Маънавий юксалиш – учинчи рeнeссанснинг мустаҳкам пойдeвори
Ақл ила олам юзин обод қил, Хулқ ила олам элини шод қил.
Буюк бобомиз Алишер Навоий бу боқий байтларда олам юзи ақл-идрок, уйғоқ қалб, бунёдкор руҳ билан обод бўлиши, олам эли эса яхши хулқ, юксак инсоний фазилатлар, маънавий қадриятлар асосида шоду хуррам яшаши мумкинлигини таъкидламоқда.
Улуғ мутафаккир сизу бизга хитоб қилиб, «Сиз шундай жамият барпо этингки, унда ақлу идрок Ватан юзини обод қилувчи, хулқу тарбия жамият аҳлига ҳамжихатлик асосида шоду хуррамлик бахш этувчи кучга айлансин», деяётгандай.
Давлатимиз раҳбарининг “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир” деган сўзлари моҳиятидаги уйғониш нафаси Ҳазрат Навоий даъватларига моҳиятан уйғун бўлиб,Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга азму шижоат билан киришган халқимиз учун тарбия, яхши хулқ, ақл-идрок, билим, маънавият нақадар тенгсиз қудрат ва руҳий манба эканлигини яна бир бор англатди. Демак, юксак маънавият билан жамият ҳаётининг танаси бўлган иқтисодиёт вужудига жон, руҳ киради, унга тириклик, тенгсиз яратувчи қудрат бахш этилади.
Негаки, маънавият ва маърифат барча замонларда тенгсиз қудрат, бахт-саодат, тинчлик, бунёдкорлик, ҳамжиҳатлик мезони, руҳий покланиш ва қалбни юксалтирувчи неъмат бўлиб келган. Чунки у миллатни, халқни, демакки, инсонларни юксак фазилатлар, камолотга йўлловчи ахлоқий мезонлар асосида яшашга, худбинлик, ғафлат асирига айланмай ҳамиша яхшилик йўлида бедор бўлишга, бу оламни обод қилишга, гўзалликка буркашга чорлаган. Лекин бугунги кунда минг йиллар давомида сайқалланиб, бойиб, ривожланиб келган юксак маънавиятимиз, боқий қадриятларимиз, ахлоқий фазилатларимизга соя солаётган, умид гулшанларимиз бўлган азиз фарзандларимиз маънавий- руҳий дунёсини издан чиқаришга қаратилган таҳдидларни кўриб ташвишларимиз ортиб бормоқда. Таъбир жоиз бўлса, эзгулик ва ёвузлик, бунёдкор ва вайронкор кучлар, ғоялар ўртасидаги кураш тобора ошкора намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари Бирлашган миллатлар ташкилотининг юксак минбаридан туриб айтган «Жаҳолатга қарши маърифат» билан курашиш ғояси дунёвий аҳамият касб этмоқда.
Хўш, ёвузлик, инсонлар қалбига худбинлик, ахлоқсиз, бузғунлик уруғини сепувчи ёвузлик, жаҳолат қачон маҳв этилади? Эзгулик, маърифат нимадан куч олади? Албатта, аввало эзгу ниятдан, эзгу сўздан, эзгу амалдан, покиза ва улуғ мақсадлар йўлидаги миллий ҳамжиҳатликдан. Аждодлар тажрибасидан аёнки, қайсики юрт ўз халқи қудратини жамлаб умумхалқ муроду мақсадига элтувчи йўлга бошлай олса, миллат салоҳиятини тўғри йўналтира олса, у давлатнинг мавқеи, ишонч манбаи, тенгсиз бунёдкор кучга айланади.
Жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорлик умуммиллий ҳаракатга айланади
Куни кеча матбуотда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» қарорлари Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда юксак маънавият мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши учун барча ташкилий-ҳуқуқий, молиявий манбаларни белгилаб берганлиги, яхлит мустаҳкам узлуксиз тизимга асос солганлиги билан муҳим тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Эндиликда, «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда таъкидланганидек, халқимиз, айниқса, ёшларни жаҳолат соясини солиш учун тинимсиз чираниб ётган маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишларини янги талаблар асосида йўлга қўйиш, бу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги мустаҳкамлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаради.
Мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида Ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича ягона тизим яратилади. Ана шу асосда, эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали, жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорлик умуммиллий ҳаракатга айлантирилади.
Оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизими жорий қилинади.
Эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданияти ошади, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитети кучайтирилади. Маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарғиботи устуворлиги таъминланади.
Геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш соҳасида ҳам муҳим вазифалар амалга оширилади.
Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек, мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида “oyina.uz” электрон портали ташкил этилади.
Фазилатли инсонлар қалбида шаклланган илм яхшиликка хизмат қилади
Эзгу фазилатлар нафақат қалб олами мунаввар, маънавий бурчларига собит инсонлар, балки жамиятнинг ҳам бебаҳо бойлиги ҳисобланади.
Маънавий-маърифий жараёнларни илмий тадқиқ қилиш, ижтимоий-маънавий муҳитни прогнозлаш,тарғибот жараёнларини методик таъминлаш, бу борада илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган олимлар, хусусан, ёш олимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳа ходимлари малакасини ошириш, мақсадли сотсилогик сўровлар олиб бориш, халқаро тажрибани ўрганиш, барча тарғибот ишларини илмий асосда ташкил этиш мақсадида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилади.
Мазкур қарор орқали Марказ ва унинг ҳудудий бўлим ҳамда бўлинмаларининг қўшимча штатлар билан кенгайтирилган янги тизимининг тасдиқланиши соҳага етук олимлар, ёш ватанпарвар илмий ходимлар, фаол ижодкор зиёлиларни жалб этиш имкониятини яратади.
Мамлакатимиздаги барча мактабларда шоир ва ёзувчи, журналист, олимларни жалб қилган ҳолда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимининг жорий қилиниши туфайли таълим масканларидаги миллионлаб ўқувчилар қалбига «Ватанпарварлик сабоғи»ни сингдириб борадиган янги маънавий-ижодий руҳ кириб боради.
Давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъий назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозимининг киритилиши олий таълим тизимида маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтаради. Ушбу қарор билан халқона қилиб айтганда мамлакатимиздаги барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканларини ташкил этишга оқ фотиҳа берилмоқда.
Қарорда соҳа учун кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган. 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида «Маънавиятшунослик», магистратура босқичида «Касбий маънавият» фанлари киритилиши ҳамда магистратура таълим босқичида “PR-менежер» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишининг йўлга қўйилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Айниқса, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар йўналишида илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни шакллантириш, уларни молиялаштириш масалаларининг тизимли йўлга қўйилганлиги кўплаб илмий ечим ва хулосаларнинг амалиётга жорий этилишига хизмат қилади.
Маънавият ривожига ажратилган сармоя миллий тараққиётга мадад
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларни кенг тарғиб қилиш, бадиий ижод ва китобхонлик маданиятини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида "Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида" қарорининг қабул қилиниши ҳам мамлакатимизда биринчи марта маънавий-маърифий соҳадаги иқтисодий масалаларни ҳал этиб, унинг молиявий асосларини мустаҳкамлаб қўймоқда.
«Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси» асосида барча таълим муассасалари учун методик қўлланма, услубий тавсиялар, маънавий-ахлоқий тарбия назарияси ва методикасини бойитишга қаратилган илмий-амалий адабиётлар яратиш бугунги кунинг муҳим талабларидан ҳисобланади. Соҳага «Рақамли тарғибот» тизимини жорий қилиш мақсадида IT-парклар, инновацион марказлар билан ҳамкорликда мобил иловалар, компьютер ўйинлари, анимацион маҳсулотлар тайёрлаш ҳам бугунги кунда ёшлар билан маънавий-тарбиявий асосда мулоқотга киришишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Маънавий-маърифий соҳани, адабиёт ва китобхонликни ҳар томонлама ривожлантириш, бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳалар, китоб, рисола ва мақолалар, тадбирлар сценарийларини яратиш бўйича ижтимоий буюртмаларни шакллантириш ҳамда бу ишларга жалб этилган олим ва мутахассисларни моддий рағбатлантириш масаласи ҳам қарор билан ечимини топган.
Ушбу қарор билан халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг муносиб намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этиш, бадиий асарлар муаллифларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш каби қатор вазифаларни амалга оширишнинг ҳам молиявий асослари яратилди.
Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди
Маънавиятнинг асосида аввало тарбия ётади. "Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди", дейди донишмандлар. Тарбия мукаммаллик касб этиши учун эса бу масалада бўшлиққа йўл қўйиб бўлмайди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётгани ҳаммамизга маълум. Кўплаб болаларимиз китоб, интернет орқали замонавий билимларни эгалламоқда, шу билан бирга қанчадан-қанча ёшлар китобдан узоқлашиб, қимматли вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда.
Биз йиллар давомида қайта-қайта инсон қалби ва руҳини издан чиқаришга қаратилган мафкуравий таҳдидлар, ахборот хуружлари авж олган таҳликали бир даврда яшаяпмиз, деган фикрни айтиб келдик. Аммо бугун дунёда содир бўлаётган мафкуравий жараёнлар ҳар қачонгидан ҳам кўра таҳликалироқ тус олмоқда. Қуёш оламга эзгулик нурини сочади, афсуски ундан яхшиликка хизмат қилувчи дов-дарахтлар, гулу райҳонлар билан билан бирга бадбўй алафу, тиконлар ҳам нур олади. Бугун мамлакатимизда яратиб берилган ошкоралик, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигини суиистеъмол қилиб ўз аждодлари қолдирган юксак маънавиятга беписанд қарайдиган, уни эскилик сарқити сифатида камситадиган, инсон тилга олишга ҳам номус қиладиган «эркинликлар»ни рўкач қилган ҳолда одамийлик мулки, инсоний ахлоқ чегарасидан чиқиб тубанлик ботқоғига ботаётган «ақлли» тоифалар ҳам пайдо бўлмоқда. Улар дину диёнат, ҳалоллик, поклик, юксак ахлоқ асосидаги маънавиятга «оқ» бўлганлари етмагандай, унга маломат тошларини ҳам отишмоқда.
Ана шундай айрим одамлар руҳиятига таъсир қиладиган «кўринмас нусхалар» интернет олами, ижтимоий тармоқлар орқали юбораётган «қўшқанот» хабарлар, ноинсоний даъватлар, иймон либосига ўралган иймонсиз қарашлар ошиб-тошиб кетаётган айни шароитда бундай касалларга инсоний таъсир этиш, улар қалбига маънавий кўприк солиш осон эмас. Ана шуларни ўйлаганда «саодатни» «фалокатга» айлантираётган маънавиятсизлик олами ичра «фалокатни» «саодатга» айлантирадиган маънавият чироғини ёқиш, анчадан буён юраги гул ва нур кўрмаган қалбларга одамийлик туйғуларини жо этиш қанчалар муҳим иш эканлигини англаймиз. Ана шундай Ватанни севувчи, унинг дарди, орзу-умидлари билан яшовчи ёшлар қалбига жоҳиллик уруғларини сочиш оқибатида бир тоифа навқирон авлод вакиллари ижтимоий тармоқларда қора доғларни кўпроқ кўрадиган, буюк ўзгаришларга эса лоқайд қараб, ундан кўз юмадиган бўлиб қолмоқда. Лекин маънавият борасида қалби ахлоқ ва ватанпарварлик китобига айланган миллионлаб ота-оналаримиз, зукко ёшларимиз бор экан, уч-тўртта жаҳолат гирдобидаги адашганни маърифат билан йўлига солиш мумкин. Бу қарор шу борада ҳам бутун халқимиз учун келажак дастури бўлиб қолади.
Янгиланиш, юксалиш фаслига қадам қўйдик
Бу йилги баҳор ўзгача келди, уйғониш нафаси қисқа вақт ичида борлиққа яшнаш саодатини бахш этди. Дарахтлар шохларида куртаклар шивирлай бошлади, кўклам хушхабарчиси бойчечаклар тоғлар қўйнида қорлар бағрини ёриб чиқди. Бодомлар, эрта пишар ўриклар чаппар ўриб гуллади. Лекин бирдан эсган совуқ шамол, қор, дарахтларни ҳушёр торттирди... Бугун эса бирин-кетин гулга кираётган боғлар, тобора яхшиликка бурканаётган тоғу адирлар, сувларнинг жилдирашию, қушларнинг хамал симфониясидан уйғонган тоғ лолалари, борлиққа тенгсиз ифор сочаётган кўклам гиёҳлари, ялпизларни ҳидлаб баҳри дилинг очилади. Шуларни хаёлдан ўтказар эканман, Уйғониш-бу юксалиш сари қадам, мудроқликнинг бедорлик, яртувчанликка айланиши, шаҳду шижоат дегим келади. Ундан ташқари Уйғониш-бу кураш, баҳорий яшнаш йўлига қадам қўйган бўстонларга таҳдид солаётган аёзлару изғиринларга эзгулик, нур, ёруғлик, тенгсиз яшнаш саодати билан муносиб зарба бермоқ эканлигини ҳам англаймиз. Қачон баҳор аёз таҳдидларисиз келган, қачон очилмоққа шайланган куртаклар бошида изғиринлар совуқ қамчиларини силкитмаган, қачон? Лекин баҳор ҳамиша ғолиб, ҳамиша музаффар! Негаки, унинг борлиғига Уйғониш, яшнаш саодатини Яратганнинг ўзи солган. Баҳор-бу очилмоқ вақти. Қайдандир машҳур ҳофизнинг «Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар, дўстлар ғаниматдир, сайр этинг гулистонлар...» деган умидбахш қўшиғи таралади. Осмонда виж-виж қилиб ҳаво уммонида юзлаб қалдирғочлар парвоз қилади. Баҳорнинг илк даракчи қушлари келдими, энди аёзларга ўрин йўқ.
Ўзбекистон деб аталмиш нурли бўстонимиз янгиланиш, юксалиш фаслига қадам қўйди. Янги Ўзбекистон бўлди! Бағри янги орзулар, эзгу мақсадларга тўлди. Унга одамийлик, эзгулик ғоялари куч бермоқда, яшнаш саодатини бахш этмоқда. Янги давр, янги миллий тараққиёт, ҳар биримизнинг қалбимизга уйғониш нафасини солмоқда. Янги тафаккур, янги авлод, миллий юксалишга элтадиган янги миллий стратегия, унга муносиб қадамлар шунинг нишоналари.
Учинчи уйғониш нафасини олиб келаётган юракнинг муроди
Давлатимиз раҳбари бу тарихий қарорлар билан бизни улуғ мақсадларга даъват этмоқда. Бу шунчаки даъват эмас, бу Учинчи уйғониш нафасини олиб келаётган юракнинг муроди, бу томирларимизда шивирлаб турган аждодлар муроди. Улуғ ишларга қодирмиз, юксак маънавият ва ахлоқ асосида, инсоний фазилатлар устувор бўлган, одамийлик, эзгулик мафкурасига асосланган буюк давлат, фаровон жамиятда яшашга лойиқ халқмиз.
Юксак маънавият қалбларимиздаги интилиш, орзу-умидларга куч бериб, улуғ мақсадлар йўлида янги бунёдкор тўлқинга айлантиради, ватанпарварлик туйғулари асосида янги умуммиллий ҳаракатга чорлайди. Дунёда қандай таҳликали ва суронли жараёнлар кечмасин, маънавият, миллий руҳ, эзгу ғоялар, истиқлол шукуҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлади.
Мазкур қарорлар маънавий юксалиш – Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини яратиш борасида ташланган улуғ қадам сифатида Ватанимиз тарихидаги ёрқин саҳифалардан бири бўлиб қолади.
Қарорни дил тўлқинланиб, ҳар бир сўз моҳиятидаги мақсадлар қамровини таҳлил этиб ўқирканмиз, беихтиёр, собиқ шўро тузумида емирилиб бораётган маънавий қадриятларимизни ўша замон чекловлари, сиёсий қатағонлардан юрак олдириб қўйган оталар, боболаримизнинг коса тагида ним коса тарзида тушунтиришга, англатишга уринганлари ёдга тушади. Назаримда, бугун уларнинг руҳлари ҳам шод, чунки авлодлари тақдирида йиллар давомида юзи жаҳолат, эътиборсизлик, миллатчилик, адолатсизлик, ўзликдан мосуволик булутлари билан сояланган, беркитилган маънавиятимиз қуёши ҳаётимизга, қалбларимизга нур сочиши учун кенг имконият, ижтимоий муҳит яратилмоқда.
Бу қарорлар, айтиш мумкинки, миллионлаб ёшларимизга аждодларимиздан авлодларга мерос бўлган энг бебаҳо, ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайдиган, наслларимиз асрлар оша кўксини баланд тутиб «Мен – Ўзбекистон фарзандиман!» дея дунё мамлакатлари орасида ўз ҳаёт тарзи ва тараққиёти билан тенг ва мағрур яшашлари учун замин бўладиган маънавий баркамолликка эришиш йўлларини кенг очади.
Маънавият, унинг асоси бўлган юксак ахлоқ, руҳий поклик, қалбан уйғоқлик, бедор виждон, мустаҳкам иймон баҳор нафасига ўхшайди. У шаклланиб, ривожланиб бораркан ўз йўлида қанча гуллаш фаслларини кўрди, аёзларнинг таъқибу таҳдидларини бошдан ўтказди. Унинг фарахбаш нафаси таъсири қанчалар мавжуд бўлса, афсуски унга қарши совуқ еллар ҳам шунчалар мавжуддир. Шу боис ҳам у ҳамиша, ҳар бир даврда бу синову таҳдидлардан кучли бўлиб, қудратга тўлиб ўтади. Негаки, унга давру давронларга уйғониш бахш этувчи соҳибдиллар эзгу амаллари бирла қувват бахш этади. Бошланаётган маънавият баҳори барчамизга муборак бўлсин!
Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази раҳбари