Маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар сарҳисоби
Андижон вилояти ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати, унинг туман, шаҳар тузилмалари томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар ва жорий йилдаги муҳим вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда маънавий-маърифий йўналишда, кадрлар билан таъминлаш, ходимларнинг сиёсий, жисмоний, жанговар тайёргарлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

– Бу борада эришган ютуқларимиз қаторида камчиликларимиз ҳам бор, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Жонибек Давронов. – Мақсадимиз камчиликларни бартараф этиш, тизимдаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада оширишдир. Ходимларимиз ана шу мақсад, қолаверса, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш йўлида астойдил иш олиб боради.

Йиғилишда ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, ўқитиш тизимини такомиллаштириш, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг розилигига эришиш, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида мазкур йўналишдаги муҳим вазифаларни изчил ва тизимли амалга ошириш юзасидан масъуллар ҳамда ходимларга зарур кўрсатма, тавсиялар берилди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири