Мамлакатимизнинг навоийшунослик илми фидойи олима Суйима Ғаниева номи билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли навоийшунос олима Суйима Ғаниева 1932 йил 20 февралда Тошкент шаҳрида туғилган.
Суйима опа 1952 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлаган. 1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети аспирантурасида таълим олган. У Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари ва Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан мукофотланган.
Меҳнат фаолиятини 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими сифатида бошлаган. Шу йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий котиби, Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори лавозимларида фаолият кўрсатган.
Суйима Ғаниева ўз илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалар мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп этилган. 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалар республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган.
Унинг “Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди”, “Алишер Навоий ижодида миллий мафкура”, “Навоий ғазалларида жўмардлик мотивлари”, “Навоий васияти”, “Навоий дастхати” каби сермазмун асарлари юртимиз ва чет эл адабиётшунослари томонидан илмий кашфиётлар сифатида эътироф этилган.
Суйима Ғаниева Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида илм-фанга номаълум бўлиб келган “Муножот” асарини топиб, нашр эттирган. Олима 2011 йилда Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.
* * *

Миллий қўшиқчилик санъатимизда атоқли шоир Чустий ғазали билан айтилувчи завқли қўшиқлар кўп.
Чустий – шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, у Наманганнинг Чуст шаҳрида 1904 йил 20 февралда таваллуд топган. Ижодкорнинг асл исм-шарифи – Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа ўғли.
Шоир Чустий бутун умри давомида 20 га яқин шеърий тўплам яратган ва нашр эттирган бўлиб, улар жанр ва услуб жиҳатидан бой ва ранг-барангдир. Унинг “Қўзғолон” (1942), “Шамшир” (1943), “Лолазор” (1945), “Ҳаёт завқи” (1951), “Гул мавсуми” (1969), “Ғазаллар” (1978), “Ёд этинг камтарин Чустийни ҳам” (1984) каби қатор шеърий мажмуалари қаторида “Зафарнома” (1939), “Кийикнома” (1940), “Гул садоси” (1949), “Уйғуробод” (1948), “Боғи Эрам” (1978) каби достонлари ҳам китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.
Миллий мақомлар асосида яратилган ашулаларнинг кўп қисми Чустий ғазаллари билан басталанган. Юртимизнинг аксарият хонандалари Чустий ғазаллари билан басталанган асарлардан намуналар ижро этиб келганлар.
Н.Усмонова тайёрлади,
ЎзА