Маънавият масканлари аҳоли хизматида
Бухоро вилоятининг Жондор, Қоровулбозор туманларида замонавий ва барча қулайликларга эга “Маънавият маскани" бинолари фойдаланишга топширилди.
Президентимиз раислигида 2021 йил 19 январь куни ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳудудлар марказида намунавий лойиҳа асосида маънавият ва маърифат масканларини барпо этиш юзасидан кўрсатма берилган эди.

Жондор тумандаги Маҳмуд Торобий номидаги ҳарбий-ватанпарварлик боғи ҳудудидаги муҳташам бинода Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, унинг мажлислар зали ҳамда замонавий жиҳозлар, компьютерлар, китоблар жамланмалари билан жиҳозланган кутубхонаси жойлашган.

Масканнинг очилиш маросимида туман ҳокими, Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Ширинов, Республика Манавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари М.Пардаева, сектор раҳбарлари, маънавият тарғиботчилари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар қатнашди.
Маскандаги яна бир эътиборга молик жиҳат шуки, зал бўйлаб мумтоз мусиқалар, ўзбек адабиёти намуналари эшиттириб турилади. Эндиликда мазкур аудиофайлларни ҳарбий-ватанпарварлик боғига ҳам йўналтириш кўзда тутилган.

– Бундай қулайлик бизга куч ва илҳом бағишлайди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Лола Эргашева. – Яқин истиқболда миллий қадриятларимизни янада ривожлантириш мақсадида ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдаланган ҳолда “Маънавиятга йўл” рукнини ташкил этиш, ёшларнинг адабиёт ва санъатга қизиқишларини янада ошириш мақсадида “Адабиёт оламига саёҳат” каби турли лойиҳалар, дастурлар ва танловларни ўтказишни мақсад қилганмиз.

2021йилда 3 та яъни Когон, Қоровулбозор, Жондор туманлари ҳокимлари бўш турган биноларни Маънавият масканлари учун ажратди. Маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан 289 миллион сўм маблағ сарфланиб замонавий Маънавият ва маърифат масканлари барпо этилди.

Зариф Комилов, ЎзА