Президентимиз раислигида жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказилган Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ҳамда маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашувда илгари сурилган илғор фикр ва ғоялар кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди, айниқса маънавият соҳаси вакилларини руҳлантирди.
Янгиланган Конституция юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги ривожига хизмат қилмоқда. Унда энг аввало “Инсон қадри учун” ғояси устувор бўлиб, “инсон – жамият – давлат” тамойилини тўлақонли рўёбга чиқариш, яъни инсон манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйишни мақсад қилган. Айниқса, унда белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этиш энг муҳим вазифадир. Конституциямизда белгиланган “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган қоида жамият ҳаётида самарали намоён бўлмоқда. Яъни 2023 йилда ижтимоий соҳага энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилгани, бу эса 2016 йилга солиштирганда 5,6 баробар зиёдлиги, бу борадаги амалий ишларнинг дебочаси эканлиги, яқин келажакда унинг хажми ва кўлами юксалиб, мамлакатимиз фуқароларининг ҳаётида, турмуши ҳамда дастурхонида ўз аксини топиши ҳеч кимга шубҳа уйғотмайди.
Ҳозирги мураккаб замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ чиқариб яшашни талаб этмоқда. Давлат раҳбарининг “Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми?” саволи жиддий ва ўринли бўлиб, жамиятимиз аъзолари бу жабҳада қай даража рақобатбардош, ёшларимиз замонамизнинг мафкуравий талаб ва таҳдидларига жавоб бера оладими, унинг ақлий салоҳиятини юксалтириш, ўзига бўлган ишонч руҳиятини янада мустаҳкамлаш ишларимиз қай аҳволдалиги масалаларини ўз ичига қамраб олади.
Айниқса, давлатимиз раҳбари таъбири айтганда, “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бу борада ишларимизни тизимли йўлга қўйишимиз лозим, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, юртга дахлдорлик, юксак фуқаролик позициясини шакллантиришда амалий ишларга киришишни кечиктирмаслик айни ҳақиқат.
Ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан, ҳатто, мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилаётгани, жумладан, диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, зўравонликка, миллий ўзлигини, маданий-маърифий ва оилавий қадриятларини йўқотишга ундаш йўли билан жамиятда зўравонлик ва радикал қарашларни тарқатиш орқали жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлаётганига Президентимиз алоҳида урғу бериб, бундай вазиятда жамиятимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш, конфессиялараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда бағрикенглик маданиятини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.
Президентимиз миллатимиз зиёлиларидан янада фаол бўлишга, жамиятда бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишда намоён бўлишига нисбатан муросасизлик муҳитини яратишда, бузғунчи мафкураларга қарши иммунитетни шакллантиришда, ҳуқуқий саводхонлик ва ижтимоий жавобгарлик ҳиссини оширишда, тинчлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда янада фаол бўлишга, ўзларининг маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак кўрсатишга чақирди.
Миллий тил авлодларни бир-бири билан боғлаб турадиган силсиладир, бу силсилани узиш ўз илдизига болта уриш билан баробар ҳисобланади. Миллий тил йўқликка маҳкум этилдими, миллатнинг маънавий пойдеворига дарз кетади, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий робита йўқолади. Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи, энг муҳими мустақиллик белгисидир. Буни чуқур англаган Президентимиз ўз фаолиятининг дастлабки дамларидан ўзбек тилининг равнақига алоҳида эътибор қаратди, унинг нуфузини ошириш бўйича амалий ишлар бошланди. Унинг мантиқий давоми сифатида мазкур йиғилишда ҳам ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Қувонарлиси шуки, “ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳларга ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши каби таклифларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ёшларимизда фахр ва ифтихор туйғусининг янада ривожланишига, ўзбек тилимизнинг қадр қимматининг ошишига, ҳайбатининг юксалишига, унинг жаҳон тиллари ўртасида нуфузи ва обрўси ошишига хизмат қилади.
Соғлом, билимли, маданиятли ёшлар мамлакат тараққиёти ва келажагини белгилаб берувчи ҳамда жамиятда ижобий ўзгаришларни амалга оширишда ҳаракатлантирувчи кучдир. Ўз навбатида ўсиб келаётган авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол шахс этиб тарбиялаш эса таълим соҳасида олиб борилаётган бугунги ислоҳотларнинг натижасига боғлиқ. Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини эса давлатимиз раҳбарининг қуйидаги сўзлари ифодалайди: “Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу — илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ”.
Дониёр Ғафуров,
Бухоро муҳандислик -технология институти
ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар
бўйича биринчи проректори.
ЎзА