Ҳ. Олимжонминг «Муқанна» (1943), Халилов билан ҳамкорликда С.Қосимов ва Л. Маматхоновнинг «Нодира» (1942—1943), Б.Зейдман билан ҳамкорликда Ҳ.Ғуломнинг «Ўғил уйлантириш» (1964), Сайфи Жалил билан ҳамкорликда Й.Маҳсумовнинг «Навоий Астрободда (1968) каби мусиқали драмаларини ва Т.Содиқов, Д.Зокиров, Б.Зейдманлар билан ҳамкорликда «Зайнаб ва Омон» операсини ёзиб, ўзбек мусиқали драма жанрининг шаклланишига катта ҳисса қўшди. 

«Ёр-ёр»,«Мирзачўлда тўй», «Ўзбекистон», «Қаҳрамонлар ҳақида қўшиқ», «Бизнинг даврон», «Ватан ҳақида қўшиқ» «Халқлар дўстлиги», «Баҳор келди», «Шодлик», «Дугоналарга», «Кошки», «Гулбарги», «Ғалаба» каби куй, хор асарлари, маршлари, «Ўйин баёти», «Ўйин дугоҳи», «Пахта» сингари рақс куйларини ҳам яратди. 

Мусиқашуносларнинг фикрларига кўра, ўзбек мусиқа меросини тўплашда Юнус Ражабийнинг хизматлари ниҳоятда қатта. У 1935 йилдан бошлаб куй ва қўшиқларни, мақомларни тўплай бошлаган эди. Натижада Е.Романовская, А.Акбаровлар 1939 йилда тузган «Ўзбек халқ қўшиқлари» тўпламидан Ю. Ражабий нотага солган 29 та ашула ва қўшиқлар ўрин олди.

Юнус Ражабий 1955—1959 йилларда «Ўзбек халқ музикаси» дея номланган тўпламларини нашр эттирди. Уларга турли жанрлардаги мингга яқин ўзбек (бир қанча тожик, уйғур) куй ва ашулалар, «Бухоро Шашмақоми», Тошкент, Фарғона мақомлари, қатта ашулалар, Ҳамза қўшиқлари, ўнлаб бастакорларнинг асарлари киритилган. Мақом ансамбли билан узоқ ишлаши натижасида 1966-1974 йилларда (Ф.Кароматов таҳририда) «Шашмақом»нинг 6 жилдлик янги нашрини тайёрлади. Мазкур китобларга изоҳ берувчи 1978 йилда нашр этилган «Музика меросимизга бир назар» асари мақомчиларнинг ижро услубларини ўрганишда муҳим қўлланма бўлди. 

Юнус Ражабийнинг ўзбек мусиқа ва қўшиқ санъати ривожи йўлидаги улкан хизматлари муносиб қадрланиб, у 1958 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвони, Республика Давлат мукофоти (1973) билан тақдирланди. 1966 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланди. 

Бугунги кунда мамлакатимиздаги энг йирик “Мақом” ансамблига, Ўзбек Миллий мусиқа санъати институти, Тошкент метрополитенининг муҳташам станцияларидан бирига, Тошкентдаги марказий кўчаларнинг бирига Юнус Ражабий номи берилган. 

Мамлакатимизда устоз санъаткорнинг бой мероси, ижоди Ўзбек Миллий мақом санъати марказида, мусиқа йўналишидаги олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларида, мақом ансамблларида ўрганилмоқда. 

Республикамиз маданий жамоатчилиги 1997 йилда Юнус Ражабийнинг 100 йиллик юбилейини кенг нишонлади.

Ўзбек миллий маданияти ривожига улкан ҳиссаси учун устоз санъаткор 2000 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди. 

Н.Усмонова, ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мақом санъатининг хазинабони