Маънавий юксалиш сари дадил қадам
Халқимизда қайсидир яхши киши ҳақида таъриф бериладиган бўлса, «бамаъни одам» деган иборани қўллаш одатга айланган. Бундан кўринадики, инсон касбу коридан, мансабу мартабасидан, ижтимоий-иқтисодий мавқеидан қатъи назар, ҳаётда унинг маънавий фазилатлари энг олий мақом касб этади. Бироқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бу юксак маънавий фазилатлар асрлар оша не-не таҳдидларга учрамади, дейсиз?!
Узоққа бормайлик, яқин юз йиллик тарихимизга бир назар солайлик: етмиш йил бизни тилимиздан, қадриятларимиздан, миллий ғуруримиздан, ўзлигимиздан жудо қилмоқчи бўлишди. Миллий ва давлат мустақиллигига эришиш туфайлигина «Ўзбекистон» бўлиб яшаб қолганимиз ўзлигидан маҳрум бўлишга маҳкум этилган халқимизнинг мислсиз бахти бўлди. Топталган қадриятларимиз, йўқотилган урф-одатларимиз, қувғин қилинган миллий анъаналаримиз, камситилган тилимиз, «синдирилган» ғуруримиз қаддини ростлашига, қарангки, салкам ўттиз йилимизни сарфлабмиз.
Шукрки, жаҳонда ўз нуфузига эга давлат, ўз мақомига эга миллат бўлиб бўй кўрсатдик. Ўзлигини таниган миллат сифатида яшашга, нафақат яшашга, ҳар жиҳатдан юксалишга қодир эканлигимизни англаб етдик. Маънавий юксалиш борасида ўзининг дастуриламалини кутиб турган халқимиз учун Президентимизнинг жорий йил 26 март куни қабул қилинган «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари, аввало, бошланган ана шу хайрли ишларга янгича ёндашув ва натижадорликка асос бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжат миллатимиз маънавий ҳаётидаги туб бурилишларнинг дебочаси бўлиб хизмат қилади. Қувонарлиси шундаки, эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантирадиган маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишнинг яхлит тизими айнан шу қарорлар асосида яратилади.
Мазкур икки қарорнинг халқчиллиги шундаки, уларда эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган. Дарҳақиқат, санаб ўтилганларнинг барчаси маънавиятни заиф нуқтага айлантирувчи иллатлар ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас.
Қарор нафақат ушбу соҳа вакиллари учун, балки мамлакатимизнинг кекса-ёш ҳар бир фуқароси учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади. Зотан, миллий манфаатларимиз, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва маънавий таҳдидлар, айниқса, миллий қадриятларимиз, миллатимиз, халқимиз генофондига жиддий зарба беришга тайёр турган кучларга қарши курашишда барча бирдек огоҳ бўлиши ва уларнинг таъсирига тушиб қолишдан ҳимояланиши шарт. Бунинг учун эса жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантиришимиз, маънавий бўшлиқ, маънавий кемтикликка барҳам бериш, барчани «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси остида бирлаштиришимиз зарур.
Бунда оила, таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг барча бўғинларида келажагимиз бўлмиш ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи, «оммавий маданият» таъсирида бўлган, ёшларни ғоявий жиҳатдан қарам этишга йўналтирилган ҳаракатларга қарши самарали кураш олиб боришимиз, бу йўлда ўз билим, тажриба ҳамда бутун куч-қудратимизни фидойилик билан ишга солиш вақти келди.
Қарорда бу борада ўзига хос илмий асосларни яратиш, бунинг учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш, шунингдек, ҳар бир умумтаълим муассасасида ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий қилиш масалалари ҳам белгиланган.
Демак, энди бизда маънавий-маърифий ишларни пухта билим, чуқур тажриба асосида ташкил этиш имконияти яратилади.
Бу, ўз-ўзидан, маънавий-маърифий тадбирлар самарадорлиги, яъни уларнинг таъсир кучини оширади, ёшларимизни муносиб авлод сифатида тарбиялаш жараёни янги куч ҳамда воситалар ҳисобига тўлади.Энг муҳими, мазкур икки қарор юртимизда маънавий-маърифий ишларни тамомила янгича йўсинда ташкил этишда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Марҳабо Пардаева,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати