“Маънавият сектори”нинг энг муҳим жиҳатларидан бири аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ёшлар билан индивидуал ишлашдир. Бу орқали Ватанга муҳаббат, садоқат, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойиллари мустаҳкамланади.
Бугун Бухоро вилояти Олот туманида ҳам бу йўналишда изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Республика Маънавият ва маърифат маркази Олот тумани бўлими ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида сектор фаолиятини жорий этиш юзасидан ишчи гуруҳлар тузилди.
[gallery-24189]
Жумладан, Човдур маҳалласидаги 17-умумтаълим мактабида “Маънавият сектори” қуйи бўғинларининг намунали фаолияти йўлга қўйилди. Мактабда “Маънавият бурчаклари” ташкил этилди ва ёшлар учун “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида шахмат, шашка, волейбол, тасвирий санъат, мусиқа ҳамда “Баркамол авлод” амалий тўгараклари фаолияти бошланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар маънавият инсон камолотида тутган ўрни, унинг ҳаётимиздаги чашмаси каби чексиз манба эканини алоҳида таъкидлади. Улар буюк аждодимиз Имом Бухорий ҳикматларига таяниб, тарбияда билимнинг ўрни, оиладаги тарбиянинг аҳамияти ва педагогик саводхонлик даражасини ошириш зарурлигини қайд этди.
Тадбирда Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими вакиллари мактаб директорларининг ўринбосарлари билан учрашиб, янги ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар, ўқувчи тарбиясида маънавиятнинг ўрни ҳамда сектор ислоҳотларини тизимли тарзда мактабларга сингдириш бўйича муҳим таклифлар ва режа-лойиҳалар муҳокама қилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.