Ўзбекистон халқ шоири, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Шукрулло таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан адиб яшаб, ижод қилган уйга ўрнатилган хотира лавҳининг очилиш маросими ўтказилди.
Кенг жамоатчилик, шоирнинг яқин қариндошлари, шогирдлари иштирокидаги тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид олиб борди. Адабий кечада Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, публицист Шароф Убайдуллаев ва бошқалар серқирра ижодкор ҳаёт йўли ҳақида сўз олди.
Шукруллонинг заҳматли ҳаёт йўлига назар ташланар экан, унга мангуликка дахлдор шоир, дея таъриф беришди. Шоир шеърларидан намуналар ўқилди.
–Шоир ҳақ учун курашган, миллат озодлиги учун қайғурган, – дейди журналист Шароф Убайдуллаев. – У ўта истеъдодли, салоҳиятли инсон эди. Қолаверса, ундаги истеъдоддан унумли фойдалана олиш, шоирни катта давраларда, минбардарда эслаш, китобларини чоп этиш, унга бағишланган ижодий кечаларни кўпроқ ўтказиш керак.
Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ҳайкалтарошлар шўбаси раиси Тўлаган Тожихўжаев ижодкор сиймосини яратишда унинг қайси жиҳатларига эътибор қаратилгани ҳақида сўзлади. Шукрулло билан учрашувини эслаб ўтди.
–Отам бошидан кўплаб қийинчилик даврларни ўтказди, –дейди Толийҳа Маматова. – Аммо шундай оғир кунларда ҳам китоб ўқишдан тўхтамаган. Китоб ўқишдан тўхтамаган инсон фикрлашдан тўхтамайди, дейишади. Отам ҳар доим ижод билан банд бўлган. Оғир кунларда ҳам ёнида бўлган яқин дўстлари, шогирдларига раҳмат айтаман. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон бадиий академияси жамоасига хотира лавҳи учун, эътибор учун миннатдорчилик билдираман.
[gallery-4447]
Хотира лавҳида шоир Шукруллонинг ўйчан ва нурли нигоҳи акс эттирилган. Шоир фарзандларининг айтишича, хонадон эшиги шеърият ихлосмандлари учун доим очиқ, яқин кунларда ушбу хонадонда уй-музейи ташкил этиш, нияти бор.
Маълумот учун Шукрулло 1921-2020 йилларда яшаб ижод этган. У 1977 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 1981 йилда Ўзбекистон халқ шоири, 1994 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, «Дўстлик», 1999 йилда «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланган.
Илк шеърлар тўплами – «Биринчи дафтар». Шундан кейин унинг «Қалб қўшиқлари», «Ҳаёт илҳомлари», «Умрим борича», «Инсон ва яхшилик», «Инсон – инсон учун», «Зарралар», «Суянчиқ», «Яшагим келади», «Сенинг бахтинг», «Тўкилган дардларим» каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шукрулло «Чоллар» , «Россия» , «Икки қоя», «26 тонг отари», «Гул ва оташ», «Кўнгил чироғи», «Аср баҳси» ва бошқалар достонларини ёзган. Шукруллонинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари «Баҳор совғаси», «Юлдузлар» шеърий тўпламларидан ўрин олган.
«Хатарли йўл», «Табассум ўғрилари», «Тўйдан кейин томоша», «Ўғрини қароқчи урди», устоз ёзувчиларнинг ижодий тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи «Жавоҳирлар сандиғи» эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги «Кафансиз кўмилганлар» автобиографик қиссаси, «Қасосли дунё» публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги «Тирик руҳлар» роман-хроникаси муаллифи.
Д.Маматова, ЎзА