Маънавий тарғиботнинг таъсирчан механизмлари
Самарқандда “Мустақилликнинг 35 йиллиги: миллий маънавий тараққиёт натижалари ва маърифат тарғиботининг илмий-методик масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Марказ қошидаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти, “Маърифат” тарғиботчилари жамияти ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маънавият ва маърифат тарғиботчилари, таниқли олимлар ва сиёсатшунослар, маданият ва санъат намоёндалари қатнашди.


Конференциянинг очилиш маросимида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллий маънавиятни юксалтириш, маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда бу борада илмий-методик ёндашувларни янада такомиллаштириш масалалари хусусида фикр юритдилар.

Анжуманда глобал таҳдидлар шароитида жамият барқарорлигини таъминлашнинг маънавий-маърифий механизмлари, Учинчи Ренессанснинг реал имкониятлари, маънавий тарғибот ишларини амалга оширишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ўзбек келаётир тарих қаъридан” номли видеофильм намойиш этилди. Фильмда халқимизнинг бой тарихи, миллий ўзлиги, маънавий мероси ва бугунги тараққиёт йўли ўзаро уйғунликда акс эттирилган.
Конференция қатнашчилари Ватанимиз мустақилликнинг 35 йиллик тарихини чуқур ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодга етказиш миллий ўзлик ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири