Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида “Маънавият ва маърифат” маркази иш бошлади.
Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккурини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, уларни Ватанга садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорлар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият ва маърифат масканлари, маданият марказларини ишга тушириш бўйича ҳам қатор вазифаларни белгилаб берилган эди. Университетда иш бошлаган “Маънавият ва маърифат” маркази ушбу ташаббус доирасида ташкил этилди.
[gallery-21533]
Марказ очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ. Шарипов, Рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматов, университет мутасаддилари, маънавиятчилар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.
Мазкур маскан талаба-ёшларни миллий тарихимиз, халқимизнинг буюк анъаналари ва аждодларимиз меросига таянган ҳолда тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда креатив тафаккурни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли. Жаҳон андозаларига мос тарзда жиҳозланган марказ таркибида “Миллий ҳунармандчилик”, “Жадидлар”, “Ренессанс пойдевори намоёндалари”, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” бурчаклари, таниқли ёзувчи ва шоир Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музей, “Ижодкор ёшлар клуби” фаолияти йўлга қўйилди.
Марказнинг “Миллий ҳунармандчилик” бўлими юртимизда асрлар давомида ривожланиб келган миллий зардўзлик, каштачилик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, миниатюра ва бошқа ҳунармандчилик йўналишларига бағишланган. Бу ерда қадимий санъат анъаналари, ўзбек ҳунармандларининг бой тажрибаси ва ижод намуналари билан танишиш, ҳунармандчиликда қўлланиладиган безак ва нақшлар сирларини кўриш мумкин.
“Жадидлар бурчаги”да Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон, Мунаввар Қори каби жадид намояндаларининг ибратли ҳаёти ва бунёдкор ғоялари, уларнинг асарларидан иборат экспонатлар жой олган. Ушбу бўлим ёшларни жадидлар мероси билан таништириш, ўша давр ислоҳотларидан сабоқ олиш, билим ва интилиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Марказда таниқли ёзувчи ва шоир Саид Аҳмад ва Саида Зуннуноваларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музейга ҳам алоҳида ўрин берилган. Маънавий-маърифий соҳада эътироф этилган ўзбек адабиётининг икки йирик намояндасининг ҳаёт йўли ва ижодий мероси билан яқиндан танишиш асносида ёшлар адабиётнинг маънавиятни юксалтиришдаги ўрни ва аҳамиятини чуқурроқ англаш имконига эга бўлади.
“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” бурчаги миллий қадриятлар, маънавият ва маърифатни тарғиб қилиш, шунингдек, ёшларнинг замонавий дунёқарашини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий ишларни кучайтириш мақсадига қаратилгани билан аҳамиятли. Бурчакда мамлакатимизнинг янги тараққиёт давридаги ютуқлари, ислоҳотлар жараёни, миллий қадриятлар ва замонавий дунёқарашни акс эттирувчи материаллар жойлаштирилган.
Ижодкор ёшлар клубида ижодий учрашувлар, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва фан-техника янгиликларига оид тақдимотлар ўтказиш учун барча шароит яратилган. Буларнинг барчаси университет талабаларининг иқтидор ва имкониятларини янада кенгроқ намоён этиш, уларни ватанпарварлик, халқига, миллатига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА