Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда давлат органи ходимларининг фуқаролар билан муносабатларидаги кескинлик, мансабдор шахсларнинг қўпол муомаласи ва бунинг оқибатида келиб чиққан нохуш ҳолатларга кўп гувоҳ бўляпмиз. Шу каби кўпгина омиллар ва сабаблар ҳисобга олиниб, давлат хизматчилари учун умумий одоб-ахлоқ қоидалари ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 октябрдаги «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
– Юқорида номи келтирилган ҳужжатга асосан, эндиликда одобсиз ва ахлоқсиз шахслар давлат ишида ишлаши мумкин эмас, — дейди Тошкент давлат юридик университети меҳнати ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов. — Мазкур қарор билан давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари, одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Бундан ташқари, низом билан касбий фаолият, хизмат фаолиятига оид ҳамда хизматдан ташқари одоб-ахлоқ қоидалари тартибга солинади. Унга кўра, мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари меҳнат фаолияти давомида ва ишдан ташқари вақтда хулқ-атворнинг қуйидаги умумий қоидаларига амал қилиши лозим. Давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиш, масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш, мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш зарур. Хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш, оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш, фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш керак. Бунга амал қилмаган ходим интизомий жазо чоралари кўрилади. Хусусан, ҳайфсан, ўртача иш ҳаққининг 30 фоизи миқдорида жаримага тортилади ёки эгаллаб турган лавозимидан пасайтириш, ёки эгаллаб турган лавозимидан озод этиш чоралари кўрилади.
Семинарда қайд этилишича, мазкур ҳужжатда одоб-ахлоқ қоидаларини бузган хизматчиларга интизомий ва бошқа турдаги жавобгарлик чоралари кўрилади. Эътиборли жиҳати шундаки, илгари баъзи раҳбар, амалдорлар ўзини давлат хизматчиси сифатида муносиб тутмаган. Инсон шахсиятини таҳқирловчи ҳақоратлар билан одамларни аямаган ва битта «узр» билан қутулган бўлса, энди маълум жавобгарликка тортилади. Хушмуомала бўлмадими, обрўйи тушади. Эътиборли бўлиб, фуқаролар мурожаатини тингламадими, бунинг учун жавоб беради.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматида ишламоқчи бўлган шахс оилавий муҳитини намунадагидек қилиб қўйиши керак. Давлат хизматчиларининг оила аъзоларига ғамхўр бўлиши, фарзандларини муносиб тарбиялашига ҳам алоҳида эътибор берилади. Туб аҳоли билан бевосита муомала қиладиган, жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий ҳаётини қайсидир маънода белгилаётган давлат органи ходими биринчи навбатда ўзи ҳар жиҳатдан намуна бўлиши керак.
Семинарда қайд этилишича, давлат хизматчиларининг фаолияти учун ахлоқий мезонлар ҳар томонлама ҳисобга олинган. Эътиборлиси, бу қоидаларни бузганларга жавобгарликнинг белгиланаётгани айрим мансабдорларнинг халқ тили билан айтганда «тилини тийиши», ноўрин гаплардан чекиниши учун муносиб сабаб бўлади. Бу орқали мансабдорлар ва бошқа давлат органи ходимларида одоб-ахлоқ қоидаларига нисбатан мустаҳкам иммунитет ҳосил бўлади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА