Манзилли ижтимоий кўмак – адолат мезони
Инсон зоти борки турмуши фаровон бўлиб, жамиятда барча ишлари енгил, адолатли битишини истаб яшайди. Мамлакатимизда замонавий ахборот коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланган ҳолда яратилаётган қулайликлар ҳам халқимизнинг ана шундай орзу-умидларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 11 августдаги “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлди.
Мазкур ҳужжат билан ташкил этилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва ижтимоий ҳимояни амалга оширишда ортиқча қоғозбозликларга чек қўйди. У инсон омилисиз оила ёки фуқаронинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини аниқлаб, ижтимоий ҳимояни амалга оширадиган ва уни назорат қилиб, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлашган тизимга айланди.
Мутахассисларнинг айтишича, бу тизим орқали йигирмага яқин вазирлик ва идоранинг маълумотлар базасидан реал вақт режимида электрон алмашув асосида 40 дан ортиқ турдаги маълумот олинмоқда. Замонавий ахборот тизими фуқароларнинг ижтимоий ҳимоядан фойдаланишлари учун зарур маълумотларни автоматик тарзда йиғиб, уларнинг саргардон бўлишининг олдини олиш баробарида қимматли вақтини ҳам тежамоқда. Иккинчидан, кам таъминланганликни эътироф этиш ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад этиш шаффофлашди. Нафақани тайинлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни фақат ушбу ахборот тизими унга киритилган мезонлар асосида қабул қилмоқда. Бу жараёнда инсон омили иштирок этмаяпти. Шунингдек, янги тизим кўрсатилаётган ижтимоий ҳимоя чораларининг маълумотлар базасига айланиб, база барча ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни автоматик аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини яратди.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида ҳам кам таъминланганликни эътироф этиш ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ёки рад қилиш янги тизим орқали аниқланмоқда.
– Ахборот тизими ишга тушгунича кам таъминланган оиладаги барча болаларга битта сумма миқдоридаги ижтимоий нафақа тайинланган бўлса, энди ҳар бир бола учун алоҳида тўлов амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Суюн Ражабов. – Авваллари икки ёшгача болалар нафақаси 12 ойга, 14 ёшгача болаларники олти ойга мўлжалланган бўлса, энди иккаласи бирлашиб, болалар нафақасига айлантирилди. Шу ўринда яна бир нарсани айтиш керакки, 2021 йилгача ижтимоий нафақаларни маҳалла раислари бошчилигидаги комиссия уч босқичда аниқлаб тайинлаган. Олдинги тартибда ҳар бир маҳаллада нафақа тўланадиган оилалар сонига лимитлар белгилангани оиланинг ҳолатини субъектив баҳолашга, айрим ҳолларда коррупция ҳолатларига ҳам олиб келган. Бу ёрдамни олиш учун барча оила аъзоларининг даромадлари тўғрисидаги маълумотлар, даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар, болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхалари талаб қилиб олинган. Бугун қоғоз кўринишидаги ҳужжат талаб этилмайди. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш учун аризалар “Ягона реестр” ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралардан олинган 53 турдаги электрон маълумотлар асосида кўриб чиқилиб, тайинлаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Бошқарма мутахассисларининг таъкидлашича, инсон омилисиз ишлайдиган бу тизим нафақат кам таъминланганлар балки, соҳа ходимлари учун ҳам қатор қулайликлар яратди. Ижтимоий ёрдамга эҳтиёжим бор, дея даъво қиладиган айрим шахсларнинг асоссиз эътирозларига чек қўйди. Эндиликда “Ягона реестр” ахборот тизими болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш учун оиланинг расмий даромадлари, мавжуд кўчмас мол-мулклари ва автотранспорт воситалари ҳамда бошқа маълумотлари асосида мезонларга мос келишини ўрганаётир.
Шунга кўра, агар ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдори яъни ҳозирги 568 минг сўмдан ошганида ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзолари эгалигида биттадан ортиқ кўчмас мулки, бир ва ундан ортиқ нотурар жой биноси мавжуд бўлганида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш рад этилади. Шунингдек, ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз номига расмийлаштирилган ёки бош ишончномага асосан ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси, ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган барча турдаги транспорт воситалари, ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисоб рақамида ариза берилган ойда амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганида ҳам болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаш автоматик рад этишга сабаб бўлади.
Мабодо ариза берувчи ва унинг оила аъзоларида ариза берилган ойда бозор қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ суммани ташкил этувчи қимматли қоғозлар, оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда, оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси томонидан меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифлари икки ва ундан ортиқ марта рад этилган ҳолларда, расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ойда иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси бор бўлса ҳам болалар нафақаси ва моддий ёрдам автоматик рад қилинади.
Аризанинг ижобий ечим топгани ёки рад этилгани “Ягона реестр” ахборот тизими орқали электрон манзилига электрон хабар ёки мобил телефонига СМС-хабар юборилади.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятида янги тизимга моддий ёрдам ва болалар нафақаси сўралган 374 минг 247 мурожаат қабул қилинган. Уларнинг 155 минг 963 таси белгилаган мезонларга тўғри келмагани учун рад этилган. 208 минг 26 мурожаатчига болалар нафақаси, 10 минг 258 нафарига моддий ёрдам ажратиш учун қарор қабул қилинган. Ҳозир “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида вилоятдан 240 минг 337 нафар йиллик моддий ёрдам ва болалар нафақаси олувчи рўйхатдан ўтган. Болалар нафақаси учун 980 миллиард 228 миллион сўм, моддий ёрдам учун 21 миллиард 161 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
– Уларнинг 221 минг 828 нафари ажратилаётган маблағни пластик карта орқали, 18 минг 529 нафари нақд пул кўринишида олмоқда, – дея суҳбатни давом эттиради Суюн Ражабов. – Агар бу рақамларни 2021 йилгача бўлган давр билан солиштирадиган бўлсак, моддий кўмак олаётганлар ҳам, ажратилаётган маблағ ҳам сезиларли даражада ошгани кўринади. Буларнинг барчаси соҳада замонавий ахборот технологияларидан оқилона фойдаланилаётгани, тизимда очиқлик ва шаффофлик таъминлаётганининг амалдаги самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА