Акс-садо
Мамлакатимизда сўнгги йилларда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганлигига барчамиз гувоҳмиз. Қолаверса, ёшлар таълим-тарбиясида, илм-фанни замон талабларига мос ривожлантириш борасида дадил қадамлар қўйилди. Жумладан, маънавият соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши йиғилишида миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, ривожлантириш, маданият масканлари, театрлар, музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш масалаларига алоҳида урғу берилганлиги, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ташаббус, фикр ва мулоҳазалар юртимизнинг барча зиёлилари қатори мени ҳам тўлқинлантирди.
Айниқса, маънавият ва маданият соҳасидаги ишларимиз учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш, бу жараёнда янги таҳрирдаги Конституциямиз талаблари ҳисобга олиниши, Асосий қонунимиздаги фундаментал принциплардан келиб чиқиб, дунёвий давлат концепциясини ишлаб чиқиш ҳақидаги фикрлари юртимиз тараққиёти, ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

Йиғилишда мозийга назар, инсониятнинг буюк мутафаккирлари қолдирган бой илмий-тарихий, маънавий-маърифий меросга эътибор берилганлиги янада аҳамиятлидир.
Бунинг яққол мисоли сифатида беихтиёр бундан бир аср муқаддам жадидлар ҳаракатининг вакилларидан бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойна” журналида чоп этилган “Фарзандларимизга яхши тарбия бера оляпмизми?” сарлавҳали мақоласи ёдимизга тушди.
Қарангки, юз йиллар аввал ҳам таълим-тарбия, одоб-ахлоқ, маданият, санъат, ижод, бир сўз билан айтганда, маънавиятнинг устуворлиги давлат, миллатнинг келажагини, бахту саодатини таъминлайдиган ҳаёт-мамот масаласи бўлганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Йиғилишда Юртбошимизнинг мамлакатимиз тараққиёти янги, юксак босқичга олиб чиқилаётган бугунги кунда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг асосини, пойдеворини маънавият ташкил этиши ҳақидаги фикрлари биз – катта авлод вакилларини, шубҳасиз, қувонтиради. Демак, ишонч билан айта оламизки, улғайиб келаётган авлодга, фарзанларимизга мустаҳкам ва ишончли келажак барпо этилмоқда.
Буни сўнгги йилларда қабул қилинган янги Конституциямиз, таълим, ёшлар масалаларига, маънавият-маърифат, маданият, илм-фан соҳаларига оид қабул қилинган қонунлар, қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Анжуманда янгиланаётган Ўзбекистонда барча соҳаларда жадал ривожланишларга эришаётган эканмиз, буни мустаҳкамлаш учун маънавий-маърифий жабҳаларда ҳам мисли кўрилмаган ўзгаришларни қилишимиз зарур эканлиги таъкидланди.
Очиғи, юртимизда ушбу жараён кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Буни таълим-тарбия тизимида бошланган амалий ишлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ёшлар таълим ва тарбиясини тизимли, ривожланган хорижий давлатлар тажрибасига таяниб ислоҳ қилиш мақсадида мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимларини 2030 йилгача ривожлантиришнинг концепциялари ишлаб чиқили, ана шу асосда ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тарақққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармоннинг “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” деб номланган IV йўналишидаги қатор мақсадларда таълим тизими тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқишга қаратилган вазифалар белгиланганлиги бежиз эмас, албатта.
Узоқни кўзлаб, яхши ниятлар билан тайёрланган мақсадларни амалга ошириш, биламизки, ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим ва тарбиясидан бошланади.
2017 йилда мамлакатимизда 4 минг 917 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатган бўлса, 2023 йилга келиб, уларнинг сони 6 минг 734 тага етди. Агар нодавлат таълим ташкилотлари ҳам қўшилса, уларнинг сони 30 минг 700 дан ортди. Натижада 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 74,5 фоизга ўсди.
Юртимизда тарихда бўлмаган Президент мактаблари ўз фаолиятини бошлади. Кўплаб ижод, ихтисослаштирилган мактаблар ҳам уларнинг изидан бормоқда.
Ўзбекистон Республикасининг янги “Таълим тўғрисида”ги қонунига биноан профессионал таълим йўналишида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, ёш авлодга билим бериш билан бирга, келажакда асқатадиган бирор касб-ҳунар эгаси бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эътиборлиси, бундан 4-5 йил аввал мамлакатимизда 77 та олий ўқув юрти бўлган бўлса, эндиликда уларнинг сони 210 тани ташкил этмоқда. Натижада олий ўқув юртлари билан ёшларни қамраб олиш 9 фоиздан 42 фоизга еказилди. Бу борадаги ишлар яна давом эттирилади.
Маълумки, ёшларнинг замонавий таълим-тарбия олишида малакали педагог кадрларнинг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, Президентимиз ушбу масаланинг нечоғлик долзарб ҳамда жамият ҳаётидаги барча соҳа ва тармоқларни ривожлантирувчи куч ёшлар эканлигини инобатга олиб, бу борадаги ишларни мактаб таълимини чуқур ислоҳ этишдан бошлади. Шу билан бирга, мактаб ўқувчиларини замонавий билим, тарбия ва касб-ҳунар эгаси қилиб тайёрлайдиган малакали педагог мутахассислар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Натижада юртимизда қўшимча педагогика олий ўқув юртлари ташкил этилди.
Жумладан, Андижон давлат педагогика институти ҳам ташкил этилиб, Юртбошимизнинг, вилоят ҳокимлигининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан бугунги кунга келиб самарали фаолият юритмоқда.
Энг аввало, институтнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Айни кунда институтда 7 та факультет, 15 та кафедра ташкил этилди. Ўтган йили институтимизда барча қулайликка эга янги ўқув биноси, 1 минг 200 ўринли ётоқхона, талабалар учун ошхона ва уларнинг бўш вақтларида касб-ҳунар ўрганишларига мўлжалланган тикув цехи, спорт заллари, ахборот-ресурс маркази барпо этилди.
Замон талабларидан келиб чиқиб, хорижий давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилди. Ҳозиргача Финляндия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларининг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, маънавият, маърифат масалаларига бағишланган тарихий йиғилишдан хулоса қилиб, бугунги глобаллашув шароитида буюк аждодларимиз асрлар давомида орзу қилган давлат мустақиллигини кўз қорачиғидай сақлаш, асраш ва уни ҳимоя қилиш буюк халқимизнинг муқаддас бурчи эканлигини, “Ватанни севмоқ иймондандир” ғоясига амал қилиб, барча фуқароларни, айниқса, ёшларимизни, чин маънода ватанпарвар қилиб тарбиялашга нафақат раҳбарлар, педагоглар, балки бутун жамият биргаликда ҳаракат қилишимиз керак эканлигини англадик.
Ана шу ишларимиз самарасида таълим-тарбияси янги давр талабларига жавоб берадиган, мустақил юртимизни севадиган, унинг равнақи учун хизмат қиладиган, миллий қадриятларимизни эъзозлайдиган, ота-онасини, инсонларни қадрлай оладиган, энг асосийси, улуғ аждодларимизга муносиб билимли, салоҳиятли ёш авлод камол топсин.
Қудратулло Ибайдуллаев,
Андижон давлат педагогика институти профессори, меҳнат фахрийси.
ЎзА