Маънавияти юксак авлод юрт таянчи
Мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, турли гуманитар тармоқларни янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу борадага ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Қашқадарё вилоятида фойдаланишга топширилган кўплаб кўркам ва замонавий объектлар қаторида Қарши шаҳрида замонавий, барча қулайликларга эга бинода Маънавият маскани ҳам фойдаланишга топширилди. Республикада биринчилардан бўлиб қуриб фойдаланишга топширилган ушбу икки қаватли зиё масканининг биринчи қаватида нуронийлар ҳордиқ чиқариши учун дам олиш бурчаги, тренажёр зали, кутубхона, ошхона, ювиниш хоналари, шунингдек, анжуманлар зали жойлашган. Юқори қаватда эса Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари фаолият юритмоқда.
Раҳбар ва мутахассислар хоналари, мажлислар зали, кутубхона замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан жиҳозланган. Ижодкорлар ва маънавият тарғиботчиларига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ташқарида алоҳида айвон, ошхона, дам олиш жойлари қурилган. Бинони қуриш ва жиҳозлашда ўзига хосликка, ижодкорлик муҳитига алоҳида эътибор қаратилган. Маскандаги яна бир эътиборга молик жиҳат шуки зал ва хоналар бўйлаб мумтоз мусиқалар, ўзбек адабиёти намуналари эшиттириб турилади. Эндиликда мазкур аудио файлларни маданият ва истироҳат боғига ҳам йўналтириш кўзда тутилган.
– Яратилган қулайлик бизни янада фаол ишлашга ундайди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатова. – Яқин истиқболда маънавий-маърифий экспедициялар уюштириш, миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш мақсадида “Бахшига бахшида кун”, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда “Маънавиятга йўл” интеллектуал танловини ташкил этиш, ёшларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Адабиётга саёҳат” каби лойиҳаларни ўтказиш, “Бир зиёли – намунали ҳомий”, “Энг намунали муассаса”, “Энг намунали ташкилот” танловларини ўтказиш, ижтимоий, бадиий адабиётлар чоп этиш каби вазифалар кун тартибимизда турибди. Янги маскан ушбу режаларни рўёбга чиқаришда куч-ғайрат бағишлайди.
Масалан, мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш, қамровини кенгайтириш ва маънавий-маърифий фаолиятда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ фидойиларни рағбатлантириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан 2021 йилнинг 28 декабрь куни Маънавият масканида “Йил сарҳисоби” тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Дастлаб “Йилнинг энг фаол маънавият фидойилари ТОП-15” совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тақдирланганлар орасида туман ва шаҳар ҳокимлари, бошқарма бошлиқлари, ИИБ, авиация билим юрти, ОАВ вакиллари, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳудудий бўлинмалари раҳбар-ходимлари борлиги эътиборга молик.
[gallery-5994]
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Суратларда – истиқлол нафаси” мавзусидаги фотолар танлови эълон қилинган эди. Танловга истиқлолнинг 30 йилида қўлга киритилган ютуқлар, юксак натижалар, ўзгаришлар, янгиланишлар акс этган фотосуратлар қабул қилинди. Ўзига хос услуб, креатив ёндашув, янгича назарга алоҳида эътибор берилди. Энг муҳими, танловда профессионал фотографлар билан бирга, сурат олишга қизиқувчилар, барча-барча иштирок этди. Қувонарлиси танлов ғолиблари орасида Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг Қашқадарё вилоятидаги фотомухбири Жамшид Норқобилов ҳам бор.
Таъкидлаш ўринли, Президентнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори маънавий-маърифий соҳада жуда катта ислоҳотларни бошлаб берди. Яқинда ўтган республика танловида маънавий-маърифий ишлардаги фаоллиги учун
Шаҳрисабз тумани маънавият ва маърифат кенгаши 3-ўринга сазовор бўлгани ҳам соҳага қаратилган юксак эътибор самарасидир. Қолаверса, Марказнинг ҳудудий бўлинмаларига қўшимча штат бирликлари ажратилиб, маънавий-маърифий тадбирлар қамрови кенгайиб бормоқда. Марказ ҳудудий бўлинмалари тўлақонли фаолият олиб боришида эса хизмат шарт-шароитлари муҳим аҳамиятга эга.
Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Лола Саодатованинг таъкидлашича, жорий йилда вилоятда фаолият юритаётган кўплаб ижодкорларнинг асарларини чоп эттириш режалаштирилган. Масалан, жорий йилда тарих фанлари доктори, профессор Поён Равшанов қаламига мансуб “Беҳбудий ҳақиқати” китобини, адиб ва таржимон Ўроз Ҳайдарнинг публицистик, адабий-бадиий мақолалардан иборат “Қуёшга қараган маъво” тўпламини, Қаҳҳор бахши Қодир бахши ўғли томонидан нашрга тайёрланган, анъанавий термалар ва тўртликлардан иборат “Кўҳна карвон садолари” китобини, журналист Бекзод Сайфиевнинг “Сирли салтанат жавоҳирлари” адабий-бадиий мақолалар тўпламини, шоира Момохол Элмуродованинг “Муҳаббатнинг сеҳрли найи” шеърий тўпламини, ёзувчи Абдулла Бобоёров ҳикояларидан иборат “Қантар овган кунларда” китобини, журналист ва адиб Абдунаби Абдиевнинг публицистик мақолалар ва ҳикоялар тўпламини, қашқадарёлик ёш ижодкорларнинг сара ижод намуналаридан таркиб топган “Ёшлик нафаси” тўпламини, филология фанлари доктори Нафас Шодмонов билан ҳаммуаллифликда “Буюк Насафийлар” тўпламини, адиб Темирпўлат Тиллаевнинг Лангар зиёратгоҳи ҳақидаги китобини, шунингдек Қашқадарёнинг ҳар бир туман, шаҳри тарихи, бугуни, урф-одат ва тарихий ёдгорликлари акс этган тўпламларни нашрга тайёрлаш ва нашр эттириш мўлжалламоқда.
– Кўплаб китобхонлар одатда асардаги эсда қоларли жойлар, мўлжалга урилган ибораю кутилмаган ташбеҳларни ён дафтарига ёзиб қўяди. Китоб ҳошиясига мутолаа асносида туғилган фикр-мулоҳазаларини ёзиб кетаверадиганлар ҳам кўп. Баъзи китоблардан кўра ана шундай изоҳ ва фикрлар қизиқ, ҳатто аҳамиятли экани рост, – дейди журналист Бекзод Сайфиев. – “Сирли салтанат жавоҳирлари” тўпламида биз жаҳон ва ўзбек адабиётида машҳур асарлардан сараланган фикрларни, адабий-бадиий мақолаларимизни жамладик. Бинобарин, Достоевский, Ремарк, Кафка, Камю, Ницше, Толстой, Бальзак асарларидан тортиб ўзимизнинг мумтоз ва замонавий адиблар китоблари ҳақидаги қарашлар, иқтибослар ўрин олган. Истагимиз шуки, боқий фикрлар инсонлар ҳаёт йўлларини ёритсин, тафаккур олами янада бойишига хизмат қилсин.
Ўлмас Баротов, ЎзА.
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.