Маънавият фестивали давом этмоқда
Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилаётган маънавият фестивали барчага байрам шукуҳини улашмоқда.
Пойтахтимиздан келган бир гуруҳ зиёлилар, таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намояндаларидан иборат тарғиботчилар иштирокида маҳаллалар, жамоат ташкилотлари, корхона ва идораларда мулоқотлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ҳар бир миллат, ҳар бир мамлакат тарихида буюк саналар бисёр. Уларнинг ҳаммаси ҳам қадрли, ўзига хос. Бироқ шундай саналар бўладики, унинг аҳамиятини ўлчайдиган мезон йўқ. Энг улуғ, энг азиз байрам - Ватанимиз мустақилликни қўлга киритган сана биз учун ана шундай қадрли ва суюкли кун.
[gallery-13275]
Бутун борлиғимиз билан орзиқиб кутадиган, қалбларимизда катта ҳаяжон ва кўтаринкилик билан нишонлайдиган байрам бу. Шу боис жонажон юртимизда мустақиллигимизнинг 32 йиллиги катта шодиёналар билан нишонланмоқда. Маънавият фестивали доирасидаги тадбирларда мустақиллик йилларида Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шуур ва тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришлар, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамияти, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли оддий мисоллар ёрдамида тушунтириб берилмоқда. Вилоятнинг энг чекка ҳудуди Сўх туманида сўнгги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳудуд қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жавпая, Қайроқ массивларининг ўзлаштирилиши эса минглаб оилаларнинг даромадли қилмоқда. Бу ерда ўтказилган учрашувларда аҳоли шундай эзгу ишлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Данғара тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашувда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Олим Тошбоев, Ўзбекистон халқ ҳофизи Абдунаби Иброҳимов, филология фанлари доктори Ҳулкар Ҳамроева мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, бугунги кунда мамлакатимизда “инсон қадри учун” тамойили асосидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Ватан, тинчликни тараннум этувчи шеър ва қўшиқлар барчага манзур бўлди. Фурқат тумани Ингичка маҳалласидаги “Меҳрибон қалб” оилавий болалар уйига ташриф эса бир умр эсда қоларли кечди. Бу ердаги “Маърифат улашамиз” лойиҳаси болажонларга қувонч улашди. Шунингдек, Фарғона, Бешариқ, Ўзбекистон туманларидаги тадбирлар кўтаринкилик билан ўтказилди. Фестиваль доирасида "Маърифат соатлари", нуронийлар, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирокида "Уч авлод учрашувлари", мактабгача таълим ташкилотларида "Менинг илк китоб жавоним", "Миллий қўшиқлар ва мақом", "Ватан мадҳи", "Бахшилар тараннумида" концерт-дастурлари, "Миллий қадриятлар" каби лойиҳалар ўтказилиши режалаштирилган.
М.Сулаймонов,
М.Қодиров (сурат). ЎзА