Маънавият фестивали давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остидаги Маънавият фестивали доирасидаги тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирларда таниқли актёр ва актрисалар, санъат вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, маънавият ва маърифат соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчилар, нуроний ва фахрийлар, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг аъзолари, талаба ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари “Маърифат тур” лойиҳаси доирасида тумандаги Чилпиқ тарихий ёдгорлигига саёҳат уюштирди. Меҳмонлар саёҳат давомида меъморий ёдгорлик ҳамда туман тарихи билан ҳам танишди.
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Маънавият фестивали” аҳолининг кенг қатлами, аввало, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама очиб беришга хизмат қилмоқда. Фестиваль доирасида «Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс сари!», «Маърифат улашиб...», «Янги Уйғониш даври китоб ва кутубхоналардан бошланади», «Менинг фарзандим – Ўзбекистон фахри», «Фаол фуқаро», «Маърифат тур», «Мақом кечалари», “Бахтли болалик” каби лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида, 82-сонли умумтаълим мактаби ҳамда 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида маънавият соатлари бўлиб ўтди. Уларда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва зиёлилар, фаол ёшлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур фестивалнинг аҳамияти, амалга оширилаётган лойиҳалар мазмун-моҳияти борасида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигига қараб лойиҳалар танланаётгани, унда аҳоли вакиллари фаол иштирок этиб, катта қизиқиш билдираётгани таъкидланди.
[gallery-2967]
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама зукко, билимли, жамият ҳаётида фаол этиб тарбиялаш, амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга учрашувларда ўсиб, вояга етаётган ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал ва мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган ёшлар сифатида тарбиялаш, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятини ривожлантириш, ўқувчи-талабаларда ватанпарварлик туйғусини шакллантиришга эътибор қаратиш лозимлиги ҳам қайд этилди. Аҳоли вакиллари томонидан берилган саволларга ҳаётий мисоллар билан жавоблар берилди.
Учрашувларда тумандаги ижодкор ёшлар йиғилганларга ўз истеъдодларини намойиш этди ва томошабинларнинг олқишига сазовор бўлди. Болалар ижросидаги қорақалпоқ миллий рақслари ҳамда қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
Тадбирлар туман маданият ва аҳоли дам олиш масканида, Хотира майдонида давом этиб, “Мақом кечаси” ташкил қилинди.
Маънавият фестивали доирасидаги тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА