Мансаб пиллапояларидан кўтарилишда энди «тоғ»лар бўлмайди
Профессионал давлат хизматини самарали ташкил этишда ёш кадрларнинг ўрни беқиёс.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилоят филиали томонидан Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг вилоятдаги аъзолари иштирокида «Ёшлар онгида давлат хизмати жозибадорлигини оширишнинг аҳамияти» мавзуида ҳамда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Профессионал давлат хизматини самарали ташкил этишда ёш кадрларнинг ўрни беқиёс. Шу боис бугунги кунда иқтидорли, мустақил фикрига эга, ташаббускор ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти. Уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини кучайтиришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ана шу мақсадда ташкил этилди.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари Саидфарруҳ Исломов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят бўлинмаси раҳбари Дилафрўз Қосимовалар Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб, вилоятдан сайланган Ёшлар парламенти аъзоларига улкан муваффақиятлар тилади. Ёшларнинг мансаб пиллапояларида ўсиши учун шаффоф тизим яратилаётганлигига алоҳида урғу берилди.
Давлат фуқаролик хизмати тушунчаси айни пайтда кўпчиликка у қадар ҳам таниш бўлмаган термин ҳисобланади. Албатта, бу табиий ҳол. Чунки бу тизимни ривожлантиришга яқин тарихимиз ичида эндигина эътибор қаратила бошланди. Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Мазкур агентлик давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул орган этиб белгиланди.

– Ҳозирга қадар давлат фуқаролик хизматини тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати йўқ, – дейди Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали раҳбари ўринбосари Аҳаджон Акбаров. –Ваҳоланки, айни дамда мазкур тизимда минглаб фуқаролар меҳнат қилмоқда. Уларнинг ичида ёшларимиз ҳам кўпчиликни ташкил этади. Айнан давлат фуқаролик хизматидаги фаолиятни ягона қонун ҳужжати билан тартибга солиш орқали айрим бир масалаларга ҳам ечим бериш мақсадида агентлик томонидан тизимни тартибга солувчи ҳуқуқий асос, яъни «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан кадрлар сиёсатида «таниш-билишчилик» орқали ишга кириш каби иллатларга ҳам чек қўйиш кўзда тутилган. Айниқса, ёшларимиз бундай имкониятлардан кенг фойдаланиши лозим. Чунки ишга қабул қилишда инсон омили умуман камайтирилмоқда. Очиқ ва шаффофлик асосида танловларда иштирок этиб, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилинади.
Учрашувда мазкур қонун лойиҳасининг муҳим жиҳатлари хусусида ёшларга батафсил маълумот берилди. Уни тайёрлаш жараёнида ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасининг давлат фуқаролик хизматига оид муносабатлари ўрганилганлиги қайд этиб ўтилди. Иштирокчилар ҳам қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасида ўз таклифларини билдирди.
