Мандатга оз қолди, абитуриентлар ҳаяжонда
Юртимизда айни вақтда абитуриентларнинг ҳаяжони чексиз.
Юртимизда айни вақтда абитуриентларнинг ҳаяжони чексиз. Улар бор билим ва маҳоратини ишга солиб, тест синовларида иштирок этишди. Энди эса натижалар чиқиш арафасида. Аммо юқори балл тўплаб, ўқишга киргани ва талаба бўлганини билиб тайёргарликни бошлаб юборган ёшлар ҳам бор. Замонавий ахборот технологияларининг ривожи одамларнинг мушкулини анча осон қилди. Биргина тест синовлари натижаларини интернет орқали қийналмасдан билиб олдик. Бу жуда қулай ва ортиқча оворагарчиликсиз экани кишини қувонтиради.
Атиги икки йил олдин абитуриентлар бир кунда тест топширарди ва белгиланган муддатда мандат эълон қилинарди. Барча олий таълим муассасаларида ҳужжат қабул қилиш ва натижани эълон қилиш жараёнида шовқин-суронли жараёнларнинг гувоҳи бўлардик. Мандат эълон қилингач, кимдир ўзини рўйхатнинг бошидан қидирса, яна кимдир эса аксинча...
Бугун ҳаёт шу қадар жадаллашдики, соҳада ислоҳотлар бошланди. Бу ота-оналар учун ҳам, абитуриентлар учун ҳам қулайлик яратди. Бугун талаба бўлганини билган ёшлар тайёргарликни бошлаб юборган бўлса, қолганлар ҳам қўшма дастурлар асосида очилган бошқа олий таълим муассасаларига, хорижий таълим масканларида ўқиш учун ҳаракатни бошлаб юборган.
Бу йил тест синовларида иштирок этган абитуриентлар билан суҳбатлашдик.
– Бу йил коллежни тугатиб учта олий таълим муассасасига ҳужжат топширгандим, – дейди Муҳаммадкарим Усмонов. – Ҳозирча кирган ёки кирмаганимни билмайман. Аммо интернетда тарқалган балларни ҳисобга олсак, паст балл тўплагандекман. Чунки бугун ахборот-коммуникацияси технологиялари ривожланган. Тест жараёнлари, абитуриентларнинг тўплаган балларини ҳам кўриб турибман. Лекин ҳали ишончим ва умидимни узганим йўқ. Тестга кириш, саволларга жавоб бериш у қадар қийин бўлмади. Навбатлар фақат ҳужжат топшираётган вақтимизда бўлди. Бошқа жараёнлар кўнгилдагидек ўтди. Ҳаяжондаман. Натижалар тезроқ чиқишини кутаяпман.
– Педагогика ва психология йўналиши бўйича учта олий таълим муассасасига топширгандим, – дейди қашқадарёлик Умида Аҳмедова. – Қашқадарё вилоятидан бўлганим учун ўша ердан туриб ҳам топширсам ва имтиҳонда қатнашсам бўларди. Лекин ўша пайтда Тошкентда бўлганим боис шу ердан ҳужжат топширдим ва тест синовларида қатнашдим. Натижалар имтиҳоннинг эртаси куни эълон қилингани боис, айни вақтда 110,4 балл тўплаганимни биламан. Лекин кучли, билимли йигит-қизлар борлиги уларнинг тўплаётган балларидан маълум. Айнан шундай тизим жорий қилинганидан хурсандман.
– Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг исломшунослик факультетига ҳужжат топширдим, – дейди Моҳир Ёдгоров. – Мандат яқин, ҳамма ҳаяжонда, лекин мен ўқишга кирганимни биламан. Бу йўналишда учта олий таълимни танлаш мумкин эмас эди. Бу йўналишлар билан боғлиқ бўлгани учун шундай ҳисобланган. Шу боис ҳам баллар чиққанидан сўнг шу йўналишда ўқишга кирганим ва келажакда талаба бўлишим аниқ бўлди.
– Бу йил биринчи марта тест синовларида иштирок этишим, – дейди фарғоналик Дилдора Маҳмудова. – Учта олий таълим муассасасининг биринчи, асосийси сифатида Ўзбекистон жаҳон тиллари университетининг хорижий тил ва адабиёти йўналишини танлагандим. Инглиз тилидан имтиёзим ҳам бор эди. Бирданига учта олий таълим муассасасини танлаш имконияти берилганидан хурсандман. Лекин агар ҳозир асосий танловимдаги олийгоҳга контрактга кирган бўлсаму, бошқаларига грант асосида ўқишга қабул қилинган бўлсам, мен уларни танлай олмас эканман. ДТМ сайтида эълон қилинган маълумотга кўра 170,5 балл тўплаганман. Лекин асосий мандатни кутаётганим ва ҳаяжонда эканим ҳам бор гап.
Тизимдаги ислоҳотлар бугун ҳаммага маъқул бўлаётганини билдирилаётган фикрлардан ҳам англаш мумкин. Фақат натижаларни кутиб, мандат чиқишидан умидвор бўлиб турган ёшлар ҳам талайгина. Бу жараён ҳам узоққа чўзилмаса керак. ДТМ айтган муддат яқин қолди.