Мақом. Шарқ мусиқашунослигида ушбу йўналишга алоҳида урғу берилиб, асрлар мобайнида мусиқий жозибадорлиги ва ижровий хусусиятлари билан санъатнинг бу тури халқимиз орасида эъзозланиб келинган.
Ҳозирги кунда шаклланган мақомлар ўз салмоғи ва мазмуни билан Шарқ халқлари миллий мусиқий меросининг асосий кисмини ташкил этади. Улар шаклан ва услубан ранг-баранг, оҳангдор куй ва ашула йўлларидан иборатдир. Хусусан, ўзбек мумтоз мусиқасида Бухоро Шашмақоми, Хоразм, Фарғона, Тошкент мақом йўллари, шунингдек, ёввойи мақом, сурнай, дутор йўллари юзага келган. Баъзи асарлар ўтмиш бастакорлик ижодиётининг мумтоз маҳсули бўлиб, асрлар давомида оғзаки анъанада сайқал топиб, бизгача етиб келган.
Айни вақтда миллий ўзликни англаш, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, уларнинг эстетик диди ва тафаккурини юксалтиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан фойдаланиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, унга асосан мақом мактабини қайта тиклаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Мазкур қарорга кўра, 2018 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказиш белгиланган бўлиб, унинг навбатдагиси жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги сўлим масканларида ташкил этиш режалаштирилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BGVgMr192V8" title="Maqom sanʼati rivoji yoʻlida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев ( видео), ЎзА